«ТАЪТИЛИМ «КУЙИБ» КЕТАДИМИ?»
— Айни дам меҳнат таътилидаман. 30-ҳафталик ҳомиладор бўлганим учун «декрет» варақасини олдим. Варақадаги сана меҳнат таътилимга тўғри келяпти. Энди «декрет» таътили қайси санадан бошланади? Меҳнат таътилимнинг қолган кунлари «куйиб» кетадими?
Исми сир тутилди
Муқаддас ГУЛАМОВА, фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди раиси:
— Меҳнат кодексининг 145-моддасига мувофиқ, ходимлар қуйидаги ҳолларда таътилни узайтириш ёки бошқа муддатга кўчириш ҳуқуқига эгадирлар:
• вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даврида;
• ҳомиладорлик ва туғиш таътили муддати бошланганда;
• йиллик таътил ўқув таътилига тўғри келиб қолганда;
• давлат ёки жамоат вазифаларини бажараётганда, башарти қонун ҳужжатлари ва бошқа норматив ҳужжатларда бундай вазифаларни бажариш учун ходимни ишдан озод этиш назарда тутилган бўлса.
Агар таътилдан фойдаланишга тўсқинлик қилувчи сабаблар таътил бошлангунга қадар келиб чиққан бўлса, ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан таътилдан фойдаланишнинг янги муддати белгиланади.
Бундай сабаблар таътил даврида келиб чиққан ҳолларда таътил тегишли кунлар сонига узайтирилади ёки ходим билан иш берувчининг келишувига биноан таътилнинг фойдаланилмай қолган қисми бошқа муддатга кўчирилади.
Ходим таътилдан фойдаланишга тўсқинлик қилувчи сабаблар тўғрисида иш берувчини хабардор қилиши шарт.
Агар ходим белгиланган муддатда таътилнинг бошланиш вақти тўғрисида ўз вақтида хабардор қилинмаган ёки унга таътил бошлангунга қадар таътил вақти учун ҳақ тўланмаган бўлса, таътил ходимнинг аризасига мувофиқ бошқа вақтга кўчирилади.
Юқорида баён қилинганларга кўра, агар муаллифимиз меҳнат таътилида бўлиши даврида ҳомиладорлик таътили муддати келиб қолса, иш берувчи билан келишувга биноан меҳнат таътилидан фойдалашнинг янги муддати белгиланади. Бунда ходим билан иш берувчининг келишувига биноан таътилнинг фойдаланилмай қолган қисми бошқа муддатга кўчирилади.