СУДЛАРГА НИСБАТАН АСОССИЗ ВА ЭСКИЧА ҚАРАШЛАР, ХОРИЖ ТАЖРИБАСИ, ДЕЯ ҚОНУННИ “ЯМАБ ТУЗАТИШ”ЛАР УЧРАЯПТИ – ЯГОНА МОТИВАЦИЯ ДАРКОР…

Жамиятда инсонлар ўзаро ижтимоий ва бошқа муносабатларга киришар экан, муаммо, низо, ноҳақлик, ахлоқ-одобсизлик, адолатсизлик, умуман олганда, ҳар қандай низоли масалалар ечими ёки инсонга ярашмайдиган хулқ-атворни жой-жойига қўйиш учун холис бир шахс, холис маскан ва имконга зарурат пайдо бўлган…

 

Демакки, суд – низоларни ҳал этиш, ечиш маскани, одоб-ахлоқ меъёрлари, қонунлар қўлланиладиган жой бўлиб, адолат сўраб бориладиган ва таъминланадиган даргоҳдир.

 

Шунинг учун ҳам судлар гоҳ салбий, гоҳ ижобий ё мўътадил фикр-мулоҳаза, муносабат, миннатдорлик, эътироз ва норозилик билдирадиган «минбар», «тарози палласини адл тутиб туриш учун ташкил этилган маскан», ҳақ ё ноҳақлигидан қатъи назар, аҳолининг ҳар бири бош ўриб борадиган умумостона бўлиши даркор.

 

Ҳар қандай ҳолат ва вазиятда ҳам судлар адолат ва қонун устуворлиги асосида ишончни мустаҳкам ва бардавом қозониши шарт.

 

Ана энди судга ҳурмат ва ишончнинг ортишига тўсиқ бўлаётган тўққиз масала ва ҳар доим ҳам етиша олмаётганимиз ягона мотивация ҳақида фикрлашсак.

 

РАСМИЙЛАРНИНГ СУДЛАРГА НИСБАТАН ҚАРАШЛАРИ ЗАМОН ВА ҚОНУН ТАЛАБЛАРИГА АСОСЛАНИШИ ЛОЗИМ…

Бугун сўз ва фикр эркинлиги – очиқлик замонида яшамоқдамиз. Албатта, ахборот асри, айниқса ижтимоий тармоқлар у ёки бу муносабатни шакллантириб қўядиган, популизм, пиар оддий ҳолатга айланиб бораётган, манфаатли ахборотлар устувор аҳамият касб этаётган глобал макондамиз.

 

Шу маънода судлар фаолиятига билдирилаётган муносабатлар асосли бўлиши, етарлича таҳлилларга таяниши мақсадга мувофиқ.

 

Ижтимоий тармоқларда судлар фаолиятига алоқадор айрим расмий вакилларнинг фикрлари билан ҳам танишиб бормоқдамиз. Бундай фикрларнинг юки оғирлиги билан бирга, асосга эгалиги, оқибати, жамиятга, ислоҳотларга таъсири ҳам эътиборга олиниши муҳим.

 

Масалан: «Судлар фаолиятига нисбатан аҳолининг мутлақо норозилиги ортиб бормоқда», деган фикр шахсий муносабатга хос бўлиб, асл ҳолат қўйидагичадир.

Статистик маълумотларга кўра, жорий йилнинг ярмида Иқтисодий судларда 84 000 дан ортиқ ариза ва даъво аризалар кўрилган бўлса, уларнинг 3 фоизига нисбатан, Фуқаролик судларида эса 405 000 дан ортиқ (суд буйруқлари билан қўшиб айтганда) ишлар кўрилган бўлса, уларнинг 2 фоизига нисбатан юқори инстанция судларига шикоятлар берилган.

 

Шикоятларнинг ўрта ҳисобда 1 фоизи қаноатлантирилганда ҳам «судга иши тушганларнинг бир фоизининг суд ҳужжатларидан норозилиги асослидир», деган хулосага келиш мумкин. Демак, билдирилаётган муносабатларда албатта бу омиллар эътиборга олиниши керак.

