“СУД ОРҚАЛИ БОЛАЛАРИМНИ ТАРБИЯМГА ОЛСАМ БЎЛАДИМИ?”

— Хотиним билан расман ажрашмаганмиз. Икки йилдан бери бирга яшамаймиз. Икки нафар болага алимент тўлайман. Яқинда хотиним Россияга ишлагани кетганини билдим. Болаларим қайнонамда қолган экан. Уларни ўз тарбиямга олишимга қайнонам қаршилик қиляпти. Қизининг қаерда эканини билмайди. Судга мурожаат қилиб, болаларни тарбиямга олсам бўладими?

Исми сир тутилди.

Аббос Сайдахмедов, Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси:


— Оила кодексига мувофиқ, ота ва она алоҳида яшаган ҳолда бола уларнинг ҳар бири билан кўришиш ҳуқуқига эга. Ота-она турли давлатларда яшагани тақдирда ҳам бола улар билан кўришиш ҳуқуқига эга.


Кодекснинг 75-моддаси 4 ва 5 қисмига кўра, болаларнинг таълим-тарбиясига тааллуқли барча масалалар болалар манфаатидан келиб чиққан ва уларнинг фикрини ҳисобга олган ҳолда ота-она томонидан ўзаро келишув асосида ҳал этилади. Агар ота-она ўртасида келишмовчиликлар мавжуд бўлса, улар (улардан бири) бу келишмовчиликларни ҳал қилиш учун васийлик ва ҳомийлик органига ёки судга мурожаат қилишга ҳақлидир.


Ота-она алоҳида яшаганда болаларнинг қаерда яшаши ота-онанинг келишувига биноан белгиланади. Ота-она ўртасида келишув бўлмаса, низо суд томонидан болалар манфаатларидан келиб чиқиб, уларнинг фикрини ҳисобга олган ҳолда ҳал этилади. Бунда суд, боланинг ота-онадан, ака-ука, опа-сингилларидан қайси бирига боғланиб қолганлигини, боланинг ёшини, ота-онасининг ахлоқий ва бошқа шахсий фазилатларини, ота-онанинг ҳар бири билан бола ўртасидаги муносабатларни, болани тарбиялаш ва унинг камолоти учун шарт-шароитлар (ота-онасининг машғулот тури, иш тартиби, моддий ҳамда оилавий аҳволи ва бошқалар) яратиш имкониятини ҳисобга олади.

 

Шунингдек кодекснинг 73-моддасида ҳар бир ота ёки онага ўз болаларини тарбиялаш ҳуқуқига эга ва тарбиялаши шарт дейилган.
Ушбу мажбуриятни бажармаслик, қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.


Мурожаат мазмунига кўра, болаларнинг онаси уларни ўз онасига (бувисига) ташлаб чет давлатга кетиб қолган.
Қатъий равишда болани онаси уни ўз онасига ташлаб ишлаш учун чет давлатга кетса, у отаси тарбиясига ўтади деган қоида мавжуд эмас, чунки юқорида қайд этилгандек авваламбор суд болалар манфаатидан келиб чиқади.


Низо суд томонидан ҳал этилаётганда албатта Оила кодексининг талаблари ҳамда Олий суд Пленумининг “Болалар тарбияси билан боғлиқ низоларни кўриш бўйича суд амалиёти” тўғрисидаги қароридаги тушунтиришлардан келиб чиқилади.


Бунда ота ёки она бошқа шахсларга нисбатан болаларни тарбиялашда устун ҳуқуқга эга эканлиги ҳам эътиборга олинади.