СУДЛАР ТОМОНИДАН 2022 ЙИЛНИНГ 9 ОЙИДА КЎРИБ ЧИҚИЛГАН ИҚТИСОДИЙ ИШЛАР ЮЗАСИДАН АХБОРОТ
Ҳисобот даврида жами 51 954 та (2021 йилда 42 121 та) даъво ариза ва ариза келиб тушган. Ўтган йилдан 2022 йилга қолдиқ бўлиб ўтган ишлар сони 3 282 тани ташкил этади. Шундан 46 227 таси иш юритишга қабул қилиниб, ҳисобот даврининг охирига қадар 45 006 таси (2021 йилда 31 888 та) кўриб чиқилган. Кўриб чиқилган ишларнинг 39 541 таси бўйича даъво талби қаноатлантирилган, 3 133 таси бўйича даъво талабини қаноатлантириш рад этилган, 897 таси бўйича иш юритиш тугатилган, 1 435 та даъво аризаси (ариза) кўрмасдан қолдирилган.
Кўрилган ишлар сони ўтган йилга нисбатан 13 118 тага ёки 41,1 фоизга кўпайган.
Суд мажлисларининг тарбиявий ва профилактик аҳамиятини ошириш, томонларга суд процессида қатнашиб, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишлари учун қулайлик яратиш мақсадида, кўрилган 45 006 та ишларнинг 18 185 таси ёки 40,4 фоизи сайёр суд мажлисларида ҳал этилган.
Ҳал этилган ишлар бўйича даъвогар (аризачи)лар фойдасига 5 216,6 млрд.сўм ҳамда республика бюджетига 160,4 млрд. сўм давлат божи ундириш тўғрисида суд ҳужжатлари қабул қилинган.
Тарафлар томонидан ишни судда кўриш учун ихтиёрий тўланган давлат божи суммаси 36,6 млрд. сўмни ташкил этган.
Судлар томонидан ҳисобот даврида фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиққан 21 485 та, маъмурий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиққан 22 683 та, юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлашга доир кўрилган ишлар 17 та, ташкилотлар ва фуқароларни банкротлигига оид муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар 745 та, корпоратив ҳуқуқий муносабатлар бўйича эса 76 та иқтисодий ишлар кўриб ҳал этилган.
Мурожаатлар…
Статистик маълумотларга кўра, Тошкент шаҳар судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати ҳамда Тошкент туманлараро иқтисодий судига жами 393 та мурожаатлар (43 таси судлов ҳайъатига, 350 таси туманлараро иқтисодий судига) келиб тушган. Улардан 379 таси тўлиқ ўрганилиб, муаллифларга батафсил жавоб хатлари берилган ҳамда ўрганишдаги қолдиқ мурожаатлар сони 14 тани ташкил этган.
Судларда иш кунлари соат 9:00 дан 18:00 га қадар суд биносида раисларнинг шахсий қабули ташкил этилган бўлиб, ҳисобот даврида Тошкент шаҳар судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси томонидан 49 нафар, Тошкент туманлараро иқтисодий суди раиси томонидан 79 нафар жисмоний ҳамда юридик шахс вакиллари қабул қилиниб, уларга ҳуқуқий тушунтиришлар берилган.