 

Маъмурий ва жиноят судларида суд ҳужжатларига нисбатан шикоят бироз юқори бўлиб, бунда шикоят беришнинг даврийлиги яъни, 10-15 йил аввалги ишлар бўйича ҳам шикоятлар кўриб чиқилаётганлиги муҳимдир. Ушбу кўрсаткич, илғор хорижий амалиётда ҳам ёмон кўрсаткич саналмайди.

 

Шу асосда ҳақли савол туғилади: юртимизда давлат сиёсати асосида олиб борилаётган суд-ҳуқуқ соҳасининг прогрессив ислоҳотлари натижаси, яъни, қисқа муддатда 4 000дан зиёд оқлов ҳукмлари, 6 000 дан ортиқ нотўғри қўйилган айблов нормаларининг айбловдан чиқарилиши ё ўзгартирилиши, иқтисодий ва фуқаролик судларда давлатдан тадбиркор ёки фуқароларга ундирилиб берилган ва берилаётган (аввал кузатилмаган) триллиондан ортиқ маблағлар ёки ноҳақ бўшатилиб ишга тикланган 2 000 дан ортиқ фуқароларга оид суд ҳужжатлари, қанчалик маблағ талаб қилинмасин, судлар фаолиятига АКТ изчил қўлланилганлиги, коррупция ҳолатлари кескин камайганлиги, судьяларнинг ижтимоий аҳволи бир неча баробар яхшиланганлиги каби ҳолатлар айрим расмий вакилларнинг баёнот ва фикрларини мушоҳада қилиши лозимлигини кўрсатади.

 

Демак, судларга юқоридан туриб назар солиш, эскича қарашларни ўзгартириш вақти келди.

 

«ЭСКИ КАСАЛЛИК», ОДИЛ СУДЛОВНИ ТАЪМИНЛАШ УЧУН МОДДИЙ ВА АЙНИҚСА ПРОЦЕССУАЛ ҚОНУНЧИЛИКНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЗАРУРАТИ…

Албатта қонун, қонун бўлганда ҳам камида адолатли ёки ҳеч бўлмаганда мукаммалроқ қонунлар керак. Аслида дунёда идеал ё мукаммал ё ўзгармайдиган қонуннинг ўзи мавжуд эмас.

 

Билакс, асло жамиятдаги ижтимоий муносабатлардан, низо (казиус)лардан ортда қолаётган, ечими қонун ости ҳужжатда мавжуд дейдиган яхлит қонунлар эмас, балки айнан жамиятдаги муносабатлардан ҳеч бўлмаса, ярим қадам илгари юрадиган, «эй бу яна қандай янги ижтимоий муносабат бўлди, бу муносабат бизнинг нормаларда тартибга солинмаганку, тезда қонуности ҳужжатларидан ёки чуқур ўрганилмаган чет эл тажрибасидан олиб, ямоқ қилиб, қонуни тузатиш ҳақида қонун лойиҳа керак», қабилидаги қонунларни назарда тутмаяпман албатта.

 

Масалан: одамлар ўз хусусий мулкига оид ҳоким ёки бошқа мансабдор қарори бўйича судлашмоқчи бўлса, нега унга муддат (3 ой) белгилашимиз керак…

Бу каби муддатлар ва айниқса, процессуал муддатлар шу қадар кўпки, бу эски тузимнинг асорати ва афсуски, МДҲ давлатларининг кўпчилигига хос бўлган процессуал ҳуқуқ тизимига қаттиқ боғланиб қолганлигимиз оқибатидир.

 

Демак, номукаммал қонунчилик тизими ёки замон билан баб-баравар ҳаракатланмай оқсайдиган норма ижодкорлиги, қонуности ҳужжатларидаги устуворлик, идораларда қонуности ҳужжати билан ишлашга, одил судловни амалга оширишга ё судьянинг мустақил ва одил қарор қабул қилишига таъсир этувчи омилга айланиб қолмаслиги шарт.

 

Шунингдек, «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 11-моддасида белгиланган “Қонуности ҳужжатларида қонун ҳужжатлари даражасида тартибга солиниши лозим бўлган масалалар бўйича нормалар белгиланишига йўл қўйилмади» деган қонун нормасига ҳар доим ҳам эътибор қаратилмаётир ёки ушбу норма тизимли равишда эътибор талаблигича қолиб кетмоқда.

