СУДЛАР АТРОФИДАГИ АХБОРОТ: МАНФААТ ҲАММА НАРСА, МАНФААТ ҲЕЧ НАРСА…

Бугун шиддатли аср, яъни ахборот энг қиммат товарга айланиб улгурган даврда яшаяпмиз.

 

Ахборотга эгалик устунликни тақдим этадиган замон ҳамда ақллар беллашадиган макондамиз.

 

Дунё мамлакатларида тарқалаётган ахборотларнинг 80 фоизига яқини 6 та йирик массмедиа компаниялари ҳиссасига тўғри келмоқда, лекин бугун сўз юритадиган мавзумиз эса судьялар ҳақидаги ахборотларнинг маълумгина, яъни манфаатларга дахлдор бир қисми ҳақидагина боради.

 

«Бу дунё шундай қурилганки, уни манфаат бошқаради», дейишади буюк донишманд-файласуфлар.

 

«Манфаат» деган тушунча ўз навбатида иқтисодий, сиёсий, ижтимоий, маънавий ва ҳоказо кўринишда бўлиши ҳам ҳақиқат.

 

Дейлик, судларда тарафларнинг ишончли вакил (ҳақ эвазига ҳуқуқий хизмат кўрсатувчи)лари суд ишларида албатта иқтисодий манфаат топишни мақсад қилади. Яъни, маълум бир ҳақ эвазига, буюртмачи (мижоз) билан унинг фойдасига судда ишни ютишга ҳаракат қилиш мажбуриятини олиб, шу ҳақда ёки шунга ўхшаш келишув тузишади…

 

Сиёсий манфаатда эса давлат кенг маънода судларда адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш орқали аҳолининг суд ҳокимияти – давлат ҳокимиятига ишончини тобора оширишни мақсад қилади.

 

Қуйида тор сиёсий манфаатга мисол келтириш мумкин.

 

Судларда топиладиган ижтимоий манфаат шундай манфаатки, бунда тарафлар жамиятдаги ижтимоий адолат деган тушунча учун, қонун устуворлиги, тенг ҳуқуқлилик, бағрикенглик, инсонпарварлик, бир сўз билан айтганда, табиат томонидан тақдим этилган ҳуқуқларнинг тош-тарозиси, мувозанати учун судларда низолашади.

 

Судлар фаолиятида маънавий манфаатни изловчилар эса ўзи ҳалол-пок, диёнатли, бағри кенг, беғараз, етарлича малакали, илмли ва судда ишларни ҳалол йўл билан ютишга сарфлайдиган, ҳаром ва ғирромнинг ҳар қандай туридан ҳазар қиладиган ва судда ютиш учун ҳар қандай нопок усул-воситаларнинг бирор-бир туридан фойдаланмайдиган, фақатгина судда адолат қарор топсагина, шунда ҳам беминнат меҳнатидан бутун вужуди билан рози бўладиган тоифа вакиллари тушунилади.

 

Энди, ушбу манфаатларда ахборотнинг ўрни нимада ёки судлардаги турли манфаатларга ахборотнинг қандай алоқаси бор дейсизми?

 

Гап шундаки, барча замонларда ахборотга эгалик ҳар қандай соҳада ҳам устунлик берган. Тарих гувоҳки, илмли инсон (билимларни ўзида мужассам этган ахборот соҳиблари), илмсизлардан албатта юқори турган, агар, у илмли шахс, илмини ғараз мақсадларда сарфламаса…

 

МАСАЛА НИМАДА?

Агар ахборот манфаатларга бўйсундирилса ё ахборотлар манфаатга эришиш воситаси сифатида қўлланилса, бундай ҳолатлар ўз-ўзидан ислоҳотлар, жумладан, судларга оид ислоҳотлар самарасига ҳам салбий таъсир этмай қолмайди.

 

Минг афсуслар бўлсинки, судлардаги иқтисодий ва сиёсий манфаатлар доирасида шундай ҳолатлар юзага келадики, гарчи, судларда тарафлар адолатли ва қонуний қарор асосида ютқазган ёки ютқазишини аввалдан билган бўлсада, суд фаолиятига нисбатан нотўғри, нохолис, ғаразли мақсадда ахборот тарқатишга бор эътиборини қаратади.

 

Чунки ҳеч ким ўз манфаатидан кечгиси келмайди. Уларни манфаат бошқаради.

 

Яъни суд ишни нотўғри кўргани, судьянинг нохолислиги, унинг иккинчи тарафдан манфаатдор эканлиги фақатгина шубҳаларга асосан рўкач қилиниб, шунинг боис у судда ютқазганлигига зўр бериб, судьяга нисбатан турли даражадаги инстанцияларга шикоят қилиб, нотўғри ва нохолис ахборот тарқатиб, ишни ўз фойдасига ҳал этишнинг пайида бўлади.

 

Демак, келтирилган аччиқ ҳақиқат асосида айтиш мумкинки, манфаат носоғлом ахборот муҳитини яратади. Натижада нотўғри ва ноўрин хулоса ва фикрлар шакллана боради.

