РАҚАМЛИ СУД
суд қарорлари ижроси ва тадбиркор ҳуқуқларининг тезкор таъминланишидир

Президент Шавкат Мирзиёев 2025 йил 26 декабрь куни Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномада суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш бўйича бир қатор муҳим ва стратегик йўналишлар белгилаб берилди.
Жумладан, 2026 йил барча соҳаларда, жумладан, суд тизимида ҳам туб бурилиш йили бўлади. Бунинг учун Электрон ҳукумат платформаси тубдан янгиланади: барча давлат идораларининг 1 мингдан зиёд давлат хизматлари, 5 мингдан ортиқ функция ва вазифалари, 200 та маълумот базаси ва ахборот тизими, 100 мингдан зиёд давлат хизматчисининг маҳалла, туман, вилоят, республика даражасидаги ваколатлари Ягона рақамли платформага интеграция қилинади. Платформага келиб тушган мурожаатлар, уларни ижрочиларга тақсимлаш ва кўриб чиқиш муддатини назорат қилиш сунъий интеллект орқали амалга оширилади. Содда қилиб айтганда, маҳалладан тортиб республика даражасида ҳал бўладиган ҳар бир масаланинг ижрочиси, муддати, ресурси бир жойда кўриниб туради. Давлатимиз раҳбари эътироф этганидек: “Энг муҳими, давлат хизматларини кўрсатишда инсон омилисиз, коррупция ва ортиқча бюрократиядан холи экотизим яратамиз. Давлат хизматларини проактив ва жамланма шаклда кўрсатиш тизимини ривожлантирамиз”.
Шунингдек, ҳужжатда суд-ҳуқуқ тизимини халққа яқинлаштиришга қаратилган ишларни изчил давом эттириш, бунда ортиқча бюрократияга чек қўйиш мақсадида “Рақамли суд” концепцияси доирасида фуқаролар ва тадбиркорлар учун судга мурожаат қилиш имкониятлари кенгайтирилиши ҳам айтилди. Бу янгиликнинг тадбиркорлар манфаати ва ҳуқуқларини таъминлашда муҳим бўлган – иқтисодий суд қарорлари ижросида аҳамияти ниҳоятда катта. Сир эмас, суд қарорлари қанчалик адолатли бўлмасин, унинг ижроси ўз вақтида таъминланмаса, мамлакат тараққиётининг етакчи қатлами бўлган ишбилармонларнинг фаолиятига салбий таъсир кўрсатади. Уларнинг иши ортга кетишига сабаб бўлади. Иқтисодий пасайишга олиб боради.
“Рақамли суд” концепцияси орқали эса аввало қоғозбозлик ва инсон омилига чек қўйилади ва шу орқали ижро самадорлиги оширилади. Бу шунчаки техник жараён эмас, балки тадбиркорнинг ҳуқуқини амалда тиклаш механизмидир.
Умуман, сўнгги йиллардаги ислоҳотлар ва белгиланган вазифаларга кўра, суд-ҳуқуқ тизимида рақамлаштиришдан кутилаётган натижалар қуйидагилардан иборат:
Ижро ҳужжатларининг электрон айланиши
Илгари суд қарори чиққандан кейин ижро варақасини олиш ва уни Мажбурий ижро бюросига (МИБ) олиб бориш учун маълум вақт кетарди. Энди суд қарори қонуний кучга кирган заҳоти тизим орқали автоматик равишда МИБнинг электрон базасига тушади. Бу вақт ва ҳужжат йўқолишининг олдини олади.
Банк ҳисоб рақамларига автоматик тақиқ қўйиш ва ечиш
Ҳозирда ижрочи томонидан банкка сўров юбориш ва жавоб олиш жараёнида қарздор маблағларини бошқа ҳисобга ўтказишга улгуриши мумкин. Рақамли тизим эса қарздорнинг барча банк ҳисобларини сониялар ичида аниқлайди ва даъво суммаси миқдоридаги маблағни инсон аралашувисиз музлатиб қўяди. Қарз тўлангач, тақиқ автоматик ечилади.
Мулкларни электрон инвентаризация қилиш
Рақамлаштириш орқали МИБ тизими Кадастр, Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ва бошқа органларнинг базалари билан интеграция қилинади. Қарздорга тегишли бўлган кўчмас мулк, автомобиль ва бошқа активлар тизимда дарров кўринади.
Коррупция ва суиистеъмолчиликни камайтириш
Ижро жараёнининг ҳар бир босқичи электрон тизимларда қайд этилади. Қайси ижрочи ишни қачон бошлади, қандай ҳаракат қилди ёки нега тўхтатиб қўйди – ҳаммаси мониторинг қилинади. Бу ижрочи ва қарздор ўртасидаги “келишувлар” имкониятини кескин чеклайди.
Тадбиркор учун “Шаффоф кабинет”
Даъвогар (тадбиркор) ижро жараёнини онлайн кузатиб бориш имкониятига эга бўлади.Тадбиркор тегишли идора эшигида навбат кутиб ўтирмайди, балки ўз шахсий кабинети орқали мулк хатлангани, кимошди савдосига чиқарилгани ёки маблағ ундирилгани ҳақида реал вақтда маълумот олиб туради.
Хулоса қилиб айтганда, рақамлаштиришдан асосий мақсад – иқтисодий суд қарори кечиктирилмайдиган ва ижроси муқаррар ҳужжатга айланишидир. Бу эса тадбиркорнинг айланма маблағлари тўхтаб қолмаслигини таъминлайди.
Шоира ЭРМЕТОВА,
Тошкент туманлараро иқтисодий суди судьяси






