НОҲАҚ АЙБЛАНГАН ҲАМКОРЛАР СУД ЖАРАЁНИДА ОҚЛАНДИ

Кейинги йилларда мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида шиддат билан амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самараси амалда яққол намоён бўлмоқда. Бунинг натижасини судлар томонидан чиқарилаётган оқлов ажримлари мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.

 

Шу ўринда фикримизнинг исботи тариқасида жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судида кўрилган бир жиноят ишига эътибор қаратамиз.

 

Пойтахтимиздаги «Кўчмас мулк хизматларини кўрсатиш» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Равшан Саидов бундан ўн йил муқаддам аукцион савдоларини ўт­казиш билан шуғулланувчи «Realtor Garant Business» масъулияти чекланган жа­мият­да фаолият юритган. Бироқ ушбу масъу­лия­ти чекланган жамиятда ўт­казган аукцион савдоси учун орадан қарийб ўн йил ўтиб, жиноий жавобгарликка тортилиши унинг етти ухлаб тушига ҳам кирмаганди. Р. Саидов билан бирга Мирзо Улуғбек туманида яшовчи Абдуваҳоб Абиловга нисбатан ҳам жиноят иши қўзғатилганди.

 

Дастлабки тергов органи томонидан эълон қилинган айб­ловга кўра, Абдуваҳоб Абилов 2012 йил январь ойида Суд департаментининг Тошкент шаҳар бошқармаси собиқ бошлиғи Ж. Ғуломов (марҳум), «Realtor Garant Business» масъу­лияти чекланган жамияти раҳбари М. Мирахмедов (марҳум) ва жамият­ аукциончиси Р. Саидов билан ўзаро жиноий тил бириктирган.

 

Аниқроқ айтганда, «Gabus» масъулияти чекланган жамияти томонидан қурилган ҳамда Суд ижрочиларининг Миробод тумани бўлими томонидан жиноят иши бў­йича етказилган моддий зарарни қоплаш учун хатланган Миробод тумани Т. Шевченко кўчаси 38-уйда жойлашган 947 метр квадрат ҳажмдаги нотурар жойнинг арзон нархга баҳоланганини олдиндан билган ҳолда уни аукцион савдоси орқали ўзларига таниш бўлган шахс­лар кўмагида сотиб олиб, кейинчалик қимматроқ нарх­га сотишни кўз­лашган.

 

Ушбу жиноий режани амалга ошириш мақсадида суд ижрочиларининг Миробод тумани бўлими бошлиғи Т. Ахметов, бўлим суд ижрочиси Б. Толибов, ХОАТБ «Туркистон» бош офиси бўлими бошлиғи А. Таштаев, унинг укаси Р. Рихсибоев, «Magna Trade» масъулияти чекланган жамия­ти раҳбари А. Рихсибоев, «Bethil-Techtrans» масъу­лия­ти чекланган жа­мия­ти раҳбари Ш. Маҳмудовларни жалб қилишган. Сўнгра «Realtor Garant Business» масъулияти чекланган жамия­ти раҳбари М. Мираҳмедовга 2 000 АҚШ долларини пора тариқасида беришган. Натижада 2012 йил 26 январь куни ўтказилган аукцион савдосида «Magna Trade» масъулияти чекланган жамиятининг ғолиб бў­лишига эришишган.

 

Тергов органи томонидан Равшан Саидов юқорида қайд этилган аукцион савдоси баённомаларини сохталаштириш ва А. Абиловни масъулияти чекланган жамияти раҳбари М. Мир­аҳмедовга 2 000 АҚШ долларини пора тариқасида беришига далолат қилганликда айбланган.

 

Бироқ суд жараёнида ҳар иккала судланувчи ноҳақ айб­лангани аён бўлди.

 

Жиноят-процессуал кодексининг 22-моддасига мувофиқ, иш бўйича исботланиши лозим бўл­ган барча ҳолатлар синчковлик билан, ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона текшириб чиқилиши керак. Ишда юзага келадиган ҳар қандай масалани ҳал қи­лишда айб­ланувчини ёки судланувчини ҳам фош қиладиган, ҳам оқ­лайдиган, шунингдек, унинг жавобгарлигини ҳам енгиллаштирадиган, ҳам оғирлаштирадиган ҳолатлар аниқланиши ва ҳисобга олиниши лозим. Мазкур қо­нун талабидан келиб чиқиб айтадиган бўл­сак, жиноят иши ҳужжатларида Аб­дуваҳоб Абилов ва М. Мираҳмедов ўртасида 2 000 АҚШ доллари миқдорида пора олди-бердиси бўл­ган­лигини тасдиқловчи объектив далиллар мавжуд эмас.

 

Қолаверса, даст­лаб­ки тергов ва судда сўроқ қи­линган бирор-бир гувоҳ буни тасдиқламаган.

 

Ҳатто А. Абилов ва Р. Саидовни юзлаштириш тергов ҳаракати давомида ҳам пора бериш ёки пора беришга далолат қи­лиш ҳолати ўз тасдиғини топмаган. Ваҳоланки, бундай ҳолатда дастлабки тергов органи пора олиш-бериш ёхуд унга далолатчилик қилиш жиноятини қўшимча тергов ҳаракатларини ўтказиш орқали тек­шириши лозим эди. Аммо айнан қонуний йўл тутиш ўрнига Абдуваҳоб Абилов ва Равшан Саидов фақатгина тахмин ҳамда фаразларга асосан Жиноят кодексининг 211-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноят­ содир этганликда айбдор деб топилган.

