“ТАШАББУС”ДАГИ МУЛОҚОТ, ҲАЗИЛ-ЛУҚМА ВА СУДЬЯЛАРНИНГ ЖАВОБИ

Пойтахтнинг Янгиҳаёт тумани “Ташаббус” маҳалла фуқаролари йиғини биносида кечган сайёр суҳбат чакки ўтмади. Унда битта мавзу ва ҳаммага маълум “бир ҳовуч гаплар” билан чекланиб қолингани йўқ.
Мулоқот доираси кенг бўлиб, жиноятга олиб келувчи омиллар ва уларни бартараф этиш чоралари, ёшлар ўртасида ҳуқуқий маданиятни ошириш орқали қонунга нисбатан ҳурмат ҳиссини шакллантириш, судланган шахсларни жамиятга мослаштириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар билан манзилли ишлаш каби қатор мавзу ва масалалар хусусида навбати билан сўз юритилди.
Хусусан, жиноят ишлари бўйича туман суди раиси Санжар Махаметов ва судья Шерзод Амиров амалиётдаги айрим ишлар мисолида жиноят, унинг сабаблари билан бирга ҳуқуқий ва ахлоқий оқибатлари ҳақида гапирган бўлса, тергов судьяси Фариза Умарова фаолият йўналишидан келиб чиқиб, маъмурий ҳуқуқбузарликларга эътибор қаратди. Оила ва таълим муассасаси — профилактиканинг асосий бўғини экани алоҳида таъкид этилди. Фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро суди судьяси Зиёда Солиева ижтимоий ҳимоя масалаларининг ҳуқуқий тартиблари, аниқ мисоллардан келиб чиқиб, оила қонунчилигининг айрим нормалари мазмун-моҳиятини шарҳлаб берди.
Янгиҳаёт пойтахтнинг нисбатан янги туманларидан бири. Айтилдики, бу жойда ҳаёт, дарҳақиқат, янгича бўлиши керак: жиноятдан ҳоли, низолар йўқ, аҳоли хотиржам, қариндошлик ришталари мустаҳкам, қўшнилар оқибатли…
Шу ниятда маҳалли аҳли билан хайрлашилар экан, кимдир ҳазил-луқма ташлади: ниятлар амалга ошса, судьялар ишсиз қолмайдими? Судьяларнинг жавоби битта бўлди: розимиз!






