“ТЎЛОВГА ҚОБИЛИЯТСИЗЛИК ТЎҒРИСИДА”ГИ ҚОНУН КУЧГА КИРДИ
Сўнгги йилларда юртимизда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш бўйича қонунчиликни соддалаштириш мақсадида соҳага оид қатор норматив ҳужжатлар танқидий қайта кўриб чиқилди. Бу жараёнда эскирган, замон талабига жавоб бермайдиган бюрократик тўсиқ ва ғовлар бекор қилинди.
Натижада мамлакатимизда ишбилармонлик муҳити яхшиланди, тадбиркорлик субъектлари ва хусусий инвесторлар учун кенг имкониятлар яратилди. Бундай ижобий ўзгаришлар нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан ҳам кенг эътироф этилмоқда.
Жорий йилнинг 12 апрель куни қабул қилинган “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги қонун соҳадаги изчил ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди. Қонун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 20 ноябрдаги қарори билан тасдиқланган тегишли “Йўл харитаси”, Ҳаракатлар стратегиясининг “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури ижроси доирасида ишлаб чиқилган.
Қонунни қабул қилишнинг бугунги кундаги зарурияти шундаки, иқтисодий ночор корхоналар ва тадбиркорлик субъектларини молиявий инқироз ҳолатидан олиб чиқиш, улар фаолиятини қайта тиклаш ҳамда соғломлаштириш масалаларида амалдаги қонунчилик нормалари ва жорий тартиблар етарлича самара бермаётганди.
Ўз навбатида, мазкур амалиёт натижалари Жаҳон банкининг “Бизнес юритиш” бўйича рейтингида мамлакатимизнинг муносиб ўрин эгаллашига бир қатор омиллар сабаб ўз салбий таъсирини кўрсатмоқда эди.
Жумладан, амалдаги “Банкротлик тўғрисида”ги қонуннинг “банкротлик” атамаси билан номланиши иқтисодий ночор корхоналарни банкрот деб топиш ва уларни тугатиш билан боғлиқ тушунчани англатарди.
Банкротликнинг соғломлаштириш таомиллари, хусусан, суд санацияси ва ташқи бошқарув таомиллари қўлланишини рағбатлантирувчи самарали нормалар мавжуд эмасди.
Шунингдек, кредиторларнинг қарзлари қопланиш даражаси пастлиги ва банкротлик жараёнлари муддати узоқ давом этиши оқибатида кўп харажат сарф бўлиши ҳамда қарздор тузган битимларни бажаришдан бош тортиш ҳамда уни ҳақиқий эмас деб топиш бўйича аниқ нормалар йўқ эди.
Бундан ташқари, амалиётда мол-мулки етмасдан қопланмай қолган қарз маблағларини қарздорнинг мансабдор шахсларидан субсидиар ёки солидар тартибда ундириш тартиблари белгиланмаганди. Суд бошқарувчиларининг ҳақ-ҳуқуқлари, мажбуриятлари аниқ белгиланган бўлса ҳам, уларнинг ваколатлари етарли даражада эмасди. Уларга иш ҳақи ва мукофот пулларини бериш кафолатланмаганди.
Шу маънода, “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги қонун “Банкротлик тўғрисида”ги қонун негизида ишлаб чиқилди. Мазкур қонун билан вақтинча тўловга ва доимий тўловга қобилиятсизлик муддатлари аниқ кўрсатилди.
Тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги иш суд томонидан кўриб чиқилади.
Тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги иш қарздор ва кредитор судга мурожаат этиш ҳуқуқига эга бўлган шахснинг (органнинг) аризаси асосида қарздор юридик шахс давлат рўйхатидан ўтган жойдаги, шунингдек, қарздор жисмоний шахс ва (ёки) якка тартибдаги тадбиркорнинг яшаш жойидаги суд томонидан кўриб чиқилади.
Қарздорнинг тўловга қобилиятсизлиги тўғрисидаги ишлар Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексида назарда тутилган қоидалар бўйича суд томонидан кўриб чиқилади.
Шунингдек, қарздор пул мажбуриятларини бажармаганлиги муносабати билан унга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги ариза билан судга мурожаат этиш ҳуқуқига қарздорнинг ўзи ва кредитор эга.
Тўловга қобилиятсизлик аломатлари аниқланган тақдирда давлат солиқ хизмати, давлат статистика органлари ваколатли давлат органига устав фондида (устав капиталида) давлат улуши бўлган корхоналар ҳақидаги маълумотларни тақдим этиши шарт.
Тўловга қобилиятсизлик тартиб-таомиллари қўлланилаётганда барча кредиторларнинг манфаатларини кредиторлар йиғилиши ёки кредиторлар қўмитаси ҳимоя қилади.
Суд қарздорга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги аризани иш юритишга қабул қилиб олган кундан эътиборан кредиторлар қарздорга ўз талабларини якка тартибда қаноатлантириш мақсадида мурожаат қилишга ҳақли эмас.
