ОАВ СУД МУҲОКАМАСИ НАТИЖАЛАРИНИ ОЛДИНДАН ЎЗИЧА ҲАЛ ҚИЛИШГА, ТАЪСИР КЎРСАТИШГА ҲАҚЛИ ЭМАС

Тошкент туманлараро иқтисодий судида даъвогар “ANOR BANK” АЖ ва “KOMIL UNSUR” МЧЖ (“SOF.UZ”) ўртасида иқтисодий низо кўриляпти.

 

Ушбу низо юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Судьялар олий кенгаши томонидан расмий баёнот берилганлигига қарамасдан, муаллифи аниқ бўлмаган Kompromatuzb телеграм канали туманлараро иқтисодий суд ва олий суд раҳбариятига нисбатан ҳеч бир асосга эга бўлмаган, судни обрўсизлантиришга қаратилган туҳматдан иборат ахборот тарқатишда давом этмоқда.

 

Аввало шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ҳар қандай даъво ариза судьяларга электрон тизим тақсимоти орқали тақсимланади. Яъни, жараёнга суд раиси ҳам, бошқа бир инсон омили ҳам аралаша олмайди.

 

«Ушбу низонинг кўрилаётганлигидан ижтимоий тармоқлар ва менга алоқага чиққан блогерлардан эшитиб хабардор бўлдим. Судда фаолият юритаётган давримдан бери ҳали бирор марта Олий суд раҳбарига рўбарў келмадим. Постда келтирилган «Очко» масаласига келсак, суд раҳбариятида эътиборга эҳтиёж бўлмаганидек, мен ҳам «очко»га муҳтож эмасман. «Маёна» борасидаги ахборот эса, туҳмат, асосиз айблов ва шахс-муаллифнинг ўз дунёқараши ҳамда савия даражаси, нимага мойиллигидан келиб чиқиб, ишлатилган сўздир», дея муносабат билдиради Тошкент туманлараро иқтисодий суди раиси Нуриддин Муродов.

 

Эслатиб ўтамиз,  «Судлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунинг 65-моддасига кўра, давлат органлари ва бошқа органлар, корхоналар, муассасалар ҳамда ташкилотлар, мансабдор шахслар, фуқаролар судьяларни ҳурмат қилиши ва уларнинг мустақиллиги принципига риоя этиши шарт. Судьяга ҳурматсизлик қилиш, худди шунингдек, уни очиқдан-очиқ менсимасликдан далолат берувчи хатти-ҳаракатлар қилиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.

 

Шу қонуннинг 66-моддасида эса судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди. Муайян ишни ҳар томонлама, тўла ва холисона кўриб чиқишга тўсқинлик қилиш ёки ғайриқонуний суд ҳужжати чиқарилишига эришиш мақсадида судьяларга қандай бўлмасин таъсир кўрсатиш қонунга мувофиқ жиноий жавобгарликка сабаб бўлади. Оммавий ахборот воситалари ўз хабарларида муайян иш юзасидан суд муҳокамаси натижаларини олдиндан ўзича ҳал қилиб қўйишга ёки судга қандай шаклда бўлмасин, таъсир кўрсатишга ҳақли эмаслиги белгилаб қўйилган.

 

Шунингдек, судья барча даражадаги суд раисларидан мустақил тарзда, қонунга мувофиқ иш олиб боради. Суд раислари судья фаолиятига аралашмайди.

 

Демак, юқоридаги ҳолат муайян ишни ҳар томонлама, тўла ва холисона кўриб чиқишга тўсқинлик қилиш ёки ғайриқонуний суд ҳужжати чиқарилишига эришиш мақсадида суд раҳбарияти ва судьяга қандай бўлмасин таъсир кўрсатишга қаратилган ҳаракатдир.