ПИРОТЕХНИКА САВДОСИ БИЛАН НОҚОНУНИЙ ШУҒУЛЛАНГАН ШАХС ЖАРИМАГА ТОРТИЛДИ
Жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судида пиротехника буюмларининг қонунга хилоф муомаласи билан шуғулланган шахсга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш кўриб чиқилди.
Яккасарой туман ДСИ ходимлари томонидан Тошкент шаҳар, Яккасарой тумани, Ш. Руставели кўчасида жойлашган “Аския” деҳқон бозори автотураргоҳида 1999 йилда туғилган фуқаро ҳеч қандай рухсат берувчи ҳужжатларсиз пиротехника воситалари савдоси билан шуғулланаётганлиги аниқланиб, тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилган. Энг қизиғи, ҳуқуқбузар муқаддам ҳам маъмурий жавобгарликка тортилган.
Далилий ашё сифатида олинган умумий қиймати 169 000 сўмлик 3 хил турдаги 52 қути пиротехника воситалари вақтинча олиб қуйилган, савдо тушумидаги нақд пуллар тўлов квитанциясига асосан “Ипак йўли” АИТБнинг Яккасарой филиалига масала қонуний ҳал бўлгунга қадар вақтинчалик топширилган.
— Тирикчилик илинжида пиротехника воситалари савдоси билан шуғулландим. Қилган ишимдан пушаймонман. Бундай ҳолат такрорланмайди, – деди суд мажлисида сўроқ қилинган ҳуқуқбузар.
Санжар Ибадов, жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман суди судьяси:
— Суд ишни атрофлича ўрганиб, ҳуқуқбузарга нисбатан жазо тайинлашда ҳуқуқбузарликнинг характерини ва ижтимоий хавфлилик даражасини, унинг шахсини, оилавий шароитини, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, шунингдек, жавобгарликни енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатлар инобатга олинди.
Ҳуқуқбузар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1851-моддаси (пиротехника буюмларининг қонунга хилоф муомаласи)да назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир қилганликда айбдор деб топилди ва унга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди.
Жарима давлат фойдасига ундирилиши ва ашёвий далил сифатида олинган умумий қиймати 169 000 сўмлик 3 хил турдаги 52 қути пиротехника воситалари тегишли тартибда йўқ қилиниши, ашёвий далил сифатида олинган нақд пуллар тегишли тартибда давлат фойдасига ўтказилиши белгиланди.