УЙДА ҲЕЧ КИМ ЯШАМАСА ҲАМ КОММУНАЛ УЧУН ПУЛ ТЎЛАНАДИМИ?
— Бир дўстим иморат солганди. Икки йилдан бери ҳовлида ҳеч ким яшамайди. Лекин чиқинди ва сувдан қарздорлик ҳақида қоғоз келган. Шундай бўлиши мумкинми?
Исми сир тутилди
Абдуқодир РАЖАБОВ, фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди судьяси:
— Уй-жой кодексининг 133-моддасига кўра, коммунал хизматлар учун мажбурий тўловлар совуқ ва иссиқ сув таъминоти, сувни чиқариб юбориш (канализация), электр таъминоти, газ таъминоти, иситиш (иссиқлик таъминоти), қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиш учун тўланадиган тўловлардан иборатдир.
Давлат ва хусусий уй-жой фондларидаги жойларнинг мулкдорлари, ижарага олувчилари ўзларига кўрсатиладиган коммунал хизматлар учун қонунчиликка ва коммунал хизматлар кўрсатувчи корхоналар (ижрочилар) билан тузилган шартномаларга мувофиқ мажбурий тўловлар тўлайди.
Уй-жой объектининг манзили бўйича доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган вояга етган жисмоний шахслар электр таъминоти, газ таъминоти, сув таъминоти ва сувни чиқариб юбориш (канализация) хизматлари кўрсатилганлиги учун ҳақ тўлаш бўйича мажбуриятлар юзасидан қонунчиликка ва коммунал хизматларни етказиб берувчи (бажарувчи) корхоналар билан тузилган шартномаларга мувофиқ солидар жавобгар бўлади.
Кўрсатиладиган коммунал хизматларнинг тарифлари ва мазкур хизматлар нормативлари қонунчиликка мувофиқ тасдиқланади.
Коммунал хизматлар кўрсатиш қоидалари Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Кодекснинг мазкур талабига кўра, ҳар бир мулкдор ўзига кўрсатиладиган коммунал хизматлардан шу жумладан мурожаатинигизда келтирилган чиқинди ва сувдан фойдаланишда тегишли коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилотлар билан белгиланган муддатда шартнома тузиши лозим бўлади.
Шунингдек, коммунал хизматлар кўрсатиш қоидалари Вазирлар Маҳкамаси 2014 йил 15 июлдаги “Коммунал хизматлар кўрсатиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 194-сонли қарори билан тартибга солинган.
Мазкур қарор билан “Кўп квартирали уйларда иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатиш қоидалари” ҳамда “Истеъмолчиларга сув таъминоти ва сув чиқариш хизматлари кўрсатиш қоидалари” тасдиқланган ва бу қоидалар мазкур коммунал хизматлар ва истеъмолчилар ўртасидаги ўзаро муносабатларни тартибга солади, уларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарликларини, улар ўртасида шартномалар тузиш ва сифатини назорат қилиш тартибини белгилайди.
Юқоридагиларга кўра, сиз агарда коммунал хизматлардан шартномада ва юқорида қайд этилган қоидалар билан белгиланган тартибдан ташқари қарздорлик ундириш ҳолати бор деб ҳисобласангиз судга умумий тартибда даъво ариза билан мурожаат қилишингиз мумкин.