СУДЛАР ТОМОНИДАН 2022 ЙИЛНИНГ I ЯРИМ ЙИЛЛИГИДА КЎРИБ ЧИҚИЛГАН ФУҚАРОЛИК ИШЛАРИ ЮЗАСИДАН АХБОРОТ
Тошкент шаҳар фуқаролик ишлари бўйича судлари томонидан ҳисобот даврида жами 44 033 та фуқаролик иши тамомланган бўлиб, ишларнинг сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 20 270 тага ёки 85,3 фоизга кўпайган (2021 йил 1-ярмида бу кўрсаткич 23 763 тани ташкил этган).
Жами тамомланган 44 033 та ишдан 31 529 таси бўйича ҳал қилув қарори чиқарилган бўлиб, шундан 28 606 та иш бўйича даъво талаблари қаноатлантирилган, 2 923 таси рад этилган, 420 та иш юзасидан иш юритиш тугатилган, 4 978 та ариза кўрмасдан қолдирилган, ҳакамлик судларининг ҳал қилув қарорларига доир 76 та иш ва 7.030 та материал кўрилган.
Шунингдек, жорий йилнинг 1-ярмида 20 937 та аризалар суд буйруғи тартибида ҳал қилинган бўлиб, 2021 йилнинг шу даврига (12 143 та) нисбатан 2 820 тага ёки 72,4 фоизга кўпайган, шундан 2 537 таси вояга етмаган болалар таъминоти учун алимент ундириш, 888 таси иш ҳақи ундириш, 1 249 таси солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарздорликни ундириш, 13 101 таси хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари аъзоларидан мажбурий бадаллар ва тўловларни ундириш, 3 162 таси ёзма битимга асосланган ва қарздор томонидан тан олинган талаблар бўйича суд буйруқларини ташкил этган.
Жами кўрилган 64 970 та иш Тошкент шаҳрида фаолият кўрсатаётган 5 та фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судлари кесимида таҳлил қилинганда, шундан:
228 таси Яккасарой туманлараро суди;
474 таси Мирзо Улуғбек туманлараро суди;
869 таси Шайхонтоҳур туманлараро суди;
283 Миробод туманлараро суди;
107 Учтепа туманлараро суди ҳисобига тўғри келади.
Тошкент шаҳар фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судларида 44 нафар судьялик штати мавжуд бўлиб, жорий йил 1-ярми якунида 41 нафар судья фаолият кўрсатиб, вакант ўринлар 2 та бўлган. Ҳар бир судьянинг ўртача ойлик иш ҳажми 264 та ишни ташкил этган.
Судлар томонидан кўрилган ишлар бўйича давлат фойдасига даъво ариза тақдим этишда ихтиёрий 24 832 227 007 сўм давлат божи тўланган бўлиб, иш якуни бўича суд қарорлари асосида 51 158 051 336 сўм давлат божи ундириш белгиланган.
Тошкент шаҳар фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан 2022 йилнинг 1-ярми давомида шикоят ва протестлар асосида 1 479 та фуқаролик иши кўрилган бўлиб, ишлар сони ўтган йилнинг шу даврига (1 243 та) нисбатан 236 тага ёки 19 фоизга ошган.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, келиб тушган апелляция шикояти ва протести туманлараро судлари томонидан кўрилган жами 44 033 та ишларнинг 3,4 фоизини ташкил этган.
Апелляция инстанциясида кўрилган 1 479 та ишнинг 1 113 таси юзасидан суд қарорлари ўзгаришсиз қолдирилиб, 271 таси ёки жами кўрилган ишларнинг 0,6 фоизи бекор қилинган, 95 таси ёки 0,2 фоизи ўзгартирилган.
Тошкент шаҳар фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяларининг ўртача ойлик иш ҳажми 21 та фуқаролик ишини ташкил этган.
Кўрилган ишларнинг таҳлили 2021 йилниг 1-ярмига нисбатан жорий йилнинг 1-ярмида қуйидаги тоифа ишлар сони КАМАЙГАН:
Ижара шартномаси билан боғлиқ низолар 252 тадан 181 тага (-71 та);
ишга тиклаш ҳақидаги ишлар 254 тадан 188 тага (-66 та);
жиноят оқибатида етказилган зарарни қоплаш 64 тадан 16 тага (-48 та);
уйдан кўчириш 242 тадан 203 тага (-39 та);
маъмурий ҳуқуқбузарлик оқибатида етказилган зарарни қоплаш 80 тадан 43 тага (-37 та);
уйга киритиш ҳақидаги ишлар 263 тадан 229 тага (-34 та);
мулкни ноқонуний эгаликдан талаб қилиб олиш 70 тадан 43 тага (-27 та);
фуқаронинг муомала лаёқатини чеклаш ёки лаёқатсиз деб топиш 147 тадан 129 тага (-18 та);
атроф-муҳит, тарихий, маданий ёдгорликларга етказилган зарарни қоплаш билан боғлиқ ишлар 8 тадан 4 тага (-4 та);
фарзандликка олшиш ҳақидаги ишлар 192 тадан 189 тага (-3 та) камайган.
