Тошкент шаҳар прокуратурасида пойтахт туманлари прокурор ўринбосарлари ва прокурор ёрдамчилари учун семинар машғулоти ўтказилди.
Семинар машғулотда Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси С.Сафоева “Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текширишнинг янги тартиби” мавзусида маъруза қилиб, Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 25 декабрдаги “Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-887-сонли Қонунининг мазмун моҳияти, ушбу Қонун асосида процессуал қонунчиликка киритилган ўзгартишлар ҳақида сўзлади.
Тадбирда ушбу Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексига суд ишларини кўришнинг ўта марказлаштирилишига барҳам берилиши, ишларни вилоят судларида ва унга тенглаштирилган судларда апелляция ёки кассация ва тафтиш тартибида кўриш босқичлари жорий этилгани, Олий судда тафтиш тартибида ҳамда Олий суд Раёсатида қайта кўрилиши, юқори турувчи судлар томонидан қуйи судларнинг бекор қилинган қарорларини янгидан кўриш учун қайтадан ушбу судларга юбориш тартиби чиқариб ташлангани, ҳар бир суд инстанциясининг зиммасига иш бўйича якуний қарор чиқариш мажбурияти юклатилгани, суд қарорларини қайта кўриш босқичларига тафтиш инстанцияси жорий этилишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилганлиги ҳақида атрофлича фикр юритилди.