СИФАТСИЗ МАҲСУЛОТНИ АЛМАШТИРИБ БЕРИШМАЯПТИ: БУЗИЛГАН ҲУҚУҚЛАРИМИЗНИ ҚАНДАЙ ТИКЛАШИМИЗ МУМКИН?

— Бир корхона билан маҳсулот етказиб бериш шартномаси имзоланган. Бироқ етказиб берилган маҳсулот сифатсиз эканлиги аниқланиб, талабга жавоб бермаганлиги боис сотувчига уни алмаштириб бериш юзасидан мурожаат қилдик. Шартнома шартларига асосан биз томонимиздан 100 фоиз тўлов амалга ошириб бўлинган. Бугунги кунда мурожаатларимиз жавобсиз қолдирилмоқда. Бузилган ҳуқуқларимизни қандай тиклашимиз мумкин?

Исми сир тутилди.

Саволга Тошкент шаҳар судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси Равшан РАШИДОВ жавоб берди:

 

— Фуқаролик кодекси (ФК)нинг 451-моддасига асосан, тегишли даражада сифатли  бўлмаган товарлар етказиб берилганда сотиб олувчи маҳсулот етказиб берувчига ушбу Кодекснинг 434-моддасида назарда тутилган талабларни қўйишга ҳақли. Етказиб берилган товарларнинг сифатсизлиги тўғрисида сотиб олувчидан билдириш олган маҳсулот етказиб берувчи етказиб берилган товарларни тегишли даражада сифатли товарлар билан дарҳол алмаштирган ҳоллар бундан мустасно.

 

Ўзига етказиб берилган товарларни чаканалаб сотадиган сотиб олувчи, агар маҳсулот етказиб бериш шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, истеъмолчи томонидан қайтарилган тегишли даражада сифатли бўлмаган товарни оқилона муддат ичида алмаштиришни талаб қилишга ҳақли.

 

ФКнинг 446-моддасига асосан сотиб олувчи шартномага мувофиқ етказиб берилган товарларнинг қабул қилинишини таъминлайдиган барча зарур ҳаракатларни амалга ошириши лозим. Сотиб олувчи ўзи қабул қилган товарни қонун ҳужжатларида, маҳсулот етказиб бериш шартномасида ёки иш муомаласи одатларида белгиланган муддатда кўздан кечириши лозим.

 

Сотиб олувчи худди шу муддатда қабул қилинган товарларнинг миқдори ва сифатини қонун ҳужжатларида, маҳсулот етказиб бериш шартномасида ёки иш муомаласи одатларида белгиланган тартибда текшириши ва товарнинг аниқланган номувофиқликлари ва камчиликлари тўғрисида товар етказиб берувчини дарҳол ёзма равишда хабардор қилиши лозим.

 

Етказиб берилган товарлар транспорт ташкилотидан олинган тақдирда сотиб олувчи товарларнинг транспорт ва юк ҳужжатларида кўрсатилган маълумотларга мувофиқлигини текшириши, шунингдек бу товарларни транспорт ташкилотидан белгиланган қоидаларга риоя этган ҳолда қабул қилиши лозим.

Сотиб олувчига сифати тегишли даражада бўлмаган товар сотилганида, агар унинг камчиликлари шартнома тузиш пайтида маълум қилинмаган бўлса, ФКнинг 434-моддасига биноан сотиб олувчи ўз хоҳишига кўра:

  • худди шу маркадаги (моделдаги, артикулдаги) сифати тегишли даражада бўлган товарга алмаштиришни;
  • харид нархини тегишинча қайта ҳисоблаган ҳолда бошқа маркадаги (моделдаги, артикулдаги) сифати тегишли даражада бўлган товарга алмаштиришни;
  • товарнинг камчиликларини текинга бартараф этишни ёки сотиб олувчи ёхуд учинчи шахс томонидан товарнинг камчиликларини бартараф этиш учун қилинган харажатлар қопланишини;
  • харид нархини мутаносиб равишда камайтиришни;
  • кўрилган зарар ўрнини қоплаган ҳолда шартнома бекор қилинишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Сотиб олувчи товарларнинг камчилиги бартараф этилгунча ва улар бутлангунча ёки алмаштирилгунча тегишли даражада сифатли бўлмаган ва бут бўлмаган товарлар ҳақини тўлашдан бош тортиш, борди-ю, товарлар ҳақи тўланган бўлса, тўланган суммани қайтаришни талаб қилиш ҳуқуқига эга.

 

Тегишли даражада сифатли бўлмаган, сотиб олувчи учун мақбул муддатда бартараф қилиб бўлмайдиган камчиликларга эга бўлган товарларни етказиб бериш маҳсулот етказиб берувчининг маҳсулот етказиб бериш шартномасини жиддий бузиши деб ҳисобланиши мумкин.

 

Мазкур ҳолатда, тадбиркор бузилган ҳуқуқини тиклаш мақсадида судловга тегишлилик ва судга тааллуқлилик қоидаларига риоя этган ҳолда даъво аризаси билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.