ТОШКЕНТ ТУМАНЛАРАРО ИҚТИСОДИЙ СУДИДА ДАВРА СУҲБАТИ

Ўзбекистон Республикаси “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Қонунининг 6-моддаси учинчи қисмига кўра, қарздорнинг тўловга қобилиятсизлиги тўғрисидаги ишлар Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексида назарда тутилган қоидалар бўйича, ушбу Қонунда белгиланган ўзига хос хусусиятлар инобатга олинган ҳолда суд томонидан кўриб чиқилади.

Бугунги кунда банкрот деб топилиб, тугатиш ишлари давом этаётган корхоналар сонини умумий таҳлил этиш ҳамда Тошкент туманлараро иқтисодий судининг иш юритувидаги банкротлик (тўловга қобилиятсизлик) ишлари бўйича тугатиш ишлари бир йил ва ундан ортиқ муддатда тамомланмасдан давом эттирилаётган ишлар юзасидан Тошкент шаҳар суди ва Тошкент туманлараро иқтисодий суди ташаббуси билан  амалий мулоқот ташкил этилди.

Унда судьялар, Ўзбекистон суд бошқарувчилари ассоциацияси, Давлат активларини бошқариш агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси, Тошкент шаҳар солиқ бошқармаси ва Тошкент шаҳар прокуратураси вакиллари ҳамда Тошкент шаҳрида фаолият кўрсатаётган тугатиш бошқарувчилари иштирок этишди. Тадбирда Тошкент туманлараро иқтисодий суди томонидан кўриб чиқилган ва тугатиш ишлари давом этаётган банкротлик ишлари бўйича маълумот берилиб, суд амалиётида ҳамда тугатиш ишларини олиб бориш жараёнида юзага келаётган масалаларни ҳал этиш, бу борада судьялар ва тугатиш бошқарувчиларининг масъулиятини янада оширишга эътибор қаратилди.

Шу билан биргаликда, узоқ вақтдан буён ўз ечимини топмаётган банкротлик ишлари бўйича барча масъул ташкилотлар ва суд бошқарувчилари ҳамкорликда иш олиб боришлари лозимлигига урғу берилди.