«ОВСИНИМ ТИНЧИМИЗНИ БУЗЯПТИ»

Қайнукам 2018 йил уйланган. Баъзи сабабларга кўра, ажрашмоқчи. Хотини суд орқали уйдан фойдаланиш ва яшаш ҳуқуқини олиб, ҳозирда эримни номида бўлган бир хонали квартирамизга кириб олган. Квартира қайнимни номида бўлмаса ҳам, уйдан яшаш ва фойдаланиш ҳуқуқи берилаверадими? Суд қарорини бекор қилиш мумкинми?

Исми сир тутилди

 Мансур ИМОМОВ, Фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро суди раиси:

 

— Уй-жой кодексининг 32-моддасига кўра, уй, квартира мулкдорининг оила аъзолари, шунингдек у билан доимий яшаётган фуқаролар, агар уларни кўчириб келган пайтда ёзма равишда бошқа ҳол қайд этилган бўлмаса, уйдаги, квартирадаги хоналардан мулкдор билан тенг фойдаланишга ҳақлидирлар. Улар мулкдор берган турар жойга ўзларининг вояга етмаган фарзандларини кўчириб киритишга ҳақлидирлар. Бу шахслар уй, квартиранинг мулкдори билан оилавий муносабатларни тугатган тақдирда ҳам уларда турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқи сақланиб қолади.

 

Мулкдорнинг турар-жойига рўйхатдан ўтган бўлсалар, мулкдорнинг оила аъзоси деб топилишлари мумкин.

 

Мазкур ҳолатда қайниукангизнинг хотини эрингизнинг номида бўлган уй-жойга уй эгасининг рухсати билан киритилган (ёки шу уйга келин бўлиб тушган) ҳамда турар-жой рўйхатдан (прописка) ўтган бўлса, унда ушбу уйга кириб яшаш ва фойдаланиш ҳуқуқи мавжуд. Келиннинг “ҳаққи” ушбу уйда яшаш ва фойдаланиш ҳуқуқидан иборат.

 

Суднинг ҳал қилув қарори устидан норози тарафлар юқори инстанция судига, яъни апелляция судлов ҳайъатига апелляция тартибида шикоят қилиши мумкин.