ТАЪТИЛДАН ҚАЙТГАНЛАРГА МОДДИЙ ЁРДАМ БЕРИЛМАЙДИМИ?
— Бюджет ташкилотида ишлайман. Бола парваришлаш таътилидан қайтганимга 6 ой бўлди. Соғлигимдаги муаммолар сабабли даволаниш учун моддий ёрдам олмоқчи эдим. Аммо бухгалтер яқинда таътилдан қайтганимни айтиб, рад этди. Шу тўғрими?
Исми сир тутилди
Анвар Ҳамидов, фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро суди раис ўринбосари:
— Моддий ёрдам деганда биз иш берувчининг ўз ходимларига маълум бир ходиса юз берганида тўлайдиган пул маблағларини тушунишимиз лозим. Иш берувчи ходимларга моддий ёрдам кўрсатиш тартиби ва ҳолатларни мустақил белгилайди. Моддий ёрдам олиш учун асослар иш берувчининг локал ҳужжатларида, яъни жамоа шартномаси ёки жамоа келишувида белгиланади.
Унда қандай ҳужжатлар тақдим этилиши, моддий ёрдам пули миқдори, тўлов шартлари ва бошқа шартлар белгиланади. Агар моддий ёрдам кўрсатиш шартлари белгиланмаган бўлса, бундай ҳолатда ташкилот раҳбари ходимнинг илтимосига биноан тўловларни мустақил равишда ҳал қилиши мумкин.
Таъкидлаш жоизки, Солиқ кодексининг 377-моддасида белгиланишича, моддий ёрдам қуйидаги ҳолларда берилиши мумкин:
• вафот этган ходимнинг оила аъзоларига ёки оила аъзоси вафот этганлиги муносабати билан ходимга кўрсатиладиган;
• ходимга меҳнатда майиб бўлганлиги, касб касаллиги ёхуд соғлиғига бошқача тарзда шикаст етганлиги билан боғлиқ ҳолда кўрсатиладиган;
• бола туғилиши, ходим ёки унинг фарзандлари никоҳдан ўтиши муносабати билан кўрсатиладиган;
• қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини бериш ёки уларни сотиб олиш учун маблағлар бериш тарзида кўрсатиладиган моддий ёрдам;
• Моддий ёрдам олиш учун ходим раҳбар номига асослантирилган ариза билан мурожаат қилиши керак ва иш берувчи бу масалани кўриб чиқиб, ижобий натижа бўлса, буйруқ чиқаради. Хулоса қилишимиз мумкин, моддий ёрдамни бериш ёки бермаслик фақат бундай ваколатга эга бўлган раҳбар ҳал қилади.