 

Судлардаги яна бир ҳолат: у ёки бу мансабдор ўз мақсадини сиёсий манфаатга, дейлик давлат ва жамият манфаатига ўраб, ниқоблаб олади. Гарчи бу давлат ва жамият манфаатига алоқадор бўлмасада, суд фаолиятига дахлдор тизимни шунга ишонтиришга уринади.

 

Бу ҳолатларнинг оқибати ҳам айнан «иқтисодий манфаат» каби бўлиб, судларга давлат ва жамият манфаатига эътибор қаратилишини уқтиришда, шундан келиб чиқиб судьяларга баҳо беришда намоён бўлади.

 

Аммо, манфаатнинг иқтисодий манфаатдан фарқли жиҳати судьянинг мустақиллиги ва унинг келажак фаолиятига у ёки бу тарзда маъмурий воситалар билан таъсир этиши мумкинлигида кўринади. Яъни, айрим маъмурий тизимларда ўзи ёки гуруҳ манфаатлари учун суд, судья ҳақида нохолис ахборотларни шакллантириш орқали унинг карьераси, тақдирини ҳал этишга таъсир этиб, билиб-билмай, суд ислоҳотларига ғов бўлиб қолишга беминнат сабабчи бўлади.

 

Демак, судларда албатта манфаатлар тўқнашади, баъзан катта-катта манфаатлар ҳам тўқнашади. Чунки судлар қонунларни бевосита қўллайдиган ва охирги сўзни айтадиган ҳокимиятдир. Суд натижаси ўз фойдасига ҳал бўлмаган тараф албатта суддан рози бўлмайди. Бу табиий ҳолат.

 

Бироқ, бу жараёнда суд фаолиятига нисбатан маълум манфаатларга хизмат қилишни кўзда тутувчи ахборот сиздирилиши юзага келади.

 

Негаки, ахборот асрида шундай ғирром қоида борки, бунда жараённинг оқ ёки қоралиги муҳим эмас, балки бу рангларни аҳолига қандай қилиб кўрсатиш бирламчидир. Бунинг бошқача номи ижтимоий манипулияциядир. Манипулияция ахборот тарқатиш воситаси асосида амалга оширилади.

 

Демак, судларда манфаатлар ва ахборотлар боғлиқлиги шундан иборатки, аҳолини судларда ишларни адолатсиз кўриб чиқилишига ишонтириш орқали бундан манфаат топади ва ҳоказо…

 

Худди судда ишинг ҳал бўлиши учун «ё заринг ё зўринг бўлсин», деган каби…

 

Бу эса манфаатлар асосидаги ахборотлар таъсирига ҳамда манипулияция гирдобига осонгина тушиб қоладиган тоифага ўз таъсирини яққол кўрсатади. Бу қараш асоссиз, асл ҳолат эса буни инкор этади.

 

Негаки, бугун судьяларнинг шароити ижтимоий ҳолати, моддий ва молиявий таъминоти уларни иқтисодий жиҳатдан ҳеч кимга қарамликка йўл қўймайди ҳамда «тили қисиқлиги»га олиб келмайди ва уларни тамаъгирликка етакламайди.

 

Бордию, мабодо бунинг акси бўлса, унда одил судловга хиёнат ва ношукурлик бўлади.

 

Айтишимиз жоизки, судларда, судьяларда ҳам тарафларда ҳам битта манфаат – маънавий манфаат устувор бўлиши ва ахборот ҳам айнан шу манфаатни эътибордан четда қолдирмаган ҳолда ёйилиши лозим. Албатта ҳаёт бор экан, қолган манфаатлар ҳам йўқ бўлиб кетмайди, хоҳлайсизми-йўқми, улар ҳам яшашда давом этаверади, аммо улар қонунга қатъий риоя қилган ҳолда яшаши даркор.

 

Токи, судьянинг маънавий манфаатида судья ўзининг қабул қилган адолатли, қонуний, тўғри, холис қароридан кўнгли тўлсин, ҳеч қачон ички ишончини ишончсиз ҳолатга келтирмасин ва ғурури эгилишига сабаб бўлмасин, тарафларга ёруғ юз билан тик боқсин, кўзлари чақнасин, виждони яйрасин, пок виждон билан тунлари тинч ухлаб, ҳар кунни хотиржамликда ўтказсин.

 

Тарафлар, вакиллар, воситачилар, судлар фаолияти ҳақида «манфаатли ахборот» тарқатувчилар ва ҳоказо бошқача тарзда манфаатдорликни кўзловчилар ҳам судларда, одил судловда ҳақиқий инсон роҳат топадиган «маънавий манфаат»ни ҳис этсин.

 

Ана шундагина судлар атрофида холис ахборот муҳити шаклланади. Бундай муҳитнинг жамиятга ижобий таъсири, ислоҳотларимиздаги ўрнини эса бир сўз билан таърифлаш мушкул. Буни фақат соҳани озгина бўлсада, ичдан билган кишигина вужудидан ўтказиши мумкин.

 

Манфаат ҳамма нарса, манфаат ҳеч нарса…

 

Нуриддин МУРОДОВ,

Тошкент туманлараро иқтисодий суди раиси