ПОРА ТАКЛИФ ҚИЛДИ…

Бугунги кунда хотин-қизларимиз жамият ҳаётининг турли жабҳаларида фаолият олиб бормоқда. Улар ўқитувчи, шифокор, олима, ошпаз, қўйингки, барча соҳада меҳнат қилиб, қадр топмоқда, ҳурмат-эътиборга сазовор бўлмоқда. Аммо орамизда онда-сонда бўлса-да, аёллик шаънига доғ тушираётганлар ҳам учраб туриши ачинарли ҳолатдир. 

Яқинда судда Яшнобод туманида яшовчи И.К исмли аёлнинг иши кўриб чиқилди. Гап шундаки, шу йилнинг 7 мартидан 8 мартига ўтар кечаси Мир­обод туманида ўтказилган тадбирда салонларнинг бирида ишловчи И.К.нинг ҳуқуқбузарлик содир этганлиги аниқланади. Туман ИИО ФМБ ходимлари Ж.Эгамбердиев ва Ш.Лаханов унга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштиради. Ушбу ҳужжатга асосан И.К.нинг иши судда кўрилиб, қонуний чора кўрилиши керак эди. Бироқ аёл баённомани йўқотиб, ишни судга ўтказмаслик учун ички ишлар ходимларига бир неча марта пора таклиф қилади. Профилактика инспектори Ж.Эгамбердиев билан лейтенант Ш.Лаханов аёлнинг бу ҳаракати жиноят эканлиги ҳақида огоҳлантиради. Аёл эса огоҳлантириш­ларга эъти­бор бермай пора таклиф қилишни давом эттиради. Шундан сўнг профилактика инспекторлари Тошкент шаҳар ИИББ ўз хавфсизлик хизматига билдирги билан мурожаат қилиб, аёл пора таклиф қилаётганини баён қилишади. Уларнинг билдиргиси бўйича 17 мартда ўтказилган тезкор тадбирда аёл Миробод тумани ИИО ФМБнинг 406-сонли хизмат хонасида профлактика инспекторига 300 АҚШ доллари берган вақтида ушланган.

– 7 март куни раҳбарият буйруғи билан тунги тадбирга жалб қилиндик, – деб судда кўрсатма берди гувоҳ, профлактика инспектори Ж.Эгамбердиев. – Ҳуқуқбузарлик содир этган И.К.дан тушунтириш олиб, баённома расмийлаштирдик. Аёл эса тўпланган материални судга ўтказмаслик, йўқотиб юбориш эвазига пул таклиф қилди. Аёлни пора бериш жиноят эканлиги ҳақида огоҳлантирдик. Унга бу гаплар таъсир қилмади. Унинг ноқонуний иши юзасидан раҳбариятга билдирги билан мурожаат қилдик ва чора кўришни сўрадик. Шундан сўнг тезкор тадбир режаси ишлаб чиқилди. И.К. менга 300 АҚШ доллари берган вақтида ушланди. 

Суд судланувчи аёл ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериб, ҳукм чиқарди. Қонунга хилоф эканлигини била туриб профлактика инспекторига пора берган аёлга 2 йил муддатга озодликдан чеклаш жазоси тайинланди.

Сардорбек СОДИҚОВ,

Жиноят ишлари бўйича Миробод туман судининг раиси.