 

Оқибатда судлар фаолиятида урғу асосан эскидан қолган процессуал қонунчилик томон оғиб бормоқда, моддий ҳуқуқ нормаларини қўллаш амалиёти эса, эски касаллик каби оқсоқланиб қолгандек кўринади. Бу албатта одил судловга ишончнинг ортишига тўсқинлик қилади.

 

СУДГА ҲУРМАТ ВА ИШОНЧНИ ОШИРИШДА СУДЬЯНИНГ ШАХСИ…

Аввало илм, тажриба, илмий, ҳуқуқий, маънавий, сиёсий салоҳият судья ва суднинг юзи саналади.

 

Низолар, жиноятлар, судда кўрилаётган ишлар доирасида ёки ишларни кўришда судьяни реал ҳаётий тажрибаси, ишни ҳал этиш амалиётини ижобий шаклланганлиги, судьялар томонидан стратегик қарор қабул қилиш амалиёти, зарур минимум ҳаётий тажриба, малакали илм, соҳавий чуқурлашган билим ва тизимли амалиёт шарт.

 

Судья суд амалиётидаги муаммоларни мониторинг қиладиган, мукаммал таҳлил этадиган, илмий ва асосли ечимларни ўзига ва жамиятга таклиф этадиган кўникмалар устида ишлаши керак. Хуллас, ўша ҳамма билган гап – «малакали кадрлар кўп нарсани ҳал этади».

 

СУД МАСЛАҲАТ БЕРУВЧИ ТАШКИЛОТ ЭМАС…

Аҳолининг айрим қатлами афсуски, судларга ҳуқуқий маслаҳат берадиган ёки уларнинг даъвосини суд шакллантириб берадиган орган сифатида қарамоқда.

 

Шу тоифа аҳоли онгида судга ўз даъвоси билан борган шахсни судья қабул қилиши ва унга даъвони қандай шакллантириш, ёзма мурожаатларни тузиш, ҳужжатларни тайёрлаш, яна ўша судьянинг ўзи унинг низосини кўриб чиқиши лозимлиги суднинг мажбурияти сифатида гўё оддий ҳолат.

 

Шу йўсин, аҳоли орасида суд маслаҳат бермаганлигидан, судья уни суд мажлисидан аввал шахсий қабулда қабул қилмаганлигидан, уларга лозим даражада эътибор қаратмаганидан норозилик сифатида муносабат билдириш, турли инстанцияларга шикоят қилиш орқали судьяларга, одил судловга таъсир этиш ҳолатлари ортиб бормоқда.

 

Ваҳоланки, бундай хулоса ва бош оғриқ ҳамиша ортиқчадир. Ҳеч бир суд бундай бошоғриқни хоҳламайди. Оқибатда эса ушбу ҳолатлар кутганингиздек, судлар мустақиллиги ва одил судлов холислигининг емирилиб бориши сари етаклайди.

 

ЯНГИ ИЛЛАТ ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚ ОРҚАЛИ СУДГА, СУДНИНГ НАТИЖАСИГА ТАЪСИР

Бугун ижтимоий тармоқларда тарқалаётган судлар ва судьяларга оид асосли, ҳақли, холис ахборотлар билан бирга, шахсий ва гуруҳ манфаати кўзланган, замирида тамаъгирлик бўлган ғараз мақсадли ахборотларни тарқатувчи ва ўзини ижтимоий фаол фуқаро деб атайдиганлар ҳам урчиб бормоқда.

 

Суд ва судьяларга нисбатан ўз саҳифаси ва телеграм каналларида ахборот қўйиш орқали суд ишларини ҳал этиб бераман, деган қўштирноқ ичидаги айрим блогерлар ва ижтимоий фаол фуқароларнинг учраётганлиги хавотирли масаладир.

 

Ҳаттоки, судья ҳали маслаҳатда қолиб қабул қилмаган қарори бўйича ишларни олдиндан ҳал этиш ваъдасини берган ва кутилган қарор қабул қилинмаган тақдирда судья ва судлар фаолиятига нисбатан асоссиз ахборот сиздириш амалиёти кучаймоқда.

