СУД МАЖЛИСЛАРИДА МАСОФАДАН ТУРИБ ИШТИРОК ЭТИШ

Сўнгги йилларда судлар фаолиятида замонавий ахборот технологияларини жорий этиш борасида муайян ишлар амалга оширилди. Жумладан, иқтисодий судларда 2014 йил 1 январдан электрон ҳужжат алмашинуви, суд статистикасини юритиш, суд амалиётини таҳлил қилиш ва судлов ишларини юритишда процессуал муддатлардан самарали фойдаланишни таъминлаш мақсадида марказлаштирилган бошқарув платформасидаги электрон маълумотлар базаси ишга туширилди.

Электрон маълумотлар базаси, бир томондан, судьялар ва суд аппарати ходимларига маълумотларни сақлаш, суд ҳужжатларини тузиш, чоп этиш ва процессуал муддатлардан унумли фойдаланишда қўл келмоқда. Бошқа томондан, судда ишларнинг тўғри, тезкор ва қонуний юритилишини мунтазам назорат қилинишини таъминламоқда.

Шунингдек, судларни замонавий суд бинолари билан таъминлаш, суд мажлиси хоналарини зарурий техник воситалар, судлар фаолиятини ёритиб борувчи монитор ва таблолар билан жиҳозлаш ишлари изчил олиб борилмоқда.

Ҳозирги кунда, технологиялар ва интернет тараққиёти суд ҳокимияти соҳасида ҳам янгиланишларга сабаб бўлди. Суд жараёнларида видеоконференцалоқа воситалари ёрдамида ишлаш кўплаб юрисдикцияларда амалга оширилади. Бу амалиёт суд мажлисларини янгилаш, янада самарали, тез ва қўллашга қулай қилиб ўтказишга имкон яратмоқда. Мобил дастур орқали суд мажлисларида масофадан туриб, яъни суд биносига келмасдан видеоконференцалоқа режимида иштирок этиш имконияти яратилди.

Яратилган мазкур имкониятлардан фойдаланиш суд мажлисида иштирок этувчи тарафларга қўшимча афзалликлар яратади. Суд биноларига келиб-кетиш учун сарфланадиган харажатларни камайтиради. Шунингдек, фуқароларнинг вақти тежалади ва судга мурожаат қилиш тартиби осонлашади.

Видеоконференцалоқа — бу икки ёки ундан ортиқ иштирокчиларнинг маълум бир видео ва аудио коммуникация воситалари орқали бир-бири билан мулоқот қилишидир. Суд жараёнида бу технологиядан фойдаланишнинг асосий мақсади суднинг ишлашини тезлаштириш, ҳолатларга тез ва тўғри жавоб бериш, суд мажлислари учун харaжатларни камайтириш ва суд мажлиси иштирокчиларининг географик жойлашувидан қатъи назар одил судловни таъминлашдир.

Видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлиси деганда, реал вақт режимида телекоммуникация технологиялари воситасида аудио- ва видео- ахборотлар алмашинуви имкониятларидан фойдаланган ҳолда ишни кўраётган суд ва суд мажлисини ўтказишга кўмаклашаётган суд ўртасидаги интерактив ўзаро таъсир қилиш йўли билан масофадан суд мажлисини ўтказиш тушунилади.

Суд мажлислари видеоконференцалоқа режимида ўтказиш сабаблари кўрсатилган: фуқаро ва тадбиркорлик субъектлари — суд процесс иштирокчиларининг суд орқали ҳуқуқларини ҳимоя қилинишида янада қулай шарт-шароитлар яратиш, одил судловга эришиш даражасини ошириш, молиявий ва вақт харажатларини қисқартириш, шунингдек ишларни кўришда тезкорликни таъминлаш ва процессуал муддатларни тежашдир.

Фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича судлар ҳамда маъмурий судлар процесс иштирокчиларининг розилиги билан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар иқтисодий судларида ўрнатилган телекоммуникацион технологиялардан фойдаланган ҳолда суд мажлисларини видеоконференцалоқа режимида ўтказишга ҳақли. 

