ОТА-ОНАЛИК ҲУҚУҚИНИ ТИКЛАШ МУМКИНМИ?
— Кичик ўғлим бир неча йил олдин хотини билан ажрашиб, оталик ҳуқуқидан бекор қилинганди. Ҳозирда қилмишидан чин дилдан пушаймон. Фарзандига тарбия беришни хоҳлаяпти. Аммо оталик ҳуқуқи бекор қилингани учун ўғли билан кўриша олмайди. Айтингчи, оталик ҳуқуқини тиклаш мумкинми? Бунинг учун қаерга мурожаат қилинади? Тўловлари борми?
ҚАНДАЙ ҲОЛЛАРДА ОТА-ОНАЛИК ҲУҚУҚИДАН МАҲРУМ ҚИЛИНАДИ?
— Оила кодексининг 75-моддасига биноан, ота-оналик ҳуқуқи болалар манфаатларига зид тарзда амалга оширилиши мумкин эмас. Болалар манфаатларини таъминлаш ота-она ғамхўрлигининг асосини ташкил қилиши лозим.
Ота-оналик ҳуқуқини амалга оширишда ота-она болаларининг жисмоний ва руҳий соғлиғига, ахлоқий камолотига зарар етказишга ҳақли эмас. Болаларни тарбиялаш усуллари менсимаслик, шафқатсизлик, қўполликдан, инсоний қадр-қимматни камситувчи муомаладан, болаларни ҳақоратлаш ёки эксплуатация қилишдан холи бўлиши керак.
Ўз ота-оналик ҳуқуқини болаларининг ҳуқуқ ва манфаатларига зид тарзда амалга ошираётган ота-она қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
Ушбу Кодекснинг 79 ва 80-моддаларига асосан, ота-она (улардан бири) қуйидаги ҳолларда:
— ота-оналик мажбуриятларини бажаришдан бош тортса, шу жумладан алимент тўлашдан бўйин товласа;
— узрсиз сабабларга кўра ўз боласини туғуруқхона ёки бошқа даволаш муассасасидан, тарбия, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш муассасаси ва шунга ўхшаш бошқа муассасалардан олишдан бош тортса;
— ота-оналик ҳуқуқини суиистеъмол қилса, болаларга нисбатан шафқатсиз муомалада бўлса, жумладан жисмоний куч ишлатса ёки руҳий таъсир кўрсатса;
— муттасил ичкиликбозлик ёки гиёвандликка мубтало бўлган бўлса;
— ўз болаларининг ҳаёти ёки соғлиғига ёхуд эри (хотини)нинг ҳаёти ёки соғлиғига қарши қасддан жиноят содир қилган бўлса, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин.
Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш суд тартибида амалга оширилади.
Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги ишлар прокурор ҳамда васийлик ва ҳомийлик органи иштирокида кўриб чиқилади.
ОТА-ОНАЛИК ҲУҚУҚИ ТИКЛАНИШИ МУМКИН, ҚАЧОНКИ…
— Оила кодексининг 81-моддасига асосан, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ота-она қайси болага нисбатан ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган бўлса, шу болага нисбатан бўлган қариндошлик фактига асосланган барча ҳуқуқлардан, шу жумладан ундан таъминот олиш, шунингдек болали фуқаролар учун қонунчиликда белгиланган имтиёзлар ва нафақалар олиш ҳуқуқларидан маҳрум бўлади.
Бундан ташқари, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ота-она фарзанди билан учрашиш ва унинг тарбиясида иштирок этиш каби ота-оналик ҳуқуқларини амалга ошириш ҳуқуқидан ҳам маҳрум бўлади.
Бундай ҳолатда, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ота-она (улардан бири) Оила кодексининг 82-моддасига мувофиқ, ўз хулқ-атворини, турмуш тарзини ва (ёки) бола тарбиясига бўлган муносабатини ўзгартирган ҳолларда ота-оналик ҳуқуқи тикланиши мумкин.
Ота-оналик ҳуқуқини тиклаш ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ота-онанинг (улардан бирининг) даъвосига биноан суд тартибида амалга оширилади. Ота-оналик ҳуқуқини тиклаш тўғрисидаги ишлар васийлик ва ҳомийлик органининг, шунингдек прокурорнинг иштирокида кўриб чиқилади.
Ота-онанинг (улардан бирининг) ота-оналик ҳуқуқини тиклаш тўғрисидаги даъвоси билан бирга болани ота-онага (улардан бирига) қайтариш тўғрисидаги талаби ҳам кўриб чиқилиши мумкин.
ЎН ЁШГА ТЎЛГАН БОЛАНИНГ РОЗИЛИГИ ОЛИНИШИ ЛОЗИМ
— Агар ота-оналик ҳуқуқининг тикланиши бола манфаатларига зид бўлса, суд боланинг фикрини ҳисобга олган ҳолда ота-онанинг (улардан бирининг) ота-оналик ҳуқуқини тиклаш тўғрисидаги даъвосини қаноатлантиришни рад қилишга ҳақлидир.
Ўн ёшга тўлган болага нисбатан ота-оналик ҳуқуқининг тикланишига фақат унинг розилиги билан йўл қўйилади.
Бола фарзандликка олинган ва фарзандликка олиш бекор қилинмаган бўлса, ота-оналик ҳуқуқини тиклашга йўл қўйилмайди.
Ота-оналик ҳуқуқини тиклаш тўғрисидаги даъво ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган шахслар ёки прокурор томонидан бола кимнинг қарамоғида эканлигига қараб, ота ёки онанинг иккинчисига ёинки васийга (ҳомийга) ёки болалар муассасасига нисбатан қўзғатилади.
Қонун талабларидан келиб чиқиб, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ота-она (ёки улардан бири) ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинишига асос бўлган ҳолатлар барҳам топганлигини, ўз хулқ-атвори, турмуш тарзи ва (ёки) бола тарбиясига бўлган муносабати ўзгарганлиги тасдиқловчи ҳолатларни кўрсатиб, БҲМнинг 2 баравари миқдорида давлат божи тўлаган ҳолда, даъво ишларини юритиш тартибида бола кимнинг қарамоғида эканлигига қараб, ота ёки онанинг иккинчисига ёинки васий (ҳомий)га нисбатан улар яшаб келаётган жойдаги фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиши мумкин.
Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ота ёки онанинг ота-оналик ҳуқуқи тикланган тақдирда улар фарзанди билан учрашиш ва фарзандининг тарбиясида иштирок этиш каби ота-оналик ҳуқуқларини амалга ошириш, шунингдек, болага нисбатан бўлган қариндошлик фактига асосланган барча ҳуқуқлардан, шу жумладан ундан таъминот олиш, шунингдек болали фуқаролар учун қонунчиликда белгиланган имтиёзлар ва нафақалар олиш ҳуқуқига эга бўлади.
Азиз РАХМОНОВ,
фуқаролик ишлари бўйича
Яккасарой туманлараро суди судьяси