ПОЙТАХТИМИЗДА ЖОРИЙ ЙИЛ БИРИНЧИ ЧОРАГИДА 40 НАФАР ШАХС ОҚЛАНДИ
Тошкент шаҳар судлари томонидан жорий йил биринчи чорагида жами 40 нафар шахсга нисбатан оқловга оид қарорлар чиқарилди. 834 ҳолатда тергов органи томонидан асоссиз қўйилган моддалар айбловдан чиқарилди.
Тошкент шаҳар судининг ахборот хизмати маълум қилишича, жиноят ишлари бўйича судлар томонидан биринчи чоракда 3 минг 347 нафар шахсга нисбатан 2 минг 780 жиноят иши кўриб тамомланган.
Жиноят оқибатида етказилган 170 миллиард сўмдан ортиқ моддий зарарнинг ўрнини қоплаган 165 нафар шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланган. 482 нафар шахс суд залида қамоқдан озод қилинган.
Одил судловни амалга оширишда жамоатчиликнинг кафиллиги асосида беш нафар шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган ёки қонунда назарда тутилганидан кўра енгилроқ жазо тайинланган. 67 нафар шахсга тайинланган жазолар енгилроқ жазо билан алмаштирилган. 675 нафар шахс муддатидан илгари жазо (қамоқ)дан озод қилинган.
Жиноят ишларининг 1 минг 379 таси ижтимоий хавфи катта бўлмаган, 776 таси унча оғир бўлмаган, 969 таси оғир ва 225 таси ўта оғир тоифадаги жиноятларни ташкил этган.
Судланган шахсларнинг 383 нафарига жарима, 518 нафарига ахлоқ тузатиш ишлари, 572 нафарига озодликни чеклаш, минг нафардан зиёдроғига озодликдан маҳрум қилиш, 13 нафарига мажбурий жамоат ишлари, 1 нафарига муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган бўлса, 83 нафар шахс шартли ҳукм қилинган.
Судланганларнинг 218 нафарини аёллар, 91 нафарини вояга етмаганлар, 1 минг 289 нафарини ёшлар, 71 нафарини 60 ёшдан ошган эркаклар, 53 нафарини чет эл фуқаролари ва 10 нафарини тадбиркорлар ташкил этган. 779 нафар муқаддам судланган шахслар такроран жиноят содир этган.
591 жиноят иши сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилган. Жиноятнинг сабаблари ва унинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни бартараф қилиш тўғрисида 2 минг 369 хусусий ажрим чиқарилган.
“Менинг маҳаллам – менинг судьям” ғояси асосида судьялар Тошкент шаҳридаги 579 маҳаллада ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жиноятчиликка қарши курашиш, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, мавжуд муаммоларни тизимли ҳал этиш юзасидан сайёр учрашувлар ўтказиб келмоқда.
Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича туман судлари тергов судьялари томонидан 26 минг нафарга яқин шахсга нисбатан 22 минг 135 маъмурий иш кўриб чиқилган ва тамомланган.
Маъмурий ҳуқуқбузарликка тортилган шахсларнинг 13 мингга яқинига жарима, 47 нафарига махсус ҳуқуқдан маҳрум қилиш, 7 минг нафарга яқинига маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Тошкент шаҳар, туман ва туманлараро судларига жами 7 минг 261 мурожаат келиб тушган. Уларнинг 2 минг 852 таси жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати, 4 минг 47 таси фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати ва 362 таси иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатлари томонидан ўрганилган ва барчаси қонун доирасида кўриб чиқилган.