СУДЛАРДА ПРОКУРОР ИШТИРОКИ

Тошкент туманлараро иқтисодий судида “Судларда ишларни кўришда прокурор иштирокини таъминлаш” тўғрисида кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди. 

Йиғилишда Тошкент шаҳар судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати судьялари, Тошкент шаҳар прокуратураси вакиллари ҳамда  Тошкент туманлараро иқтисодий судининг судьялари иштирок этишди.

Тадбирда  Тошкент туманлараро иқтисодий судининг  раиси  Зокир Худойқулов Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 30 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига судларда ишларни кўришда прокурорнинг ваколатларини таъминлашга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги  Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга алоҳида тўхталиб ўтди.

Хусусан, мазкур Қонунга кўра, прокурор ўзининг даъво аризаси (аризаси) асосида қўзғатилган ишларда, шунингдек, давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ерга оид ҳуқуқий муносабатлар, давлат мулки билан боғлиқ ишларда, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузиш, давлат бюджетидан ундирувлар, ўзбошимчалик билан қурилган иморатга бўлган мулк ҳуқуқини эътироф этиш, хусусий мулк сифатида эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш фактини аниқлаш, божхона тўловларини ундириш билан боғлиқ ишларда иштирок этиши мумкинлиги белгиланганлиги таъкидланди.

Шунингдек, мулоқотда  Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексининг 49-моддасига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар юзасидан масъуллар томонидан иштирокчиларга тушунтиришлар берилди.

Йиғилиш давомида Тошкент шаҳар прокуратураси Иқтисодий суд ишларини юритишда прокурор ваколатини таъминлаш бўлими бошлиғи Аҳрор Муҳаммадбоқиев таъкидлашича, Қонуннинг қабул қилиниши прокуратура органларининг одил судловни амалга оширишга кўмаклашиш борасидаги фаолияти самарадорлигини янада оширишга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, жамият ҳамда давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилишга, шунингдек судларда ишларни муҳокама қилишда қонунийликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.    

Мазкур тадбир судлар ва прокуратура органларининг одил судлов самарадорлигига ҳисса қўшиш билан бирга келгусида судларда ишларни кўришда прокурор иштирокини таъминлаш борасида муҳим чора тадбирларни белгилаб олишда муҳим аҳамият касб этади.

  

                                                         

Акрам Унгаров,

Тошкент туманлараро иқтисодий

суди судья ёрдамчиси