СУД-ҲУҚУҚ СОҲАСИДАГИ ҚОНУНЧИЛИКДА ЯНГИЛИКЛАР
2023 йил 30 апрель куни умумхалқ референдумида қабул қилинган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси давлат ва жамият ҳаётини модернизация қилиш ва мамлакатда конституциявий қонунийлик муҳитини янада мустаҳкамлаш учун ҳуқуқий асос бўлди.
Референдум кўп миллатли буюк халқимизнинг бирдамлиги ва ҳамжиҳатлиги, суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат қуришга қатъий қарор қилганлигининг ишончли ифодаси бўлди.
Янги таҳрирда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 28-моддасида жиноят суд ишларини юритиш соҳасида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг кафолатларини кучайтиришга қаратилган янги конституциявий асослар белгиланди.
Бу эса, ўз навбатида Конституцияда белгиланган фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари, шунингдек, қонуний манфаатларини ифодаловчи нормаларни қонун ҳужжатларида акс эттиришни тақозо этди.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикасининг “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига судлар фаолиятининг ҳамда фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолатларини кучайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди.
Мазкур Қонун билан Жиноят-процессуал кодекси, “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги ва “Судлар тўғрисида”ги қонунларидаги нормаларни янги таҳрирдаги Конституцияга мувофиқлаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Хусусан:
– жиноят содир этганликда айбланаётган шахс унинг айби қонунда назарда тутилган тартибда ошкора суд муҳокамаси йўли билан исботланмагунча ва суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланмагунча айбсиз деб ҳисобланиши;
– гумон қилинувчига, айбланувчига ва судланувчига ўзини ҳимоя қилиш учун барча имкониятларни таъминланиши;
– айбдорликка оид барча шубҳалар, агар уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг ёки маҳкумнинг фойдасига ҳал қилиниши кераклиги;
– гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаши шарт эмаслиги ва исталган вақтда сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкинлиги;
– ҳеч ким ўзига ва яқин қариндошларига қарши гувоҳлик беришга мажбур эмаслиги;
– агар шахснинг ўз айбини тан олганлиги унга қарши ягона далил бўлса,
у айбдор деб топилиши ёки жазога тортилиши мумкин эмаслиги;
– шахснинг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги Жиноят-процессуал кодексида ўз аксини топди.
Таъкидлаш жоизки, янги Конституция билан судларнинг фаолияти ҳамда шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилишга оид бир қатор конституциявий кафолатлар ҳам белгиланди.
Ушбу конституциявий кафолатлар, ўз навбатида, “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги ва “Судлар тўғрисида”ги қонунлари нормаларини қайта кўриб чиқишни ҳамда уларни мазкур Конституциявий Қонун таҳриридаги Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқлаштиришни талаб этади.
Жумладан, янги Конституциямизнинг 95, 109 ва 135-моддалари талабларидан келиб чиқиб, “Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги Қонунига Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши таркиби, шу жумладан, Кенгаш раиси, раис ўринбосари, унинг аъзолари ва котиби Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан сайланиши, шунингдек, айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг раиси, раис ўринбосари этиб сайланиши мумкин эмаслиги тўғрисидаги қоидалар киритилди.
Шунингдек, “Судлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига:
– янги Конституциянинг 130-моддасига мувофиқ одил судлов фақат судлар томонидан амалга оширилиши белгиланди;
– янги Конституциянинг 136-моддасига асосан одил судлов қонунлар билан бирга, аввало, Конституцияга қатъий мувофиқ ҳолда амалга оширилиши белгиланган ҳолда, Конституция нормаларини тўғридан-тўғри амал қилувчи ҳужжат сифатида қўллашга замин яратилди;
– судьяликнинг кафолатлари кучайтирилиб, судьялар муайян ишлар бўйича ҳисобдор бўлмаслиги, фақат Конституция ва қонунга бўйсуниши, судьяни муайян ишнинг муҳокамасидан четлаштиришга ёки унинг ваколатларини тўхтатиб туришга, бошқа лавозимга ўтказишга фақат қонунда белгиланган тартибда ва асосларга кўра йўл қўйилиши, шунингдек, суднинг қайта ташкил этилиши ёки тугатилиши судьяни лавозимидан озод этиш учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкин эмаслиги белгиланди;
– янги Конституциянинг 139-моддасида Ўзбекистон Республикасида суд ишларини юритиш ўзбек тилида, қорақалпоқ тилида ёки муайян жойдаги кўпчилик аҳоли сўзлашадиган тилда ёхуд қонунга мувофиқ бошқа тилда олиб борилиши белгиланганлиги муносабати билан, “Судлар тўғрисида”ги Қонунга мазкур мазмундаги қўшимча киритилди;
– қонуний кучга кирган суд ҳужжатлари нафақат барча давлат органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, мансабдор шахслар, фуқаролар учун, балки фуқаролик жамияти институтлари учун ҳам мажбурий ҳисобланиши белгилаб қўйилди;
– Олий суднинг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқини амалга ошириш доираси аниқлаштирилиб, ўз ваколатлари жумласига киритилган масалалар билан чегараланмоқда;
– судларни молиялаштириш одил судловни тўлиқ ва мустақил амалга ошириш имкониятини таъминлайдиган тарзда, Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши белгиланди;
– шахсларнинг нафақат давлат органларининг, балки бошқа ташкилотларнинг ҳам қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ва ҳаракатсизлиги устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи мустаҳкамланди;
– айбсизлик презумпциясини ва “Хабеас корпус” институтини янада қарор топтиришга оид қоидалар белгиланди.
Қонунчиликка киритилган ушбу ўзгартириш ва қўшимчалар қонунчилик ҳужжатларини янги Конституцияга мувофиқлаштиришга, одил судловни амалга оширишда судьялар томонидан Конституция нормаларини тўғридан-тўғри қўллаш ҳамда конституциявий устуворликни қарор топтириш бўйича зарур ҳуқуқий кафолатлар яратишга, суд ҳокимиятининг мустақиллиги мустаҳкамланишига, шунингдек, судьяликнинг кафолатлари, ва энг асосийси, шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларининг суд орқали ҳимояси янада кучайтирилишига хизмат қилади.
Иброҳим Алимов,
Тошкент шаҳар суди раисининг ўринбосари –
иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси