ТОШКЕНТ ШАҲАР СУДИДА 27 ИЮН – МАТБУОТ ВА ОММАВИЙ АХБОРОТ ВОСИТАЛАРИ ХОДИМЛАРИ КУНИ МУНОСАБАТИ БИЛАН ТАДБИР БЎЛИБ ЎТДИ.

Унда Тошкент шаҳар суди раҳбарлари, оммавий ахборот воситаларида фаол иштирок этиб бораётган судьялар, пойтахт судлари билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйган телеканал ва  радиоканал, газета, журнал ҳамда интернет нашрлари журналистлари иштирок этди.

 

Тошкент шаҳар суди раиси Э.Ходжакулов тадбирга таклиф этилган ОАВ ходимларини қутлар экан, ўз истеъдоди ва маҳорати, фидокорона меҳнати билан эл-юртимизга сидқидилдан хизмат қилиб келаётган соҳа вакилларини байрам билан қутлаб,  самимий тилакларини изҳор этди.

Бугунги глоболлашув жараёнида ҳаётимизни матбуот ва оммавий ахборот воситаларисиз тасаввур этиб бўлмайди.

Маълумот учун, мамлактимизда 2140 та ёки 2016 йилга нисбатан 626 та кўп оммавий ахборот воситаси фаолият юритмоқда. Уларнинг 65 фоизи нодавлат медиа воситалари экани соҳада таркибий ўзгаришлар изчил амалга оширилаётганидан далолат беради. Анъанавий нашрлар билан бирга интернет нашрлар ҳам жадал ривожланиб, уларнинг сони 745 тага етгани ва ўқувчилар оммасини тобора кўпроқ ўзига жалб этаётганини қайд этиш лозим.

Ҳозирда Тошкент шаҳар судлари фаолиятини ёритувчи ихтисослашган журналистлар гуруҳи ташкил этилгани қувонарли. Илгари фақат давлат каналларида инормацион дастурлар бўлса, бугунги кунда нодавлат телеканалларнинг деярли барчасида информацион дастурлар мавжуд. Бу телеканалларда судлар фаолияти кўпроқ ёритиб борилмоқда.

Тошкент шаҳар судлари матбуот хизмати жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари билан фаол ҳамкорлик қилиб келади.

Тадбирда сўзга чиққанлар журналист касбининг машаққати, судлар фаолиятини ёритишнинг ўзига хос жиҳатлари, ўзаро ҳамкорликнинг ўрни ҳақида фикр билдириб, ҳар бир сўз, сатр устида бош қотирадиган қалам аҳлини касб байрами билан табриклади.

Тадбирда 2024 йил – “Ёшлар ва бизнесни қўллаб қувватлаш йили”да Тошкент шаҳар судлари билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйгани, судлар фаолияти, хусусан пойтахт судларида одил судлов моҳияти ҳамда  жамиятда қонун устуворлиги, аҳолининг ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий  маданиятини шакллантиришдаги муносиб ҳиссаси учун бир гуруҳ фаол журналистларга ташаккурнома ҳамда эсдалик совғалари топширилди.