«ПАСПОРТ НУСХАСИ КЕРАК», ДЕБ АРИЗАМИЗНИ ҚАБУЛ ҚИЛМАДИ»

— Қизим куёвим билан келишолмай, икки фарзанди билан қайтиб келди. Шунга ҳам икки йил бўляпти. Орада ёшларни яраштириб қўйгандик, барибир келишолмади. Яраштирган пайтимиз қизимнинг бўйида бўлиб қолди. УТТга тушганда ҳомиласи эгиз эканлиги маълум бўлди. Куёвим эса «ҳомила мендан эмас», деб тан олмаяпти. Нима қилишга бошимиз қотган. Фуқаролик судига алимент учун мурожаат қилгандик, «отасининг паспортининг нусхаси керак», деб аризамизни қабул қилмади. Сўнг куёвимнинг паспорт нусхасини олиш учун ички ишларга боргандик, улар «02» хизматига мурожаат қилишимизни айтди. «02» хизматидагилар эса «фуқаролик судидан расман хат олиб келмагунингизча куёвингизни паспорт нусхасини олиб беролмаймиз», дейишди. Мутасадди ташкилотларнинг мана шундай бизни овора қилиши тўғрими?

Исми сир тутилди

Абдуқодир РАЖАБОВ, фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди судьяси:

ҚАРЗДОР ҲАҚИДАГИ МАЪЛУМОТЛАР КЎРСАТИЛИШИ ЛОЗИМ

— Фуқаролик процессуал кодексининг 172-моддаси 2-қисми 3-бандига кўра, суд буйруғи бериш тўғрисидаги аризада қарздорнинг фамилияси, исми, отасининг исми, унинг яшаш жойи кўрсатилиши лозим. Шунингдек, 4-бандида ундирувчининг талаби ва унга асос бўлган ҳолатлар ҳам кўрсатилиши керак.


Мазкур ҳолатда алимент ундириш тўғрисидаги суд буйруғи бериш ҳақидаги аризада қарздор, яъни қизингизнинг турмуш ўртоғига оид маълумотларни кўрсатишингиз ва алимент ундириш борасидаги аризага болаларни туғилганлик ва никоҳ қайд этилганлиги ҳақидаги гувоҳномаларнинг нусхаларини илова қилиш керак. Яна белгиланган миқдордаги почта харажати тўланганлиги ҳақидаги тўлов паттаси ҳам илова қилинади.

 

СУДГА МУРОЖААТ ҚИЛИНГ

— Амалдаги қонунчилик талабларига кўра, белгиланган тартибда талаб қилиб олиш ваколатига эга бўлган жисмоний ва юридик шахслардан ташқари бошқа шахсларга тегишли паспорт нусхалари берилмайди.

 

Бироқ судга берилаётган аризага илова ҳужжатлари учун паспорт нусхаси мавжуд бўлмаса, судга паспорт нусхасини талаб қилиб олиш ҳақида ариза билан мурожаат қилиб, куёвингизнинг паспорт нусхасини олиш ҳуқуқингиз мавжуд.


Оталикни белгилаш масаласи Оила кодексининг 61-моддасида кўрсатилган. Унга кўра, боланинг онаси билан никоҳда бўлмаган шахснинг оталиги ўзини боланинг отаси деб тан олган шахс ва онанинг фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд қилиш органига биргаликда топширган аризасига биноан белгиланади.

 

ОТАЛИК ҚАНДАЙ БЕЛГИЛАНАДИ?

— Оталикни белгилаш тўғрисидаги ариза боланинг туғилганлигини қайд этиш вақтида, шунингдек, бола туғилганлиги қайд этилгандан кейин ҳам берилиши мумкин.


Оталикни белгилаш тўғрисидаги суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга киргандан кейин суд шу қарор нусхасини бола туғилганлиги рўйхатга олинган жойдаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органига юборади.


Агарда куёвингиз билан қизингиз ўртасида қонуний никоҳ расмийлаштирилган бўлмаса, қизингизнинг туғилажак фарзандига нисбатан оталикни белгилаш масаласи юқорида қайд этилган қонун талаблари асосида судга мурожаат қилиш орқали амалга оширилади.

 

ОНА ТАЪМИНОТИ ОЛОЛАДИМИ?

Ҳа. Қизингиз билан куёвингиз никоҳи қонунан расмийлаштирилган бўлса, қизингиз фарзандлари учун алиментдан ташқари ўзи учун турмуш ўртоғидан моддий таъминот олиш мумкин. Амалдаги Оила кодексининг 117-моддасига кўра, эр-хотин бир-бирига моддий ёрдам бериши шарт. Мазкур қонун талабига кўра, агарда қизингиз ёрдамга муҳтож бўлса ҳамда эр-хотин ўртасида алимент ундириш ҳақида келишув бўлмаса, қизингиз фарзанди уч ёшга тўлгунга қадар моддий таъминот ундириш ҳақида судга даъво ариза билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.