 

Бундай ҳолатларга мисол келтириш мумкин…

 

Бир ўйлаб кўринг, ҳеч қаерда ишламайдиган, бошқа даромад манбаи ҳам бўлмаган, лозим ҳуқуқий билим ва малакага ёки адвокатлик ваколатига эга бўлмаган шахс бир вилоятдан бошқа бир вилоятга ҳеч бир манфаатсиз бориб бегона бир шахс учун суд ишларига манфаатсиз аралашиши мумкинми?

 

Шу тарзда амалда очиқ, одил ва холис судлов ҳақида жамоатчиликнинг ахборот талабида номутаносиблик ёки бунинг оқибатида ижтимоий тармоқларда судлар фаолиятига оид шахсий ва нохолис позициялар билдирилиши ҳолатлари келиб чиқмоқда.

 

СУД ҲУЖЖАТЛАРИ ИЖРОСИ БИЛАН…

Суд қарорларининг ўз вақтида ижро этилмаётганлиги бевосита одил судловга, унинг қабул қилган ҳужжатларига нисбатан аҳоли ўртасида ҳурматни тушириб, пировардида судга бўлган, судлар мустақиллигига бўлган ишончни сусайтираётгани бор гап. Бу эса судлар мустақиллигини мустаҳкамлашга, судга ишончни оширишга зимдан зарба беради.

 

Айтиш мумкинки, суд ҳужжатларини сўзсиз, муҳокамасиз ижро этиш тизимини, яъни халқаро стандартлар асосида «суд ҳужжати тўғридан-тўғри ижрога» деган тизимни яратишга зарурат сезилмоқда.

 

МАҲАЛЛИЙ ДЕПУТАТЛАРГА СУДЛАР АХБОРОТИНИ ЭШИТИШ НИМА БЕРАДИ?

Ўзбекистон Республикаси Конституцияга мувофиқ, суд ҳам давлат ҳокимиятининг бир тармоғи эканлиги асосида Олий вакиллик органига ҳисобдор бўлиши лозим. Чунки, суд тизими бутун бошли яхлит бир тизим бўлиб, давлатнинг суд ҳокимиятини ташкил этади.

 

Лекин, жойларда судларнинг халқ депутатлари тегишли кенгашларида ахборот тақдим этиб бориши, албатта судлар мустақиллигига ва холислигига таъсир эмай қолмайди. Асоски, жойларда ушбу амалиёт ахборот эмас, балки ҳисобот тусига кириб улгурди.

 

Айтайлик, қайси бир суд ўзи тақдим этаётган ахборотни тегишли кенгаш сессияларида тасдиқланмаслигини хоҳлайди ёки ахбороти эшитилаётган судга ҳоким даъво киритиши мумкинлигини истисно этишнинг имкони мавжуд эмас, албатта жойлардаги ҳокимликлар шу ҳудудлардаги судларга мурожаат этишади ё ўша суд тегишли ХДК раҳбари бўлган ҳоким қарорини ҳақиқий эмас, деб топиш ҳақидаги шикоятни кўриб чиқади…

 

Айтингчи, бундай ҳолатда манфаатлар тўқнашуви юзага келиши мумкинми?

 

Ачинарлиси, айрим ХДК томонидан ўз қарорлари асосида судларга вазифалар юклаш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда.

 

СУДЛАР ФАОЛИЯТИГА ДАХЛДОР МУРОЖААТЛАРНИ НАЗОРАТГА ОЛИШ АМАЛИЁТИ ҚОНУНЛАРГА ЗИД

Ушбу амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, назоратга олинган бундай мурожаатлар юзасидан берилаётган жавоблар процессуал қонунчилик доирасидадир.

 

Демак, назоратга олувчига процессуал қонунчилик тушунтирилиб, маълумот тариқасида жавоб йўлланади.

 

Яъни, назорат амалиётининг нафдорлиги жуда паст. Аксинча, оқибатда бундай мурожаатлар юзасидан маълумотномалар тайёрлашга суд томонидан ортиқча вақт сарфланади, холос.

