СУДЬЯНИНГ МАСЪУЛИЯТИ ВА БУРЧИ
Маълумки, жорий йилнинг 5 март куни давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев иштирокида ўтган Коррупцияга қарши курашиш Миллий кенгаши йиғилишида суд тизимида коррупциявий хавф-хатарларни олдини олиш, одил судлов сифати ва самарадорлигини ошириш доимо диққат марказида бўлиши зарурлиги ҳамда “судлар фаолиятига ҳар қандай аралашиш одил судловга соя солиш, деб баҳоланиши, бу бўйича сўров ҳам, жавобгарлик ҳам қаттиқ бўлиши” тўғрисида алоҳида таъкидланди.
Мазкур йиғилишда илгари сурилган вазифалар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг судьялар ва суд ходимларига мурожаат билан чиқди ва суд тизимида коррупцияни олдини олиш бўйича ишлар натижадорлиги ва келгусидаги устувор вазифалар муҳокама этилди.
Дарҳақиқат, мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш ҳамда одил судловни таъминлаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётган бир пайтда Олий суд раисининг мурожаати мазкур жараённинг долзарблигини яна бир бор тасдиқлаб, суд тизимида муҳим вазифаларни белгилаб берди. Президентимиз ва Олий суд раҳбари томонидан илгари сурилган ушбу ғоя ва ташаббусларни тўлиқ қўллаб-қувватлаган ҳолда, мурожаатда таъкидланган ҳар бир масалага атрофлича муносабат билдириш лозим деб ҳисоблаймиз.
Аввало, суд ҳокимиятининг мустақиллиги тамойилига риоя қилиш одил судловни таъминлашнинг энг муҳим кафолатларидан бири ҳисобланади. Президентимиз судьяларга нисбатан ҳар қандай ташқи аралашув қаттиқ қораланиши ва улар фақат қонунга бўйсуниши лозимлигини алоҳида таъкидладилар. Бунинг учун судьялар дахлсизлиги мустаҳкамланиши, суд тизимининг моддий ва ижтимоий таъминоти яхшиланиши, кадрлар танлови шаффоф механизмлар асосида амалга оширилиши зарур. Бугунги кунда бу борада қатор амалий ишлар олиб борилаётган бўлса-да, суд тизимининг ҳар бир аъзоси ўз зиммасига юклатилган масъулиятни чуқур англаб, мустақил ва холис суд қарорларини қабул қилишга қатъий риоя қилиши лозим.
Шунингдек, судьяларнинг касбий ва ахлоқий савиясини ошириш масаласи ҳам долзарб бўлиб қолмоқда. Олий суд раиси томонидан айтиб ўтилганидек, судьялик фақат ҳуқуқий билим билан эмас, балки юқори ахлоқий тамойилларга содиқлик билан ҳам чамбарчас боғлиқ. Судьянинг хулқ-атвори, жамият олдидаги намуналиги унинг адолатли қарор чиқариши билан бевосита боғлиқдир. Бу борада халқаро тажрибани инобатга олган ҳолда, судьялар фаолиятида ахлоқий меъёрларга қатъий риоя этиш ва уларни амалиётга кенг татбиқ этиш муҳим аҳамият касб этади.
Коррупцияга қарши кураш муаммоси ҳам мурожаатда алоҳида эътироф этилган бўлиб, Президентимиз ушбу иллатни жамиятнинг ривожланишига жиддий тўсиқ эканини қатъий таъкидладилар. Бугунги кунда суд тизимида коррупцияни бартараф этиш учун шаффофликни ошириш, инсон омилини камайтириш ва электрон ҳужжат айланиш тизимини такомиллаштириш асосий вазифалар сифатида белгиланган. Суд ишларини юритишда рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштириш, ишларни автоматлаштирилган ҳолда тақсимлаш ҳамда ижро ҳужжатларини электрон шаклда юбориш орқали коррупциявий хавф-хатарларни камайтириш зарур. Шу билан бирга, коррупцияга йўл қўйган судьялар ва суд ходимларига нисбатан кескин чоралар кўриш амалиёти давом эттирилиши шарт.
Олий суд раиси судьяларнинг дахлсизлиги масаласига ҳам тўхталиб, унинг имтиёз сифатида эмас, балки юксак масъулият ифодаси эканини алоҳида қайд этдилар. Судьянинг дахлсизлиги фақат унинг мустақил фаолиятини таъминлаш учун кафолат сифатида кўрилиши лозим. Бу дахлсизлик уларнинг жавобгарликдан озод бўлишини англатмайди, аксинча, судьядан янада юксак ҳалоллик ва адолатли қарорлар талаб қилади. Демак, судьялар ўз дахлсизлигидан нотўғри фойдаланиш ҳолатларига мутлақо йўл қўймаслиги, қонун ва адолатга содиқликни асосий касбий тамойил сифатида қабул қилиши керак.
Мурожаатда таъкидланган яна бир муҳим масала – коррупция билан боғлиқ ишлар бўйича жазолаш муқаррарлигини таъминлашдир. Суд тизими одил судлов тамойилига содиқ қолган ҳолда, коррупциявий жиноятларга қарши муросасиз курашиши шарт. Шунингдек, коррупцион ҳолатлар юзасидан махсус назорат механизмларини жорий қилиш, судьяларнинг фаолиятини доимий мониторинг қилиш ва жамоатчилик назоратини кенгайтириш зарур. Суд тизимидаги шаффофликни ошириш орқали жамиятнинг суд ҳокимиятига бўлган ишончини мустаҳкамлашга эришиш мумкин.
Президентимиз судьяларни халқ хизматида бўлишга, уларнинг фаолияти шаффоф ва адолатли бўлиши зарурлигини қайд этдилар. Бугунги кунда фуқароларнинг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш учун судьялар ва суд ходимлари жамият олдида ўз масъулиятларини тўлиқ англаб етишлари керак. Фуқаролар ҳар қандай суд қарорининг қонуний асосда қабул қилинганига ва адолатли эканига амин бўлиши лозим. Суд тизимининг нуфузини ошириш ва халқ ишончини мустаҳкамлаш учун ҳар бир судья ўз касбий маҳоратини доимий равишда ошириб бориши, хизмат бурчига фидойилик билан ёндашиши талаб этилади.
Хулоса қилиб айтганда, давлатимиз раҳбарининг коррупцияга қарши курашиш бўйича Миллий кенгаш йиғилишида илгари сурилган фикрлари ва Олий суд раисининг бу борадаги мурожаати мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш ва коррупцияга қарши курашиш борасида муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилади. Уларда таъкидланган барча масалалар мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш ва суд ҳокимиятининг обрў-эътиборини оширишга қаратилган. Бу йўлда барча судьялар ва суд аппарати ходимлари жамият олдидаги масъулиятни ҳис қилиши, қонунийлик ва адолат тамойилларига қатъий риоя қилиши, шунингдек, коррупцияга қарши курашишда шахсий масъулиятини чуқур англаб етиши шарт. Мурожаатда таъкидлаганидек, суд ҳокимияти – адолат ва қонун устуворлигини таъминловчи асосий кафолатдир. Шу боис, ҳар бир судья ва суд ходими ушбу тамойилларга содиқ қолиши ва мамлакатимизда ҳақиқий адолат ҳукм суриши учун бор кучини сафарбар қилиши лозим.
Қаҳрамон МИРСАФАЕВ
Тошкент шаҳар судининг жиноят
ишлари бўйича судьяси