ОТАЛИКДАН ВОЗ КЕЧИБ, АЛИМЕНТ ТЎЛАМАЙ ЮРИШ МУМКИНМИ?

— Қизим бир фарзанди билан турмушидан ажрашди. Собиқ куёвим оталикдан воз кечиб, ариза ёзди. Айтинг-чи оталикдан воз кечса, алимент тўлашдан озод этиладими? Қизим ундан алимент талаб қилмоқчи эмас. «Ўғлимни ўзим боқиб, катта қиламан», деяпти. Ўрнига мен алимент талаб қилсам бўладими? Яна набирамнинг қўшимча харажатлари учун ҳам пул талаб қилишга ҳақим борми?

Исми сир тутилди

Зиёдахон СОЛИЕВА, фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро суди судьяси.

 

ОТА-ОНАНИНГ МАЖБУРИЯТЛАРИ ТЕНГ

— Вояга етмаган болаларига алимент тўлаш ва уларга таъминот беришда ота-онанинг мажбуриятлари тенгдир. Алимент тўлаш тартиби ва шакли ҳақида ота-она ўртасидаги келишув қонунда белгиланган қоидаларга ва боланинг манфаатларига зид бўлмаслиги керак.

Вояга етмаган ёки вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига алимент тўлаш ҳақидаги суднинг ҳал қилув қарорини бажаришдан бўйин товлаган шахслар ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши ёки жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.

Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши ота-онани ўз боласига таъминот бериш мажбуриятидан озод қилмайди. Демак, собиқ куёвингиз алимент тўлашдан озод этилмайди.

 

«МЕН ТАЛАБ ҚИЛСАМ БЎЛАДИМИ?»

— Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексига кўра, алиментлар тўғрисидаги талаблар ота-онанинг шахси билан чамбарчас боғланган ҳуқуқлари доирасига киришини инобатга олганда, бундай талабларнинг бошқа шахсга ўтишига йўл қўйилмайди. Шунингдек, алиментлар ундириш ҳақидаги талабни ҳисобга ўтказишга йўл қўйилмайди. Шу сабабли қизингиз, ўн тўрт ёшга тўлган вояга етмаган бола ёки васийлик ва ҳомийлик органи алимент ундириш тўғрисидаги талабни қўйишга ҳақли бўлади.

 

«КЎРИШИШИГА РУХСАТ БОРМИ?»

— Ота ва она алоҳида яшаса, бола улар билан кўришиш ҳуқуқига эга. Шунингдек, бола отаси, онаси, бобоси, бувиси, ака-укалари, опа-сингиллари ва бошқа қариндошлари билан кўришиш ҳуқуқига ҳам эга.

Ота-онасининг никоҳдан ажралиши, никоҳнинг ҳақиқий эмас деб топилиши ёки ота-онанинг бошқа-бошқа яшаши боланинг ҳуқуқларига таъсир қилмайди.

Шу сабабли собиқ куёвингиз, унинг ота-онаси ҳам фарзанди билан кўришишга қонунан ҳақли ҳисобланади.

 

ҚЎШИМЧА ХАРАЖАТЛАР УЧУН…

— Оила кодексининг 103-моддасига асосан, ота-она фавқулодда ҳолатлар, яъни боланинг оғир шикастланиши, касал бўлиши ва бошқалар туфайли келиб чиққан, боланинг таъминоти учун зарур бўлган қўшимча харажатларда иштирок этиши шарт. Бундан бош тортган ота ёки онадан суд уларнинг оилавий ва моддий аҳволини ҳисобга олиб, қўшимча харажатларни қисман пул билан тўланадиган қатъий суммада ундириш ҳақида ҳал қилув қарори чиқариши мумкин.

Сиз набирангизнинг қўшимча харажатлари учун собиқ куёвингиздан пул талаб қилишга ҳақли эмассиз. Бундай талаб билан қизингиз фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиши мумкин. Куёвингиз оталикдан воз кечса-да, боланинг қўшимча харажатлари учун иштирок этишдан озод қилинмайди.