ТАҚИҚ ҚЎЙИЛГАН УЙНИ СОТСА БЎЛАДИМИ?
– Отамдан мерос қолган уйга катта акамнинг кредитдан қарзи борлиги учун тақиқ қўйилган. Яқинда амакимнинг қизи ҳовлининг отасига тегишли қисмини сотмоқчи эканини билиб қолдик. Амаким ҳам, аммам ҳам ҳаёт. Лекин болалари ота-онасининг улушини сотишмоқчи. Тақиқ қўйилган бўлса ҳам улар олди-сотди қила олишадими? Ҳовлига алоҳида кадастр қилинмаган.
Исми сир тутилди.
Мурожаатга фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди раис ўринбосари Гули Шукурлаева жавоб берди:
– Фуқаролик кодексининг 1116-моддасига асосан мерос фуқаронинг ўлими ёки унинг суд томонидан вафот этган деб эълон қилиниши оқибатида очилади.
Ҳозирги кунда агар амакингиз ва аммангиз ҳаёт бўлиб, уларнинг ушбу уйда улушлари бўлса, демак дастлаб ушбу уй-жой отангизнинг ота-онасидан мерос бўлиб ўтган ва ушбу уй-жой улушли мулк ҳисобланади. Васиятнома бўлмаган бўлса, ҳар бир меросхўрлар ўртасида тенг тақсимланган.
Амакингизни кредит қарздорлиги бўйича тақиқ қўйилган бўлса, демак суднинг қарори билан ундириш белгиланган. Ижро жараёнида давлат ижрочиси томонидан ижро қилиш ҳаракатлари амалга оширилган вақтда тақиқ қўйилган бўлиши мумкин ёки кредит шартномаси расмийлаштирилган вақтда гаров сифатида ушбу мулк амакингиз томонидан қўйилган бўлиши мумкин. Аммо бу ҳолатда барча улушли мулкдорлар (яъни меросхўрлар) тегишли тартибда мулк гаров сифатида қўйилишига розилик беришган бўлишлари керак. Акс ҳолда улушли мулк фақатгина битта улушли мулкдорнинг аризасига асосан гаровга олинишига йўл қўйилмайди.
Меросхўрлар, меросни қабул қилиб, уни давлат рўйхатидан ўтказганларидан кейин, яъни уйнинг кадастр ҳужжатида барча меросхўрлар мулкдор сифатида киритилгандан сўнг, уларнинг мулкка нисбатан мулк ҳуқуқлари вужудга келади.
Фуқаролик кодексининг 164-моддасига асосан мулк ҳуқуқи шахснинг ўзига қарашли мол-мулкка ўз хоҳиши билан ва ўз манфаатларини кўзлаб эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш, шунингдек ўзининг мулк ҳуқуқини, ким томонидан бўлмасин, ҳар қандай бузишни бартараф этишни талаб қилиш ҳуқуқидан иборатдир. Мулк ҳуқуқи муддатсиздир.
Амакингиз ва аммангиз ота-онасидан кейин меросни қабул қилиб, ўзининг мулк ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказган бўлса, мулк ҳуқуқини тасарруф қилиш ҳуқуқига фақатгина ўзи ёки тегишли тартибда расмийлаштирилган ишончнома орқали вакили эга.
Мерос асосида қабул қилиб олинган улушли мулк фақатгина қолган меросхўрларнинг розилиги асосида сотилиши мумкин.
Бу ҳолатда сотиш учун тақиққа қўйилган мулк бўйича олди-сотди ишларини амалга ошириш мумкин эмас.