УЧИГА ЧИҚҚАН ФИРИБГАР
Халқимизда ҳаммани алдаб, ухлатиб кетадиган кишиларга нисбатан “учига чиққан фирибгар” дея таъриф беришади. Бунақа устаси фаранглар илгари эркаклар ичида учраса, ҳозирда аёллар орасида ҳам учрашини эшитиб ёқангизни ушлайсиз.
Васила Набижонова (исм-шарифлар ўзгартирилган) муқаддам 29 маротаба жиноят содир қилган. Биз ҳикоя қилмоқчи бўлганимиз унинг 30-жинояти. Ҳаммасида кимнидир чув туширган, ниманидир ўғирлаган. Қонун тили билан айтганда бу аёл “хавфли рецедивист” деб топилган.
Васила 1986 йилда Наманган вилоятида туғилган, маълумоти ўрта махсус, 5 фарзанднинг онаси, ажрашган.
Жиноят ишлари бўйича Пасдарғом туман судининг 2024 йил 8 октябрдаги ҳукмига кўра судланган.
Охирги иккита эпизод билан боғлиқ жинояти пойтахт савдо мажмуларида содир этилган.
В. Набижонова хавфли рецидивист бўлгани ҳолда, 2023 йил 13 август куни тахминан соат 17.40 да алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини талон-торож қилиш мақсадида пойтахтдаги савдо мажмуасига бориб, телефон аппаратлари сотиш билан шуғулланувчи дўконга киради. Васила телефонларни бироз томоша қилиб туради. У сотувчидан “Samsung S22” телефон аппаратини кўрсатишни сўрайди. Сотувчи ёрдамчисига сўраётган телефон аппаратини мижозга кўрсатишни айтади. Васила телефонни у ёқ бу ёғини айлантириб кўргандай бўлади. Шундан сўнг телефонни қувватловчи USB симини кўрсатишни сўради. Уни ҳам ушлаб кўради. Вақт пойлаб телефонни қўлига оладию пулини тўламай жуфтакни ростлайди…
Сотувчилар ҳозиргина чиқиб кетган кишининг пулини тўламай телефон аппаратини олиб чиқиб кетишганини пайқаб, дўконга ўрнатилган видеокамерани орқага қайтариб кўришадики, аёл киши телефон аппаратини улар чалғиганидан фойдаланиб олиб кетганлиги маълум бўлди ва дарҳол 102 га хабар беришди. Судда маълум бўлишича, Васила олиб кетган телефон аппаратини “Малика” бозорига олиб бориб, нотаниш бўлган эркак кишига 250 АҚШ долларига сотиб юборади.
Васила орадан уч ой ўтиб 2023 йил 20 ноябрь куни пойтахтда иккинчи жиноятини амалга оширади. Тилла тақинчоқлар билан савдо қилувчи дўкон. Соат 15лар атрофи. Васила ўғли билан тилла растасига яқинлашди ва ўзида бўлган 30 грамлик тилласини сотмоқчилигини билдиради. Сотувчи тиллани ўлчаб кўриб бир грамини 410.000 сўмдан сотиб олишлигини айтади.Ва ўзи билан савдо қилувчи жиянига телефон қилиб тилла сотиш учун бир аёл ташриф буюрганини, 12 миллион 300 минг сўм пул олиб келишини айтади. Орадан бир оз вақт ўтиб жиян айтилган пулни олиб келади. Василани хийласини қарангки, пулларни санаб олиб, ташқарига чиқиб кетади, телефонда аллакимлар билан гаплашиб, бир фурсат ўтиб яна ўша дўкон сотувчиси олдида пайдо бўлади. Сотувчига юзланиб укаси пул топганини тилласини қайтариб беришини сўрайди. Наилож сотувчи тилла занжирни қайтариб беради. Шу пайт Васила яна ким биландир телефонда гаплашади, унга пул керак бўлиши мумкинлигини айтиб, сотувчига занжирни кўрсатиб пулни бера қолинг, тиллани сотаман, дея боя саналган 12 миллион 300 минг сўмни олиб, тезда чиқиб кетади.
Бу орада сотувчининг жияни холасидан мижоз нимага дўконга қайтиб кирганини сўрайди. Холаси бўлган воқеани айтиб беради. Жиян холасидан тиллани кўрсатишини сўрайди. Кўришдики, мижоз сотувчига тилла деб бошқа сохта занжирни бериб кетган экан. Уни грамини ўлчаб кўришганида 30 эмас, 25 грамм чиқади. Сотувчи 12 миллион сўм пулидан ва ҳақиқий тилла занжирдан айрилган эди. Шу воқеадан сўнг улар ҳам ички ишларга мурожаат қилишдан бошқа иложлари қолмади.
Судланувчи В.Набижонованинг айби қисман иқрорлик билдириб берган кўрсатувларидан ташқари жабрланувчилар кўрсатувлари, юзлаштириш баённомалари, нарсани қабул қилиб олиш ва кўздан кечириш баённомаси, экспертиза хулосаси, ашёвий далил деб эътироф этиш қарори ҳамда бошқа объектив далиллар йиғиндиси билан ўз тасдиғини тўлиқ топади.
Суд судланувчини Жиноят кодекси 168-моддаси 3-қисмининг “б” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топиб, унга шу модда билан Жиноят кодекси 57, 59, 61-моддаларига асосан жиноятлар мажмуи бўйича мазкур ҳукм билан тайинланган жазога жиноят ишлари бўйича Пастдарғом туман судининг 2024 йил 8 октябрдаги ҳукми билан тайинланган жазоларни қўшиш йўли билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 баравари миқдорида, яъни 68.000.000 сўм жарима ва 5 йил 11 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.
Фарҳод Ҳикматуллаев,
Жиноят ишлари бўйича Сирғали тумани суди раиси