Шу билан биргаликда қуйидаги тоифа ишлар сони КЎПАЙГАН:
Кредит шартномасидан келиб чиқадиган низолар билан боғлиқ ишлар 10.951 тадан 19.260 тага (+8.309 та);
қарз ундириш ҳақидаги ишлар 988 тадан 1.977 тага (+989 та);
ўзбошимчалик билан қурилган уй-жой ёки қурилмани бузиш ҳақидаги ишлар 695 тадан 1.653 тага (+958 та);
коммунал қарздорлик билан боғлиқ ишлар 107 тадан 743 тага (+636 та);
уй-жойдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топиш ҳақидаги ишлар 694 тадан 896 тага (+202 та);
никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишлар 3.850 тадан 3.974 тага (+124 та);
иш ҳақи ундириш ҳақидаги ишлар 202 тадан 337 тага (+135 та);
қонунга хилоф тарзда жавобгарликка тортиш натижасида етказилган зарарни қоплаш ҳақидаги ишлар 77 тадан 97 тага (+20 та);
мерос билан боғлиқ ишлар 153 тадан 264 тага (+111 та);
ота-оналик ҳуқуқидан махрум қилиш 133 тадан 157 тага (+24 та) кўпайган.
Юқоридаги маълумотлардан, 2022 йилнинг 1-ярмида олдинги йилнинг шу даврига нисбатан судлар томонидан кўрилган ишлар сони асосан кредит, қарз, ноқонуний қурилмаларни бузиш ва коммунал қарздорликни ундиришдан келиб чиқадиган низолар ҳисобига ошганлиги кўринади.
Мазкур ишлар таҳлилидан кўринишича, кредит шартномалари бўйича низолар асосан тадбиркорлик субъектлари томонидан фуқароларга маиший техникалар қийматини бўлиб-бўлиб тўлаш асосида реализация қилиш ҳақидаги шартномаларга тўғри келади.
Шу билан бирга, банк муассаларидан олинган кредит шартномалари бўйича мажбуриятлар ўтган йиллардаги эпидемиологик вазият сабабли аҳоли даромадининг нисбатан камайганлиги ва тўлов қобилиятининг пасайганлиги билан боғлиқдир.
2022 йилнинг 1-ярмида судлар томонидан кўрилган никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишлар ўтган йилнинг шу даври билан қиёсланганда 3 850 тадан 3 974 тага (124 та ёки 3,2 фоиз)га кўпайган. Шундан қаноатлантирилган аризалар сони 2021 йил 1-ярмида 1789 та ёки 46,5 фоизни ташкил этган бўлса, 2022 йилнинг 1-ярмида 1783 та ёки 45,0 фоизни ташкил этган.
Судларда оилаларни сақлаб қолиш мақсадида даъвоси рад этилган, тарафлар ярашганлиги учун иш юритиш тугатилган ва кўрмасдан қолдирилган ишлар сони 2022 йилнинг 1-ярмида 2191 тани ёки 55,0 фоизни ташкил этган (2021 йил 1-ярмида 2061 та ёки 53,5 фоиз).
Никоҳдан ажратиш ҳақида кўрилган 3974 та ишнинг 2 215 таси (55,7 фоиз) бўйича аёллар, 1 759 таси (44,3 фоиз) бўйича эркаклар даъвогар сифатида қатнашган. Энг ачинарлиси, никоҳдан ажратилган оилаларнинг 2 113 нафар вояга етмаган фарзандлари бўлган.
2022 йилниг 1-ярмида жами кўрилган никоҳдан ажратиш ҳақидаги фуқаролик ишларини Тошкент шаҳрининг туманлар кесимида таҳлил қилинганда,
Сирғали тумани бўйича 294 (216) та;
Шайхонтоҳур тумани бўйича 524 (483)та;
Янгиҳаёт тумани бўйича 160 (122) та;
Чилонзор тумани бўйича 403(374) та;
Олмазор тумани бўйича 349(325) тани ташкил этган ва бошқа туманларга қараганда ўтган йилнинг шу даврига нисбатан сезиларли даражада ошганлигини кўриш мумкин.
Шунингдек, никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишлар Яккасарой тумани бўйича 141 (172) тани ташкил қилиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 31 тага камайганлигини таъкидлаш зарур.