Бунда, суд мажлисларини видеоконференцалоқа режимида ўтказишнинг зарурий шарти ишда иштирок этувчи шахслардан лоақал биттаси бошқа маъмурий-ҳудудий бирлик (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри) ҳудудида, яъни ишни кўраётган суд жойлашган ҳудуддан ташқарида жойлашган бўлиши лозимлиги ҳисобланади.

Суд мажлислари учун видеоконференцалоқанинг афзаллик томонлари

Суд жараёнларини самарали ўтказиш: Суд жараёнида ҳар қандай процесс иштирокчилари видеоконференцалоқа орқали бир-бири билан тез ва қулай мулоқот қилишлари мумкин. Бу эса, жисмонан суд залига келолмайдиган ёки бошқа сабаблар туфайли ишга қатнашишда қийинчиликка дуч келган иштирокчилар учун муҳимдир.

Вақт ва харажатларни тежаш: Суд ишларини видеоконференцалоқа орқали ўтказиш учун катта сарф-харажат талаб қилинмайди. Қўшимча харaжатлар камайгани сабабли, бу суд жараёнларининг самарали ва иқтисодий бўлишига хизмат қилади.

Жисмонан қатнашишга мажбур бўлмаслик: Суд мажлисларига чуқур географик масофа ёки физик ҳолат сабабли кела олмаган шахслар видеоконференцалоқа орқали иштирок этиши мумкин. Масалан, жиноий ишларда маҳкумларнинг иштирок этишида ушбу усул самарали бўлади.

Тезкорлик ва хавфсизлик: Баъзи ҳолларда суд жараёнини видеоконференцалоқа орқали ўтказиш, пандемия каби фавқулодда ҳолатларда касаллик хавфини камайтириш учун ҳам муҳимдир.

Суд мажлисларида видеоконференцалоқа тизимларидан фойдаланиш қоидалари

Видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлисида иштирок этувчиларга маълум бир ҳуқуқ ва мажбуриятлар юклатилган. Ушбу жараёнда иштирок этувчиларга аниқ тартиб ва талаблар юклатилган бўлиб, бу юридик манфаатлар ва равшанликни таъминлаш учун зарурдир.

Юридик хусусиятлар: Суд мажлисини видеоконференцалоқа орқали ўтказишда, баъзи ҳуқуқий ҳужжатларга таяниш талаб қилиниши мумкин.

Техник жиҳатлар: Суд мажлиси учун видеоконференцалоқа тизимлари аниқ белгилаш ва техник талабларга жавоб бериши керак. Сервер тизими, интернет тезлиги, техник воситаларнинг ишлаши ва шахсларнинг барча техник ёрдамлар билан таъминлангани муҳим аҳамиятга эга.

Халқаро амалиётда видеоконференцалоқа орқали суд жараёнлари айниқса глобал пандемия даврида кенг таркалган. Мисол учун, АҚШ ва Европа Иттифоқи давлатларида судлар бу технологиядан самарали фойдаланиб, онлайн суд мажлисларини ташкил этишган. Россияда ҳам 2020 йилдан бошлаб суд жараёнларида видеоконференцалоқа тизими кенг қўлланилиб келинади.

Маълумот учун: видеоконференцалоқа режимидаги суд мажлиси илк бор Россияда 1999 йил 18 ноябр куни ўтказилган. Россия Олий суди барча кассация ва назорат тартибидаги жиноят ишлар тўлиқ видеоконференцалоқа режимида суд мажлисларида кўриб чиқилади. Ўтган давр мобайнида 650 мингдан ортиқ видеоконференцалоқа режимида суд мажлислари ўтказилган.

Хулоса қилиб айтганда, Президентимизнинг суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш бўйича қарорида белгилаб берилган вазифаларнинг амалга оширилиши судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликнинг янада таъминланишига хизмат қилади.

       Д.Шодмонқулова,
 Тошкент шаҳар судининг судья катта ёрдамчиси