 

Шунинг учун ҳам «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 1-моддасида, «Ушбу қонуннинг амал қилиши кўриб чиқиш тартиби маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, фуқаролик процессуал, жиноят-процессуал, жиноят-ижроия, иқтисодий процессуал қонунчилик ва бошқа қонун ҳужжатлари билан белгиланган мурожаатларга нисбатан татбиқ этилмайди», деб белгилаб қўйилган.

 

Демакки, холис, одил судлов ва судга ишончни орттириш учун қонуннинг ушбу нормаси қатъий ва сўзсиз ижро этилиши лозим бўлади.

 

СУДЬЯЛАР ИШ ЮКЛАМАСИ

Ушбу масала кўп кўтарилган ва албатта бу катта бюджет маблағлари билан боғлиқ, шунга қарамай, бу борада тизимли равишда амалий ечимлар бўлиши кутилмоқда.

 

Ҳақиқатан ҳам судьялар юкламаси ўз-ўзидан суд мажлислари, суд ҳужжатлари сифатига таъсир этади, бундан аҳоли рози бўлмайди. Демак, бусиз мустақил одил судлов биз хоҳлагандек, мукаммал таъминланиб қолмайди.

 

Энди, юклама ҳақида гап кетганда судьяларнинг тарғибот тадбирлари ва ҳоказоларни айтмаса ҳам бўлади…

 

Судьялар одоб кодексида белгилаб қўйилгани каби, судьянинг одил судловни таъминлаш, суд ишларини ҳал этишда вақтни тўғри ва самарали тақсимлаш ҳамда судьяларнинг бу борадаги изланиш, ўз устида ишлаш, ўқиб-ўрганиш каби фаолиятига таъсир кўрсатмаслиги лозим.

 

Айтайлик, кучли судьялар ҳам баъзида мақола ёза олмаслиги ёки ОАВда бошқа бир чиқиш қила олмаслиги, тарғиботларда фаол иштирок эта олмаслиги мумкин…Чунки, у бу борада журналист , филолог ё профессионал соҳа ходими эмас.

 

Шунингдек, судлар ва судьяларнинг фаолияти бўйича ҳақиқий ҳолат ОАВ, интернет ижтимоий тармоқларида, блогерларнинг шахсий муносабатлари ўртасидаги тафовутлар бу борада жамоатчилик билан эҳтиёткорона муносабатда бўлиш, журналистлар ва блогерлар муносабатига нисбатан қатъий позицияда туриб, лозим даражада ўз вақтида муносабат билдириш, қолип муносабатлар, одил судлов, умуман, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларга нохолис ёндашувларнинг келиб чиқишига омил бўлмоқда.

 

Энди ягона мотивацияга келсак, бир томон фикр, муносабат билдиришда ҳам, иккинчи томон қарор қабул қилишда ҳам ягона мотивация, бу – Ватан тараққиёти, унга хизмат қилиш, Ватанга муҳаббат, юрт тақдирига дахлдорлик, аждодлар олдидаги масъулият, фарзандлар келажагига дахлдорлик каби эзгу тушунчаларга хизмат қилишдир.

 

Айни шу мотивация ким бўлишимиздан қатъи назар, ҳар биримизнинг фаолиятмизда дастурий амал бўлиши шарт.

 

Юқорида айтиб ўтилган судларга бўлган ишончига таъсир этувчи омиллар ва уларнинг ечимига қаратилган масалалар шахсий фикрлардир.

 

Ҳаёт бор экан, суд-ҳуқуқ соҳаси ислоҳотлари ҳам бардавом бўлиб, замонга мослашиб бораверади. Шу боис ҳам ҳеч бир фикрни мукаммал деб бўлмайди.

 

Лекин, ҳар қайси замон ва жамиятда ҳам судга ишонч – одамларда адолатга ишончни англатиб, шу жамиятдаги ислоҳотлар ва уларнинг натижасига бўлган ихлосни ошириб боради.

 

Шундай экан, юқорида келтирилган ягона мотивация судга ишончни оширишда барчамизни бирлаштираверсин.

 

Нуриддин МУРОДОВ,

Тошкент туманлараро иқтисодий суди раиси