Қонун билан суд бошқарувчиларининг ҳуқуқий мақоми аниқ белгилаб берилди. Унга кўра, олий маълумотга ҳамда камида икки йиллик иш стажига эга бўлган, шунингдек, ваколатли давлат органида аттестациядан ўтган шахслар суд бошқарувчилари этиб тайинланиши мумкин.
Фуқаролик ва иқтисодий суд ишларини юритишга ихтисослашуви бўйича лицензияга эга бўлган адвокатларга ҳам тўловга қобилиятсизлик таомилларини ўтказиш ҳуқуқи берилди.
Қонуннинг яна бир ўзига хос жиҳати: эндиликда ушбу қонун билан жисмоний шахсларни ҳам банкрот деб топиш мумкин. Илгари қонунчиликда бундай тартиб-таомиллар назарда тутилмаган.
Жисмоний шахсга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақида судга ариза берган аризачи томонидан молиявий бошқарувчига ҳақ тўлаш учун суднинг депозит ҳисоб варағига меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг етти баравари миқдорида олдиндан пул маблағлари ўтказилади.
Тўловга қобилиятсизликнинг соддалаштирилган тартиби қўлланилганда, агар қарздор билан бошқача келишув белгиланган бўлмаса, суд бошқарувчисига ҳақ тўлаш харажатларининг ўрни қарздорга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақида ариза берган аризачи томонидан қопланади.
Бунда суд бошқарувчисига ҳақ тўлаш учун суднинг депозит ҳисоб варағига меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг етти баравари миқдорида олдиндан тўлов амалга оширилади. Суд бошқарувчисига ҳақ ҳар бир якунланган иши учун тўланади.
Қарздорни давлат томонидан ёрдам кўрсатган ҳолда судгача санация қилиш 12 ойдан 24 ойгача муддатга жорий этилади. Давлат томонидан ёрдам кўрсатган ҳолда судгача санация қилиш тартиб-таомили унинг самарасизлиги аниқланганлиги муносабати билан бекор қилиниши мумкин.
Тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги иш суд мажлисида қарздорнинг тўловга қобилиятсизлиги тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги ариза иш юритишга қабул қилинганлиги тўғрисида ажрим чиқарилган кундан эътиборан икки ойдан ортиқ бўлмаган муддатда кўриб чиқилиши керак.
Тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишни кўриш алоҳида ҳолларда бир ойдан ошмаган муддатга узайтирилиши мумкин.
Тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги иш бўйича суд ҳужжатлари дарҳол ижро этилиши лозим.
Қонунга қарздорни бошқарувчи шахсларнинг ғайриқонуний ҳаракатлари оқибатида кредиторларнинг талаблари тўлиқ қопланишини имконсиз қилиб қўйган шaxслар қaрздoрнинг қопланмай қолган мaжбуриятлaри бўйичa суд қарорига асосан субсидиар жaвoбгaр бўлиши қоидаси киритилди.
Улуш киритиш асосида қурилган уй-жойларни харид қилган мулкдорлар ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш мақсадида қурувчиларни тўловга қобилиятсиз, деб топишнинг алоҳида тартиби ишлаб чиқилди.
Суднинг жисмоний шахс қарзини таркибий жиҳатдан ўзгартириш режасини тасдиқлаш тўғрисидаги ажрими ёки жисмоний шахсни банкрот деб топиш ва унинг мол-мулкини сотиш тартиб-таомилини бошлаш тўғрисидаги қарори чиқарилгунига қадар ундирувни гаровга қўйилган мол-мулкка қаратишга йўл қўйилмайди.
Жисмоний шахснинг мулкий ҳoлaти яxшилaнгaн тaқдирдa, крeдитoрлaр йиғилиши жисмоний шахснинг қaрзини таркибий жиҳатдан ўзгартириш рeжaсигa ўзгaртишлар киритиш тўғрисидaги илтимоснома билaн судгa мурoжaaт қилишгa ҳaқли.
Қонун билан суд бошқарувчисининг ҳуқуқлари кенгайтирилди.
Жумладан, Давлат хизматлари агентлиги орқали кўрсатиладиган хизматлардан олдиндан тўловларни амалга оширмасдан фойдаланиш, давлат органларидан қарздор фаолияти бўйича маълумотларни бепул олиш, мулки бўлмаган корхоналарни тугатишда суд бошқарувчисига ҳақ тўлаш каби янги тартиблар белгиланди.
Ушбу қонун кучга кириши билан 1994 йил 5 майдаги «Банкротлик тўғрисида»ги қонун ўз кучини йўқотди.
Хулоса қилиб айтганда, мазкур қонун Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг “Бизнес юритиш” йиллик ҳисоботида Ўзбекистон рейтингини янада яхшилашга ҳамда хорижий инвесторларни жалб қилишда тадбиркорлик муҳити жозибадорлиги ошишига хизмат қилади.
Отабек МИРЗАЕВ,
Тошкент туманлараро иқтисодий суди судьяси
(“ADOLAT” газетаси, 2022 йил 29 апрель)