ТЎЛАНМАЙ ҚОЛГАН АЛИМЕНТ ҚАРЗДОРЛИК ОШГАН НАРХДА ТЎЛАНАДИМИ?

— Икки нафар боламга республикадаги ўртача иш ҳақидан алимент тўлайман. Ўтган йили 7 ой алимент беролмадим. Энди қарзимни ошган нархда тўлайманми ёки аввалги нархидами?

Исми сир тутилди.

Алимджан Кариев, фуқаролик ишлари бўйича М. Улуғбек туманлараро суди судьяси:


— Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ, ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбур эканлиги, ота-онанинг вояга етмаган болаларига, шунингдек, вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига таъминот бериши шартлиги белгиланган.


Алимент тўлаши шарт бўлган ота-онанинг иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромади доимо бир хилда бўлмай, ўзгариб турса ёхуд даромадининг бир қисмини натура тарзида оладиган бўлса, шунингдек даромаддан улуш тарзида алимент ундириш имконияти бўлмаса ёинки ота-она расман белгиланган иш ҳақи ёки даромадга эга бўлмаса, вояга етмаган болаларнинг таъминоти учун тўланиши лозим бўлган алимент миқдори ҳар ойда пул билан тўланадиган қатъий суммада белгиланиши мумкин.


Ҳар бир бола учун ундириладиган алимент миқдори қонунчилик билан белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 26,5 фоизидан кам бўлмаслиги керак.


Алимент тўлаш ҳақидаги суд қарорларини ижросини таъминлаш қонун билан Мажбурий ижро бюроси зиммасига юклатилган.
Алимент қарзи алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадидан ундирилади.


Иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромад етарли бўлмаганда, алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг банклар ва бошқа кредит ташкилотларидаги ҳисобварақаларида турган пул маблағларидан ундирилади, мулк ҳуқуқининг ўтишига олиб келувчи шартномалар бундан мустасно. Бу маблағ етарли бўлмаганда ундириш алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг қонун бўйича ундириш қаратилиши мумкин бўлган ҳар қандай мол-мулкига қаратилади.


Алимент тўлаш тўғрисидаги келишув ёки ижро варақаси асосида ўтган даврдаги алимент қарзи ижро варақаси ёки алимент тўлаш тўғрисидаги келишув алимент ундириш учун тақдим қилингунига қадар ўтган уч йилдан ортиқ бўлмаган муддат учун ундирилади.


Агар алимент алимент тўлаш шарт бўлган шахснинг айби билан ундирилмаган бўлса, алиментлар уч йиллик муддатдан қатъий назар, ўтган барча вақт учун ундирилади.


Қайд этилган Кодекснинг 140, 144-моддаларига асосан алимент қарзининг миқдори давлат ижрочиси томонидан суднинг ҳал қилув қарори ёки алимент тўлаш тўғрисидаги нотариал тартибда тасдиқланган келишувда белгиланган алимент миқдоридан келиб чиққан ҳолда аниқланади.


Суднинг ҳал қилув қарорига асосан пул билан тўланадиган қатъий суммада ундирилаётган алиментларни индексация қилиш алиментлар ушлаб қолинаётган жойда қонунчилик билан белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига мутаносиб равишда амалга оширилади.


Шундан келиб чиқиб, агар сиздан фарзандларингизнинг таъминоти учун алимент республикада белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига мутаносиб равишда ҳисобланиб ундирилаётган бўлса, қарздорлик юзага келган давр мобайнида меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори ўзгарган тақдирда тўланмаган алимент бўйича қарздорлик индексация қилинган ҳолда ундирилади.