ТОШКЕНТ ШАҲАР СУДИДА ПОЙТАХТ СУДЛАРИНИНГ ЎТГАН 9 ОЙЛИК ФАОЛИЯТИ ЮЗАСИДАН ОММАВИЙ АХБОРОТ ВОСИТАЛАРИ ҲАМДА ЖАМОАТЧИЛИК ВАКИЛЛАРИ ИШТИРОКИДА МАТБУОТ АНЖУМАНИ БЎЛИБ ЎТДИ

Уни Тошкент шаҳар суди раиси Э.Ходжакулов олиб борди.

Айтиш жоизки, судлардаги очиқлик, шаффофлик ҳар чоракда ўз фаолиятлари хусусида ОАВ га ва кенг жамоатчиликка ахборот бериш имконини бермоқда.

Таъкидландики, Тошкент шаҳар жиноят судлари бўйича жорий йил 9 ойи давомида 8.644 нафар шахсга нисбатан 7.170 та жиноят иши, 12.091 та санкция ва материаллар кўриб тамомланган. Судлар томонидан 714 нафар шахслар суд залидан озод қилинган бўлса, 411 нафар шахслар суд залидан қамоққа олинган.92 нафар шахсга нисбатан оқлов ҳукмлари чиқарилган.

Тошкент шаҳар фуқаролик ишлари бўйича судлари томонидан жами 198.949 та ишлар ҳал қилинган бўлиб, бу республика судларида кўрилган жами 1.118.694 та ишларнинг 17.7 фоизини ташкил этганлиги айтиб ўтилди.

Судлар томонидан жорий йил 9 ойи давомида никоҳдан ажратиш ҳақида жами 6.313 та фуқаролик ишлари кўрилган бўлиб, ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 117 та ёки 1,8 фоизга ошган.

Оилаларни сақлаб қолиш, болаларни соғлом оила бағрида камол топиши учун шаҳар суди томонидан жойларда никоҳ ва оила масалаларига бағишланган учрашувлар мунтазам равишда ўтказилиб келинмоқда.

Матбуот анжуманида Тошкент шаҳар иқтисодий судлар фаолияти ҳам таҳлил қилинди. Хусусан, Тошкент шаҳар иқтисодий судларига ҳисобот даврида жами 92 513 та даъво аризаси ва аризалар келиб тушган. Шундан 86 907 таси иш юритишга қабул қилиниб, 78 588 таси кўриб чиқилган. 74 723  таси бўйича даъво талаби қаноатлантирилган. 1 992 таси бўйича даъво талабини қаноатлантириш рад этилган. 713 таси бўйича иш юритиш тугатилган. 1 160 та даъво аризаси (ариза) кўрмасдан қолдирилган.

Суд мажлисларининг тарбиявий ва профилактик аҳамиятини ошириш мақсадида кўрилган ишларнинг 32,3 фоизи сайёр суд мажлисларида ҳал этилган.

Тошкент шаҳар маъмурий судларининг биринчи инстанциясига жами 2 282 та ариза (шикоят)лар келиб тушган бўлиб, шундан 238 таси ариза (шикоят) қабул қилиш рад этилган. 217 та ариза ва шикоятлар қайтарилган. 1800 таси иш юритув қабул қилиниб, кўриб тамомланган. Шунингдек, 21 та иш материал тартибида кўрилган. 365 та хусусий ажрим чиқарилган, шундан 20 та хусусий ажрим бўйича мансабдор шахсларга интизомий жазо чоралари қўлланилган.

Матбуот анжуманида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.