ТОШКЕНТДА УСТА ЙИГИТ ҚАБИҲ РЕЖАСИ ЙЎЛИДА БИР АЁЛНИНГ ҚОТИЛИГА АЙЛАНДИ

Одам боласини нафс қайси кўчаларга бошла майди дейсиз. Эндигина ўттизни қоралаган, туппа-тузук уста бўлган Даврон Зоҳидов (исм-шарифлар ўзгартирилган) пул учун энг жирканч ишни қилишни ҳам ўзига эп кўрди. У ўғрилик қилиш учун танлаган манзилини қаранг. Аввалига у олдиндан ўзи билган хонадонга гўёки кексаларнинг ҳолидан хабар олиш мақсадида кириб, уйнинг ётоқхонасидан 500 АҚШ долларини ўғирлади. Лекин Даврон бу билан қониқмади…

 

Судда судланувчи Даврон ўзига қўйилган айбловга тўлиқ иқрорлик билдириб, бўлган воқеани айтиб берди.

 

У маҳалладоши Тўранинг Корея давлатида ишлаб қайтиб келганлигини, кейин ота-онаси яшайдиган Бектемир туманидаги хонадонининг бир қисмига янги иморат қуриб бериши учун уни устачиликка ёллаганини айтди. Даврон Андижон вилоятидан келган икки шогирди билан хонадонда қурилиш ишларини бошлаб юборади.

 

Уста йигитлар 5 хонадан иборат янги иморатни пойдеворидан бошлаб қуришади. Усталар уйнинг томини ҳам ёпиб беришади. Ишлаган иши учун Тўра ҳисоб-китобни тўлиқ қилади. Уста йигит Даврон шу орада бу хонадонга келиб-кетиб юрганида уйдаги ҳамма нарсани, шарт-шароитларни кўриб-билиб олади. Йигитнинг отаси касаллигини ҳам кўради. Отасининг ўнг кўзида кўришда нуқсони борлигини, кексалигини, ён-атрофида бўлаётган воқеаларни яхши тушуниб ета олмайдиган даражада беморлигини яхши биларди. Тўра яна Кореяга ишлаш учун кетади. Уста йигит Даврон эса, вақти келиб бу уйни тунашга киради…

 

Даврон суд мажлисида карантиндан кейин оиласидаги моддий аҳвол яхши бўлмаганлигини, молиявий қийнал ганлиги учун картошка ва пиёз маҳсулотларини қадоқлаб сотиш мақсадида керакли ускуна сотиб олиш учун “Халқ банки”нинг Бектемир туман филиалидан ўзининг номига 30 миллион сўм миқдорда 3 йил муддатга кредит олганлигини айтади.

 

Даврон ушбу кредит маблағи эвазига керакли ускунани сотиб олади. Лекин карантин сабабли ишни ташкил эта олмайди. Ишлари юришмай, қарзга киради. Бунинг устига ойма-ой кредит тўлаш учун пул кераклигини ўйлаб, бир йилча аввал ишлаган қўшни хонадон хаёлига келади. У шу хонадонда пул бор деб ўйлайди ва уни қўлга киритишга ҳаракат қилади.

 

Даврон ҳаво совуқ бўлганлиги учун кечаси ошхонага ўтиб, икки шиша ароқдан ўзи истаганича ичади. Ҳар эҳтимолга қарши ошхонадаги бир томони чопқи, бир томони болғали болтачани қўлига олиб, кимдир қаршилик қилса ёки сезиб қолса, ишлатишни режалаштиради. Ҳали тонг ёришмасидан уй эгалари ухлаётганлигини тахмин қилиб, ўзининг қабиҳ режасини амалга ошириш учун қулай фурсат етганини англайди. Ётоқхонага кириб келган Давронни аввалига ҳеч ким пайқамайди. Кейин у ҳаммаёқни титкилаб, уйдаги моддий қимматликларни излаётган вақтида шовқин овозидан хонадон соҳибаси уйғониб қолади. У Давронни танийди. Бундан қўрқиб кетган Даврон қўлидаги темир болтанинг тўмтоқ қисми билан аёлнинг бош қисмига уради. Аёл ҳодиса жойида вафот этади. Нафс измига бўйсунган Даврон бунга парво ҳам қилмайди.

 

Қотиллик қилгани билан Даврон уйдан айтарли қиммат нарса топа олмади, у кўзлаган пуллар ҳеч қаерда йўқ эди. Фақатгина 2 дона собиқ СССР даврида ишлаб чиқарилган кўкрак нишони билан ошхонадаги аёллар сумкасидан ўғирланган 88 минг сўм пул, қотил ва ўғри деган ном билан бу хонадондан чиқиб кетишга мажбур бўлди.

 

Янги тонгни у шундай тузатиб бўлмас хатолар билан кутиб олди. Хонадоннинг кириш эшигини устидан қулфлаб, калитни ўзи билан олиб кетди. Шундан кейин бир танишини шу уйга чақириб, ҳовли четида ётган темир буюмларнинг бир қисмини машинага ортиб олиб кетди-да, сотиб юборди. У ваҳшийларча хонадон соҳибасини ўлдиргани етмагандек виждонсизларча шунча нарсани сотиб юборди ва пулларни ўз эҳтиёжлари учун ишлатди. Ҳар бир ишнинг жавоби бор.

 

Суд ҳукмига кўра, Даврон 17 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Давроннинг қарзлари у ўйлагандай тўланиб қолмади ҳам, ўзи қотиллик қилиб, панжара ортига тушди, норасида фарзанди тирик етим бўлди. Гулдай ҳунари бўла туриб, озгина қийинчиликка чидамай, чорасизлигидан ўғриликни касб қилган Давронни энди ҳақиқатда чорасиз дейиш мумкин.

Умид ҲАКИМОВ,
жиноят ишлари бўйича

Бектемир туман суди судьяси