ТАДБИРКОРЛАРНИНГ ҲИМОЯЧИСИ ҚОНУН ВА СУД БЎЛАДИ
МУНОСАБАТ
2017 йилдан буён халқимиз давлатимиз раҳбарининг Парламентга мурожаатномасини интиқлик билан кутади ва катта қизиқиш билан қарши олади.
Негаки, Мурожаатномада юртимизда кейинги йилларда амалга оширилиши лозим бўлган стратегик вазифалар эълон қилинади, ушбу вазифаларни амалга оширишнинг ташкилий, ҳуқуқий асослари таклиф этилади.
Албатта, бугунги Мурожаатномада кўплаб соҳа вакиллари қатори ҳуқуқшунослар учун ҳам дастурий вазифалар белгилаб берилди.
Жумладан, Мурожаатномада давлатимиз раҳбари томонидан тадбиркорлар муаммоларини вазирлик ёки ҳокимликлар эмас, қонун ва суд ҳал этиши лозимлигини алоҳида таъкидлаганлари, аввало тадбиркорлар ҳуқуқ ва манфаатларини иқтисодий ҳамда маъмурий судларда янада ишончли ҳимоя қилишни англатади.
Шунингдек, ушбу вазифани барча масъуллар учун тадбиркорларга нисбатан чиқараётган ҳужжатлари, берилаётган топшириқ ва кўрсатмалари албатта қонунга мувофиқ бўлиши лозимлигини огоҳлантириш сифатида қабул қилиш мумкин.
Демакки, тадбиркор ва мулкдорга улар фаолияти билан боғлиқ қонунда йўқ топшириқлар, кўрсатмалар, мажбурий-ихтиёрий ҳомийлик ва бошқалар қонунга мувофиқ жавобгарликка асос бўлади.
Мурожаатномада таъкидланган судга оид яна бир йўналиш «маъмурий судларга ҳоким қароридан норози бўлиб мурожаат қилинганда, ишларни экстерриториал тартибда, яъни бошқа ҳудудда ҳам кўриш амалиёти жорий қилинади».
Бундан ташқари, Ўзбекистонда мулк ва инвестициянинг ҳимоясини кучайтириш мақсадида Халқаро тижорат судини ташкил қилиш бўйича ҳам амалий ишлар бошланган.
Бир сўз билан айтганда, Мурожаатноманинг суд-ҳуқуқ соҳасидаги вазифалари — бугунги давлат сиёсати, олиб борилаётган ислоҳотлар адолат ва қонун устуворлигини таъминлашга, судларда қарор чиқариш билангина чекланмасдан том маънода низоларни ҳал этишга, судга мурожаат этаётганларни суд, жамият ва давлатдан имкон қадар рози этишга қаратилган.
Нуриддин Муродов,
Тошкент туманлараро иқтисодий суди раиси