СОЛИҚ НИЗОЛАРИНИ КЎРИБ ЧИҚИШ: ЯПОНИЯ АМАЛИЁТИ

«Кунчиқар юрт» – бу одатда  Япония мамлакатига нисбатан ишлатиладиган ибора. Ушбу ном Япониянинг географик жиҳатдан энг шарқда, яъни қуёш биринчи бўлиб чиқадиган ҳудудда жойлашгани билан боғлиқ. Япония технологик ривожланган, бой маданият ва ўзига хос урф-одатларга эга давлат ҳисобланади.

Шунингдек, ўзига хос суд тизимига эга.

2025 йил якунида ушбу юрт сафарида бўлиш, Токио шаҳар суди тажрибаси, тўғрироғи, судда маъмурий шикоятларни кўриб чиқиш амалиёти билан танишиш насиб этди.

Японияда суд тизими ягона бўлиб, йўналишлар ҳайъатлар асосида ажратилган. Яъниким, фуқаролик ишларини кўриб чиқувчи ҳайъат, маъмурий ишларни кўриб чиқувчи ҳайъат ва ҳоказо…

Мансабдор шахсларининг қарорлари ёки ҳаракатидан (ёки ҳаракатсизлигидан) норози бўлган шахслар маъмурий шикоят билан судга  мурожаат қилиши мумкин. Агар  қонунчиликда маъмурий шикоят судга қадар мажбурий тарзда маъмурий органда кўриб чиқилиши белгиланган бўлса, у ҳолда судга тўғридан-тўғри мурожаат қилишга рухсат этилмайди.

 Маъмурий шикоятлар судья томонидан якка тартибда, аппеляция ва кассация шикоятлари эса коллегиал тартибда кўриб чиқилади. Тартиб шундай: иш, дастлаб, суд девонхонаси орқали кирим қилинади. Ҳужжатларда камчилик ва муаммолар бўлса, девонхона ходими кўмагида ҳал этилади. Сўнг судьялар ўртасида электрон тарзда тақсимланади.

Япония қонунчилигида судда маъмурий ишларни кўриб чиқишнинг максимал муддатлари белгиланмаган. Шу боис ишлар бир йилга қадар кўриб чиқилиши мумкин. Шунингдек, қонунда судларга даъво киритиш муддати белгиланган бўлиб, бундай шикоятлар маъмурий акт кучга киргандан сўнг бир йил ичида берилиши мумкин. Агар  муддат узрли сабабларга кўра ўтказиб юборилган бўлса, муддат тикланиши ҳам қонунчиликда тартибга солинган.

Маъмурий шикоятларни кўриб чиқиш жараёнида тарафларни эшитиш, дастлабки ҳимоя чораларини қўллаши, эксперт, гувоҳ ва бошқа шахсларни жалб қилишнинг процессуал тартиблари ҳам қонунда белгилаб қўйилган. Масалан, Японияда жавобгар шахс сифатида маъмурий актни қабул қилган маъмурий орган билан биргаликда давлат номидан прокурор жалб этилади. Яъни маъмурий шикоятлар прокурорлар томонидан ўрганилиб, судга ўз хулосасини тақдим қилади. Қабул қилинган суд қарори ҳам ижро учун  прокуратурага юборилади. Суд қарорларнинг мажбурий ижросини таъминлайдиган алоҳида орган мавжуд эмас.

Судларда энг кўп кўриладиган солиқ низолари бўлиб, ишлар солиқ соҳасида фаолият юритадиган мутахассислар билан кўриб чиқди.  Токио ва Осака шаҳар судларида 2 нафар (1 нафари Солиқ қўмитасидан, 1 нафари Солиқ маслаҳатчилари палатасидан) шундай мутахассис фаолият юритади. Улар 2 йил муддатга хизмат сафарига юборилган бўлиб, маоши суд томонидан молиялаштирилади.

Ушбу мутахассислар барча солиқ низолари бўйича судья томонидан берилган топшириққа асосан хулоса тайёрлайди. Жумладан, мазкур тоифадаги низолар бўйича суд амалиётини ўрганади, хулосани фақат маърузачи судьяга тақдим этади. Унинг хулосаси иш ҳужжатларига қўшилмайди. Юқори турувчи инстанция судлари ҳам ушбу хулоса билан танишишга имконият яратилмаган, балки улар ўша мутахассис хизматидан қайтадан фойдаланишлари мумкин. Мутахассислар суд мажлисларида иштирок эшитмайди.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий судларида ҳам солиққа оид низолар сони оз эмас. Қўшимча ҳисобланган солиқ ва жарималар миқдори катта экани, судьялар эса ушбу соҳа мутахассиси эмаслиги боис Япония амалиётини маъмурий судларда жорий этиш, менимча, фойдадан ҳоли бўлмайди.

Дилмурод Каримов,

Олий суд судьяси