ТОШКЕНТ ШАҲАР СУДЛАРИ ТОМОНИДАН МУРОЖААТЛАР ЖОЙИДА ИЖОБИЙ ҲАЛ ЭТИЛЯПТИ

Хабарингиз бор, Тошкент шаҳар суди раиси Эркин Ходжакулов, Тошкент шаҳар маъмурий суди раиси Улуғбек Алмамедов томонидан мунтазам равишда сайёр қабуллар ўтказиш анъанага айланган.

Жорий йил бошидан буён ҳуқуқий жиҳатдан кўмакка муҳтож бўлган фуқароларнинг мурожаатларига қулоқ тутиш мақсадида Юнусобод, Яшнобод,  Мирзо Улуғбек туманларида сайёр қабуллар ўтказилди. Галдаги сайёр қабул эса Бектемир туман аҳолиси учун бўлиб ўтди.

Тумандаги “Роҳат” маҳалла фуқаролар йиғини биносида ўтган сайёр қабулда Тошкент шаҳар суди раиси Эркин Ходжакулов, Тошкент шаҳар суди раиси ўринбосарлари Шуҳрат Аббасов, Акбарали Турабов, Ибрагим Алимов ҳамда Тошкент шаҳар маъмурий суди раиси Улуғбек Алмамедов, жиноят ишлари бўйича Бектемир туман суди раиси Эльза Шамсутдинова, туман ва туманлараро судлари раислари, судьялари фуқароларнинг мурожаатларини қабул қилишди.

Сайёр қабулда жами 37 нафар фуқаролар қабул қилинди. Қабул қилинган фуқароларнинг 18 нафари жиноят ишлари бўйича, 18 нафари фуқаролик ишлар бўйича, 1 нафари иқтисодий ишлар бўйича судларга оид мурожаатларни ташкил этади. Шундан 26 нафар фуқаронинг оғзаки мурожаати, 11 нафар фуқаронинг ёзма мурожаатлари қабул қилинди.

 

Масъуллар жами 37 та мурожаатлардан 26 таси бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. 11 та мурожаат жойида ижобий ҳал этилиб, мурожатлар қаноатлантирилди.

Шунингдек, сайёр қабул доирасида сайёр суд ҳам бўлиб ўтди. Жиноят ишлари бўйича Бектемир туман суди томонидан 5 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан олдин озод қилинди.

 

Хусусан, “транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш” жиноятини содир қилган шахсга 1 йил муддатга муайян ҳуқуқдан, яъни транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда, иш ҳақининг 15 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 3 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланганди.

 

— Жазо муддатини ўташ учун масъулияти чекланган жамиятга ишга жойлашиб, ҳозирги кунга қадар жазо муддатини ўтаб келаётгандим. Шу давр ичида ўрнатилган тартиб-қоидаларга риоя этиб, яшаш ва иш жойларимдан ижобий тавсифланганман. Давлат фойдасига ўтказиладиган чегирма тўлиқ ўтказилиб келинган, – деди маҳкум.

— ИИББ Бектемир туман Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасининг тақдимномасида Жиноят кодексининг 73-моддаси 3-қисми “а” бандига асосан маҳкум иш жойидан ижобий тавсифланишини ҳамда тайинланган жазонинг 1/3 қисмидан кўпроғини ўтаганлиги сабабли ўталмай қолган 1 йил 11 ой 20 кун аҳлоқ тузатиш ишлари жазосидан шартли озод қилиш сўралган. Тақдимномани маҳкумга оид йиғма жилд ҳужжатлари билан биргаликда ўрганиб чиқиб, прокурор катта ёрдамчиси, туман ИИО Пробация гуруҳи МТБ испекторининг тақдимномани қаноатлантиришни сўраб, маҳкумга нисбатан жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш ҳақидаги тақдимномани қаноатлантиришни сўраб берган фикрини тинглаб, суд ажрим қилди. Унга кўра, Бектемир тумани ИИО ФМБ бошлиғининг тақдимномаси қаноатлантирилди. Маҳкум ўталмай қолган жазодан ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, – деди судья Умиджон Ҳакимов.