САЙЁР СУД ВА ЖИНОЯТ МУҲОКАМАЛАРИ

Олмазор тумани Ёшлар марказида Ёшлар ишлари агентлиги Олмазор тумани бўлими етакчилари ҳамда жиноят ишлари бўйича Олмазор тумани суди судьялари иштирокида «Сайёр суд ва жиноят муҳокамаси» мавзусида учрашув бўлиб ўтди.

Унда жиноят ишлари бўйича Олмазор тумани суди судьялари В.Караманов, А.Турғунов ҳамда С.Шодмоновлар иштирок этишди.

Дастлаб судьялар томонидан ёшларга суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар, судлардаги очиқлик ва шаффофлик, туманда ёшлар иштирокида содир этилаётган жиноятлар аҳволи юзасидан маълумот берилди.

Шундан сўнг судьялар томонидан сайёр суд мажлислари ўтказилди. Судья С.Шодмонов томонидан кўрилган сайёр суд мажлисида 1968 йилда туғилган С.Я. жамиятда юриш-туриш қоидаларини менсимай, 2001 йилда туғилган А.К.ни ҳеч бир сабабсиз ўткир тиғли жисм билан уриб енгил тан жароҳати етказган. Яъни, безорлик жиноятини содир этган. Унинг қилмиши Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми «в» банди билан малакаланган. Сайёр судда судланувчига қонунга биноан 1 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Сайёр судда судья А.Турғунов томонидан сохта тадбиркорлик билан шуғулланиб, савдо қоидаларини бузган, солиқларни ўз вақтида тўламаган 1997 йилда туғилган МЧЖ раҳбарига нисбатан жиноят иши кўриб чиқилди. Дастлабки тергов идоралари томонидан унга жиноят кодексининг бир қатор моддалари билан айблов эълон қилинган.Сайёр судда судланувчига Жиноят кодексининг 59-моддаси тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил кесил ўташ учун иш ҳақининг 15 фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Сайёр судда тергов судьяси В.Караманов томонидан  йўл транспорт ҳодисаси билан боғлиқ маъмурий иш ҳам кўриб чиқилди.

Тадбирда ёшлар еткачилари ушбу ўтказилган сайёр суддан ўзларига тегишли хулоса қилишлари, маҳаллаларда жиноятчиликни олдини олиш ишларига ҳисса қўшишлари алоҳида таъкидланди.