 

Айтиш керакки, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси, Бош прокурори, Давлат хавфсизлик хизмати раиси, Ич­ки ишлар вазири томонидан 2014 йил 24 июнь куни тасдиқланган «Порахўрлик жиноятлари ҳақи­даги ариза ва хабар­лар­ни кўриб чиқиш, бу тоифадаги жиноят ишларини тер­гов қилиш ва судда кўришда қонун талабларига риоя қилинишини таъминлаш бўйича Қўшма кўр­сатма»нинг 8.3-бандига биноан, айбсиз шахс жиноий жавобгарликка тортилишининг олдини олиш мақсадида арзнинг ёки айбига иқ­рорлик кўрсатмаларининг ҳаққо­ний­лиги, ихтиёрийлиги, ҳар қан­дай тазйиқлардан холилиги синчковлик билан текширилиши ҳам­да айбига иқрорлик кўрсатмалари объектив далилларсиз, шахснинг айбини исботловчи «устун» далил сифатида эътироф этилишига йўл қўйилмайди.

 

Аммо дастлабки тергов ор­гани томонидан Жиноят процессуал кодекси ва юқорида қайд этилган Қўшма кўр­сат­мага риоя қи­линмай, А. Абиловнинг айбига иқрорлик билдириб берган кўрсатмалари асосий далил сифатида эътироф этил­ган. Ҳар икки шахснинг мазкур жи­ноят­ни содир этганликдаги айби бошқа объектив далиллар билан исботланмаган.

 

Бундан ташқари Равшан Саи­довга нисбатан Жиноят кодексининг 205-моддаси 2-қисми «а» банди, 28,211-моддаси 1-қисми, 228-моддаси 2-қисми «б» банди ва 3-қисми билан айб эъ­лон қилинган бўлса-да, тергов органи томонидан мазкур жиноятларнинг субъектини аниқлашда ҳам жиддий хатоликка йўл қў­йилган. Хусусан, Р. Саидов тадбиркорлик субъекти ҳисобланган «Realtor Garant Business» масъулияти чекланган жамиятида аукциончи бў­либ ишлаган. У ўз ваколатига кўра, мансабдор шахс ҳисобланмаса-да, гўёки давлат органининг мансабдор шахси сифатида ваколатини суиистеъмол қилганликда айбланган. Шунингдек, жиноят иши ҳужжатларида аукцион савдо баённомаси сохталаштирилганини тасдиқловчи экспертиза хулосаси ёки бошқа процессуал ҳужжат мавжуд эмас. Яъни Р. Саидовнинг уш­бу баённомага айнан қандай сох­та маълумотларни киритганлиги исботланмаган. Аниқ­ро­ғи, Р. Саи­дов айнан қайси шахслар билан қандай усулда тил бириктиргани, унинг ушбу жиноий фаолиятдаги ҳаракатлари айнан нимада намоён бўл­ганлиги дастлабки тергов ор­­гани томонидан аниқ ва объектив далиллар билан исботлаб берилмаган.

 

Яна бир гап. Суд мажлисида иштирок этган давлат айбловчиси А. Абилов ва Р. Саидовга оид жиноят иши бўйича ўтказилган суд муҳокамаси натижасида суд тергови маълумотлари судланувчиларнинг айбсизлигидан далолат беришини инобатга олиб, айбловдан воз кечишини билдирди, ўз фикрларини ёзма равишда тақдим этди. Бундай ва­зият­да Жиноят процессуал кодексининг 409-моддаси 1-қисми талабига риоя этиш шарт.

 

Мазкур моддада суд муҳокамаси натижасида прокурор суд тергови маълумотлари судланувчининг айбсизлигидан далолат беради деган фикрга келса, у айбловдан воз кечиши ва воз кечиш сабабларини судга баён қилиши шартлиги ва прокурорнинг айб­ловдан воз кечиши суд томонидан жиноят ишини реабилитация асосларига кўра, тугатишга сабаб бў­лиши белгилаб қўйилган. Ана шу асосларга таянган суд Равшан Саи­дов ва Абдуваҳоб Абиловни айбсиз деб топиб, оқлади. Шу билан бирга, иккала оқ­ланган шахсга мулкий, маънавий ва бошқа зиённи қоплаш юзасидан Жиноят процессуал кодексининг 304-313-моддалари тартибида фуқаролик су­дига мурожаат қилиш ҳуқу­қи тушунтирилди.

 

Шу тариқа қаҳрамонларимиз ноҳақ айбловдан, жиноий жавобгарликдан халос бў­лиш­ди. Адолат қарор топиб, нафақат уларнинг ўзи, балки яқинлари, қариндош-уруғларининг ҳам амалдаги қонунларимизга, давлатимиз раҳбарининг инсон қадрини улуғлаш борасидаги саъй-ҳаракатларига нисбатан ишончи мустаҳкамланди. Энг муҳими, уларнинг элу юрт, қўни-қўшни ва таниш-билишлари ўртасида юз­и ёруғ бўлди.

 

Санжар АБДУҒАНИЕВ,

жиноят ишлари бўйича

Мирзо Улуғбек тумани суди судьяси