СОТИЛГАН УЙНИНГ ПУЛИНИ ҚАНДАЙ ОЛИШ МУМКИН?

— Яқин дугоналаримдан бири шаръий никоҳ асосида турмушга чиққанди. Эри «Уйни сотсанг ёнига пул қўшиб, каттароғини оламиз», деб алдади. Уй сотилгач, пулни олиб қочиб кетди. Дугонамга «Қўлингдан келганини қил, бир сўмини ҳам ололмайсан», деганмиш. Энди дугонам қандай йўл тутсин? Уйини пулини ололадими?

Исми сир тутилди

Фахриддин БАХРОНОВ, фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро суди судьяси:


— Ушбу ҳолатда масаланинг ечими бир нечта босқичдан иборат.
Пулни олиб қочиб кетган шахснинг хатти-ҳаракатларига баҳо бериш босқичи бу – энг асосий босқичлардан бири ҳисобланади. Чунки, хатти-ҳаракатга берилган баҳо ишнинг жиноий ёки фуқаровий тартибда ҳал қилинишини белгилаб беради.


Жиноят кодексининг 169-моддасига кўра, ўғрилик, яъни ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиш жиноят ҳисобланади. Ушбу ҳолатда шаръий никоҳда бўлган шахслар қонун талабига кўра эр-хотин ҳисобланмаслиги сабабли, уларнинг мулки умумий мулк деб тан олинмайди. Бундай ҳолатда, шаръий эр шаръий хотиннинг мулкини олиб қочиб кетганлиги ўғрилик жинояти сифатида баҳоланиши лозим. Жиноят иши қўзғатиш ёки қўзғатишни рад этиш, жиноятларни дастлабки тергов қилиш прокуратура, ИИВ ва ДХХ органлари зиммасига юклатилган. Шунинг учун ушбу органларга жиноят иши қўзғатиш тўғрисида ариза билан мурожаат қилиш лозим.


Жиноятни дастлабки терговида давомида зарарни ундириш босқичи бу – зарарни ундиришнинг самарали босқичи бўлиб, зарарни ихтиёрий равишда қоплаш енгиллаштирувчи ҳолат ҳисобланади ҳамда эҳтиёт чораси турига ва бериладиган жазо миқдорига таъсир қилади.

 

Жиноятни дастлабки тергов қилиш давомида ёки жиноят ишлари бўйича судда жиноят ишини кўришда, суд тергови бошлангунга қадар, уйнинг пулини ёки зарарни ундириш тўғрисида фуқаровий даъво қўзғатиш лозим бўлади.


Зарарни фуқаролик иш юритиш тартибида ундириш босқичи. Жиноят ишлари бўйича суднинг шахсни айбдор деб топиш тўғрисидаги ҳукми билан зарар ундирилмаган ёки фуқаровий даъво кўрмасдан қолдирилган бўлса, ҳукм қонуний кучга киргач фуқаролик иш юритиш тартибида жиноят оқибатида етказилган зарарни ундириш тўғрисида даъво қўзғатиш лозим бўлади. Бунда судга ариза берганлик учун давлат божи ундирилмайди.


Суднинг пулни (зарарни) ундириш тўғрисидаги ҳукми ёки қарорини ижро қилиш босқичи. Суднинг ҳукми ёки қарори қонуний кучга киргач уни ижро қилиш юзасидан Мажбурий ижро бюроси бўлимларига ёзма суд ҳужжатини (ҳукм, қарор, ижро варақа) илова қилган ҳолда ариза билан мурожаат қилиш керак бўлади.


Давлат ижрочиси қарздорнинг ёки айбдор шахснинг ундириш мумкин бўлган мол-мулкини аниқлайди, бундай мулк бўладиган бўлса ва у зарарни қоплашга етса, пулни тўлиқ ундириши мумкин. Акс ҳолда суднинг қарори ёки ҳукми ижро қилинмасдан қолиши, шахс пулини қайтариб ололмаслиги мумкин.