“ПРОЦЕССУАЛ ҲУҚУҚЛАРИМИЗДАН ҚАНДАЙ ФОЙДАЛАНИШИМИЗ МУМКИН?”
— Биринчи инстанция суди томонидан иқтисодий иш бўйича бизнинг корхонага нисбатан қарздорликни ундириш юзасидан ҳал қилув қарори қабул қилинган. Иқтисодий процессуал кодексида ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти билан суд ҳужжати қабул қилингандан кундан бир ой ичида берилиши, муддати ҳам суд ҳужжати қонуний кучга киргандан сўнг бир ой ичида тиклаб берилиши қатъий белгиланган. Бироқ суд жараёни тўғрисида бизнинг хабаримиз бўлмаган ва ҳал қилув қарори тўғрисида мажбурий ижро бюроси орқали хабар топганмиз. Бу ҳолатда процессуал ҳуқуқларимиздан қандай фойдаланишимиз мумкин?
Исми сир тутилди
Мухиддин СУЛТОНОВ, Тошкент туманлараро иқтисодий суди раис ўринбосари:
— Маълумки, суд ҳужжатларини апелляция тартибида қайта кўриш суд процесси иштирокчиларининг қонуний кучга кирмаган суд ҳужжатининг қонунийлиги ва асослилигини текшириш ҳуқуқини таъминловчи муҳим ҳуқуқий институт ҳисобланади.
Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорлари ва ажримларини апелляция инстанцияси судида қайта кўриш ишда иштирок этувчи шахслар, шунингдек, ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида суд ҳал қилув қарори қабул қилган шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг муҳим кафолати бўлиб, биринчи инстанция судининг хатоларини бартараф этиш имконини беради.
Бироқ, айрим ҳолларда тарафлар ўзларининг ҳуқуқларидан тўлақонли равишда фойдалана олмаслиги ёки Иқтисодий процессуал кодекси (ИПК)да суд ҳужжати устидан шикоят қилишнинг белгиланган тартиб ва қоидаларига риоя этмаслиги натижасида суд ҳужжати устидан шикоят қилиш имкони йўқотилаётганлиги ҳолатлари ҳам учраб туради.
Хусусан, ИПКнинг 262-моддасида агар қонун ҳужжатларида бошқача муддат белгиланмаган бўлса, апелляция шикояти биринчи инстанция суди томонидан шикоят қилинаётган ҳал қилув қарори қабул қилинган кундан эътиборан бир ой ичида берилиши мумкинлиги, апелляция шикоятини беришнинг ўтказиб юборилган муддати, шикоят берган шахснинг илтимосномаси бўйича апелляция инстанцияси суди томонидан, агар илтимоснома ҳал қилув қарори қабул қилинган кундан эътиборан икки ойдан кечиктирмасдан берилган ва апелляция шикоятини бериш муддати ўтказиб юборилишининг сабаблари суд томонидан узрли деб топилган бўлса, тикланиши мумкинлиги назарда тутилган бўлиб, ушбу ҳуқуқ нормасида белгиланган бир ойлик ҳамда икки ойлик муддатлар муҳим аҳамият касб этади.
Яъни, умумий қоидага кўра, биринчи инстанция судида даъвогар, жавобгар ёки учинчи шахс сифатида иштирок этган шахс суднинг ҳал қилув қароридан норози бўлган тақдирда, ҳал қилув қарори қабул қилинган вақтдан бошлаб, бир ой ичида апелляция шикояти билан мурожаат қилиши мумкин. Агар ушбу бир ойлик муддат узрли сабабларга кўра ўтказиб юборилган бўлса, апелляция шикоятига ушбу бир ойлик муддатни тиклаш ҳақида илтимоснома илова қилиши лозим. Ушбу илтимоснома ҳам ҳал қилув қарори қабул қилинган кундан бошлаб, энг кўпи билан икки ой ичида берилган бўлиши керак. Икки ойлик муддат ўтказиб юборилган тақдирда эса аризачининг ўтказиб юборилган муддатини тиклаш ҳақидаги илтимосномаси рад этилиб, апелляция шикоятини қабул қилиш рад этилади.
Юқорида қайд этилган ҳолат биринчи инстанция судининг суд мажлисида бевосита иштирок этган ёки суд мажлисининг вақти ва жойи ҳақида хабардор бўла туриб, судда иштирок этмаган шахсларга таалуқли.
ИПК 262-моддасининг олтинчи қисмига кўра, ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида суд ҳал қилув қарори қабул қилган шахслар, шунингдек суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинмаган ишда иштирок этувчи шахслар учун ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган апелляция шикоятини бериш муддати уларга ҳал қилув қарори қабул қилинганлиги маълум бўлган кундан эътиборан ҳисобланади.
Яъни, қабул қилинган ҳал қилув қарори бирон-бир шахснинг ҳуқуқ ва мажбуриятларига таъсир этадиган бўлса-ю, у биринчи инстанция суди томонидан ишда иштирок этишга жалб қилинмаган бўлса, ёки иш ишда иштирок этишга жалб қилинган, суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинмаган шахснинг йўқлигида кўриб чиқилган бўлса, бундай шахслар ҳал қилув қарори қабул қилинганлиги ўзларига маълум бўлган кундан бошлаб бир ой ичида апелляция шикояти билан мурожаат қилишлари ёки ушбу бир ойлик муддат узрли сабаб билан ўтказиб юборилган бўлса, ҳал қилув қарори қабул қилинганлиги ўзларига маълум бўлган кундан бошлаб энг кўпи билан икки ой ичида ўтказиб юборилган муддатни тиклаш ҳақидаги илтимоснома билан бирга шикоят келтиришлари мумкин.
Ҳар қандай ҳолатда ҳам судга шикоят билан ўз вақтида мурожаат қилишга объектив равишда тўсқинлик қилган ҳолатлар узрли сабаблар деб ҳисобланиши мумкин. Шунинг учун ўтказиб юборилган шикоят қилиш муддатини тиклаш ҳақидаги илтимосномада шикоятни берган шахс томонидан ҳавола этаётган муддатнинг ўтказиб юборилиши сабаблари кўрсатилиши ва асослантирилиши лозим. Илтимоснома шикоят матнида ёки алоҳида аризада баён этилиши мумкин ва шикоят билан бир вақтда берилиши лозим.