САВОЛЛАРГА АНИҚ ЖАВОБЛАР – ПРОФИЛАКТИКА ИНСПЕКТОРЛАРИ БИЛАН КЕНГАШИБ ОЛИНМОҚДА

Мазкур тадбирни “ўқув-семинар”дан кўра, очиқ (ўрни келса, бироз аччиқ) мулоқот дейиш тўғрироқдир балки?! Негаки, уларда, асосан, муаммолар кўтарилди, камчиликлар айтилиб, уларни бартараф этишнинг ҳуқуқий тартиблари ҳақида сўз борди. Муаммо ва камчиликлар эса мамнуният билан айтилмайди.

Гап пойтахт судлари тергов судьялари иштирокида ўтаётган профилактика инспекторларининг ўқув-семинарлари ҳақида кетмоқда. Ўтган ҳафтада шундай тадбирлар бешта туманда (Яккасарой, Яшнобод, Мирзо Улуғбек, Чилонзор ва Миробод) ташкил этилди. Ва уларнинг барчасида  айтилдики, мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизими “Инсон қадри учун” тамойили асосида янги босқичга кўтарилмоқда. Айни мақсадда суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимояси кафолатлари янада кучайтирилмоқда. Бу жараёнда аҳолининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш жуда муҳим эканига ортиқча таъкид шарт эмас.

Очиқ мулоқотларда маъмурий ҳуқуқбузарликка оид материалларни тайёрлаш, суд муҳокамасига киритиш ва кўриб чиқиш амалиёти танқидий таҳлил этилиб, иш сифатини янада оширишга доир масалалар муҳокама қилинди.

Хусусан, суд муҳокамасига тақдим этилаётган айрим маъмурий ҳуқуқбузарликка доир иш материалларида ҳолат тўлиқ ёритилмагани, далиллар етарли даражада эмаслиги, маълумотлардаги ноаниқликлар, процессуал муддатлар бузилиши каби камчиликлар аниқланмоқда. Уларни суд процессида бартараф этиш имконияти йўқлиги сабаб иш материалларининг қўшимча суриштирувга қайтарилиши ҳуқуқбузарликда гумонланаётганларнинг қонун билан қўриқланадиган ҳуқуқ ва манфаатларига таъсир қилиши керак эмас.

Маъмурий ҳуқуқбузарликка оид материалларни сифатли тайёрлаш ва ўз вақтида кўриб чиқиш — қонунийликни таъминлашнинг муҳим шартидир. Сифатли суриштирув ишлари эса суд қарори қонуний ва асосли бўлишида  муҳим аҳамият касб этади.

Жазодан мақсад – тарбия. Шу боис фақат жазо тайинлаш билан чекланиб қолмасликка очиқ мулоқотларда алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, шахсни қонунга ҳурмат руҳида тарбиялаш, қайта ҳуқуқбузарлик содир этилишининг олдини олиш, маҳаллада тартиб-интизомни мустаҳкамлашда профилактик ишлар сифатини ошириш жуда муҳим ҳисобланади.

Тадбирда очиқ мулоқотлар мавсумий бўлиб қолмаслиги, бир хил ҳуқуқий ёндашув ва мунтазам таҳлил ўтказиб бориш мақсадга мувофиқ экани ҳам қайд этилди. Шунингдек, маъмурий иш юритиш самарадорлигини ошириш бўйича  таклифлар ўртага ташланди, қатор саволларга аниқ жавоблар берилди.