Оилаларни сақлаб қолиш, болаларни соғлом оила бағрида камол топиши учун шаҳар суди томонидан жойларда никоҳ ва оила масалаларига бағишланган учрашувлар мунтазам равишда ўтказилиб келинмоқда, оилаларни яраштириш чораларини кўриш мақсадида “Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш марказ”ларига яраштириш учун муҳлат тайинланган ва рад этилган ишлар юзасидан хатлар юборилмоқда. Шунингдек, оилаларни яраштириш ишларини кучайтириш мақсадида Оила ва хотин қизлар давлат қўмитаси Тошкент шаҳар бошқармаси, Ёшлар ишлари агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси, Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармасининг Тошкент шаҳар бўлими, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш Тошкент шаҳар бошқармаси билан ҳамкорлик қилиш, жойларда сайёр учрашув ва қабуллар ўтказиш бўйича режалар ишлаб чиқилди.
Маълумки, кейинги йилларда судлар томонидан асоссиз жиноий жавобгарликка тортилган шахсларни реабилитация қилиш мақсадида кўплаб оқлов ҳукмлари қабул қилинди. Бу ўз навбатида фуқаролик ҳуқуқий оқибатларини ҳам келтириб чиқармоқда. Тошкент шаҳар фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судлари томонидан қонунга хилоф тарзда жиноий жавобгарликка тортиш натижасида етказилган зарарни қоплаш билан боғлиқ 97 та фуқаролик иши кўрилган бўлиб, шундан 78 таси ёки 80,4 фоизи қаноатлантирилиб, фуқароларнинг фойдасига 24.565.000.000 сўм маънавий зарар ундириш белгиланган (13 та иш қаноатлантиришдан рад этилган, 5 таси кўрмасдан қолдирилган, 1 таси иш юритишдан тугатилган).
Шунингдек, Тошкент шаҳар фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судлари томонидан 2022 йилнинг 1-ярмида интеллектуал мулк ҳуқуқидан келиб чиққан низолар билан боғлиқ 5 та фуқаролик иши кўриб чиқилган бўлиб, шундан 3 таси қаноатлантирилиб, 100.000.000 сўм маънавий зарар ундириш белгиланган, 1 та даъво ариза қаноатлантиришдан рад этилган ва 1 таси иш юритишдан тугатилган.
Маълумки, фарзандликка олиш ҳақидаги аризаларни кўриш Қонун билан судлар ваколатига берилган, мазкур даврда судлар томонидан 189 та фарзандликка олиш ҳақидаги аризалар кўриб чиқилган бўлган, шундан 167 таси қаноатлантирилган, 5 таси рад этилган, 16 таси кўрмасдан қолдирилган, 1 таси иш юритишдан тугатилган.
Шу билан бирга, судлар томонидан жорий йил 1-чоракда битимларни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида жами 109 та фуқаролик иши кўрилган, шундан 28 та ҳолатда нотариал ҳаракатлар ҳақиқий эмас деб топилган, 56 та даъволар рад этилган, 9 таси иш юритишдан тугатилган, 16 та ариза кўрмасдан қолдирилган. 3 та ҳолатда қонун талаблари қўпол бузилганлиги юзасидан хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариусларга нисбатан хусусий ажрим чиқариш йўли билан муносабат билдирилган.
Профилактика…
Судлар томонидан 2022 йилнинг 1-ярмида ишларни кўриш вақтида аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан 185 та хусусий ажрим чиқарилган ва уларнинг ижроси назоратга олинган. 18 марта суд амалиёти юзасидан умумлаштиришлар ўтказилиб, судьялар иштирокида фаолиятда мавжуд хато ва камчиликлар муҳокама қилиниб, уларни олдини олиш юзасидан чоралар белгиланган.
Шаҳар суди раиси томонидан тасдиқланган режага асосан Тошкент шаҳрида фаолият кўрсатаётган барча судьялар Тошкент шаҳридаги 579 та маҳалла фуқаролар йиғинларига бириктирилган. Улар томонидан ўзларига бириктирилган маҳаллаларга ҳар ойда камида бир марта чиқишига эътибор қаратилмоқда.
Мурожаатлар…
2022 йил 1-ярми давомида Тошкент шаҳар суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати ва туманлараро судларига жами 5 641 (5 919) та мурожаат келиб тушган. Шундан 5 552 таси ёки 98,4 фоизи мазмунан ҳал қилинган. Ҳал қилинган мурожаатларнинг 2 754 таси Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналаридан электрон келиб тушган ҳамда 2 798 таси жисмоний ва юридик шахс вакилларининг судларга қилган мурожаатларини ташкил қилади.
Президент виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналаридан келиб тушган 2 752 та мурожаатлар бевосита Тошкент шаҳар суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан кўриб чиқилган бўлиб, барча мурожаатлар алоҳида назоратга олиниб, бевосита мурожаатчилар билан суҳбат асосида ўрганилиб, муаллифларга муаммони ҳал этиш юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилган.
Эътиборли жиҳати шундаки, мазкур мурожаатларнинг 1 831 таси, яъни 66,6 фоизи судда иши ҳали кўрилмаган, лекин ҳуқуқий тушунтириш бериш лозим бўлган масалаларни ташкил этган.