САЙЁР СУД
Тезлик 137. Автоавария. Бир инсоннинг ҳаётдан кўз юмиши…
Жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани суди раиси И. Собировни кейинги пайтда 2008 йили туғилган вояга етмаган бола томонидан содир этилган жиноят ташвишга соларди. Воқеа қуйидагича бўлган. Судланувчи 2025 йил 23 март куни соат 06.30.ларда “Трекер” русумли автомашинани бошқариб, «Бунёдкор» кўчасида жойлашган 7 автосарой кесишмасида йўл ҳаракати қоидаларини бузиб, “Дамас” русумли автомашина билан тўқнашув содир этган. Оқибатда «Трекер» автомашинаси йўловчилари (2 киши) ва Дамас автомашинаси йўловчилари (6 киши) тан жароҳати олишиб, шифохонага мурожаат қилишган. «Трекер» ичида бўлган судланувчининг дўсти Ш.Х. шифохонада вафот этган.

Судланувчи вояга етмаган С.С. муқаддам босқинчилик жиноятини ҳам содир этганлиги ачинарли.
Ҳа, муҳокамага арзийдиган мавзу.
Шу боис суд раиси ўша бола ўқийдиган мактабга бориб, жиноятни муҳокама қилиш ва ҳукмни сайёр судда ўқишни режалаштирди.

Тадбирга туман ҳокими, ички ишлар, прокурата, тумандаги бошқа мактаб директорлари ҳам таклиф этилди. Сўзга чиққанлар вояга етмаганлар орасида содир этилаётган жиноятлар, фарзанд тарбияси учун ота-она масъуллиги, жиноятлар оқибатлари ҳақида гапирдилар.
Суд раиси, ҳоким, ички ишлар вакили, директорлар сўзга чиқди. Судланувчининг ота-онасига сўз берилди.
Кейин сайёр суд бўлиб ўтди. Суд ҳукми ўқилди.

Вояга етмаган судланувчига узил-кесил 4 йил муддатига озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Унга Жиноят кодекси 72-моддаси қўлланилиб, тайинланган жазо шартли ҳиобланиб, 3 йил синов муддати белгиланди. Судланувчига вақти-вақти билан жазони ижро этиш органида рўйхатдан ўтиб туриш, автомашина бошқармаслик, жазони ижро этиш органи рухсатисиз ўқиш, иш ва яшаш жойини ўзгартирмаслик мажбуриятлари юклатилди.