ТЕЛЕГРАМ ОРҚАЛИ САВДО БИЛАН ШУҒУЛЛАНСА ҲАМ СОЛИҚ ТЎЛАШ КЕРАКМИ?

— Ёлғиз онаман, 2 нафар вояга етмаган фарзандим бор. Фарзандларимни боқиш учун Тошкент шаҳридаги бозорлардан биридан аёллар “парфюмерия” маҳсулотларини арзон нархда сотиб оламан ва ўзимнинг телеграмдаги саҳифамда реклама қилиб, мижозларга қайта сотиш билан шуғулланаётгандим. Солиқ идораси ходимлари ноқонуний тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётганлигимни важ қилиб, уйимда сотиш учун келтириб қўйган 7 млн. сўмлик товарларимни олиб кетишди. Солиқ идораси ходимларининг ҳаракатлари қонунийми? Ахир ўз уйимда интернет орқали мижоз топиб, уларга махсулот етказиб беряпман-ку…

Исми сир тутилди

Маъмурий жавобгарликни вужудга келтиради

— Ўзбекистонда тадбиркорликни ривожлантириш асосий мақсадлардан бири бўлиб, иқтисодиёт тараққиёти гаровидир. Шу боис Президентимизнинг раҳбарлигида юртимизда тадбиркорлар учун бир қатор имтиёлар ва қулайликлар яратилган.

 

Қулайликлардан бири, турли электрон платформаларда “онлайн” тарзда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишдир.

 

Фуқароларимиз электрон платформалар қаторига “Telegram” иловасида яратилган каналларни киритиб олишганини кўриш мумкин. Бугунги кунда ушбу турдаги фаолият оммабоп бўлиб келмоқда. Бироқ, “Telegram” иловаси орқали тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш қонунчилик талабларига мувофиқми?

 

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 31-моддасига кўра, жисмоний шахс тадбиркорлик билан шуғулланиши учун белгиланган тартибда рўйхатдан ўтиши ва тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириши лозим.

 

Амалдаги қонунчиликда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтмасдан туриб тадбиркорлик билан шуғулланиш маъмурий ёки жиноий жавобгарликни вужудга келтиради.

 

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 164-моддаси 1-қисмида (савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш) савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузганлик учун фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса беш бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга, 2-қисмида савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини анча миқдордаги қийматда бузганлик учун фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда, мансабдор шахсларга эса етти бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга, 3-қисмида савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини кўп миқдордаги қийматда бузганлик учун фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан эллик бараваригача, мансабдор шахсларга эса қирқ бараваридан саксон бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши кўрсатилган.

 

МАЪЛУМОТ УЧУН:

Анча миқдор деганда базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан уч юз бараваригача бўлган доирадаги, кўп миқдор деганда эса, базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан беш юз бараваригача бўлган доирадаги миқдор тушунилади.

Қонунда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтиш лозим

— Жиноят кодексининг 189-моддасида (савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш) товарлар савдоси ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини жуда кўп миқдордаги қийматда бузганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланиши белгиланган.

 

Биринчи марта жиноят содир этган шахс, агар у жиноят аниқланган кундан эътиборан ўттиз кунлик муддатда савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидалари бузилишининг оқибатларини бартараф этган ва етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаган бўлса, жавобгарликдан озод этилади.

 

Фуқароларимиз томонидан “Telegram” иловаси орқали тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш натижасида рўйхатдан ўтмасдан туриб нафақат савдо қоидаларини бузилишига, балки ушбу фаолиятдан тушаётган даромаддан солиқни тўлашдан бўйин товлаётганларини кўриш мумкин.

 

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига мувофиқ, солиқ идораси ходимлари ўз ваколатлари доирасида савдо қоидаларини бузаётган ёки солиқни тўлашдан бўйин товлаётган шахсларни аниқлаш ва уларга нисбатан тегишли чора кўришга хақлидир.

 

Сизнинг ҳолатингизда, “онлайн” тарзда тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишингиз учун қонунда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтишингиз лозим бўлади.

 

Аббосхон ШОМАХМУДОВ,

жиноят ишлари бўйича

Юнусобод туман суди судьяси