НАВРЎЗ-ЯНГИЛАНИШ ФАСЛИ
Бундан минг йиллар олдин ота-боболаримиз Наврўз айёмни қандай пок ният ва ёруғ умидлар билан кутиб олган бўлсалар, бугун ҳам халқимиз мана шундай юқори кайфият билан унга пешвоз чиқмоқда.
Чунки шарқона янги йил ҳисобланадиган Наврўз ўлмас қадриятларни тараннум этадиган, янгиланиш ва фаровонлик рамзидир.
Наврўз айёми келиши билан барча шаҳарлар ва қишлоқларда, маскану майдонларда, табиат қўйнида баҳор сайиллари, томошалар, миллий кўргазмалар ва байрам дастурлари намойиш этилади.
Халқимизга хос бўлган ўз она диёрига, юртига муҳаббат, меҳр-оқибат, кўмакка муҳтожларга ёрдам кўрсатиш каби олийжаноб фазилатлар янада ёрқин намоён бўлади. Йилнинг ушбу сеҳрли даврида бўладиган табиатнинг янгиланиши ва уйғониши билан бизнинг ҳаётимиз, бутун жамиятимиз ҳаёти ўзгаради. Энг аввало, барпо этилаётган янги уй-жойлар, тиббиёт ва таълим муассасалари, замонавий корхоналар, шинам қишлоқ ва шаҳарлар юртимиз қиёфасига чирой қўшади.
Наврўз фалсафаси инсонпарварлик, мурувват, адолат, бағрикенглик, халқ фаровонлиги учун чинакам ғамхўрлик кўрсатиш каби юксак қадриятлар орқали ўз ифодасини топган. Оиламиз ва яқинларимиз, бутун халқимиз ҳамиша тинч ва осойишта яшашларини юракдан истаймиз. Бу борада буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий “Ҳар кунимиз Наврўздек бўлсин” деб таъкидлаган эдилар.
Маълумки, дунёда турли байрамлар, муҳим саналар кўп бўлса-да, Наврўз инсон шаъни ва қадр-қимматини юксалтиришда алоҳида ўрин тутади.
Ушбу баҳор айёмида юртимиздаги барча фуқароларнинг миллатлараро дўстлиги, ўзаро ҳурмати, маънавий саховати ва меҳр-оқибати айниқса яққол намоён бўлади. Инсон ҳурмати ва эҳтиромини улуғлаш йўлидаги хайрли ишларнинг амалий тимсоли сифатида барчамиз Наврўз байрамида қариндош-уруғ ва дўстларимиз, беморлар, кекса-қариялар ва имконияти чекланган инсонлар, кўмак ва эътиборга муҳтож оилалар ҳолидан хабар олиб, уларга ёрдам кўрсатамиз, илиқ қалбимиз билан меҳр улашамиз. Биз доимо кўп асрлик анъаналаримиздан фахрланамиз, фарзандларимизни ана шу инсонпарварлик қадриятлар асосида тарбиялаймиз.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «2025 йилги наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида» даги қарорида кейинги йилларда Ватанимизда амалга оширилаётган “Инсон қадри учун, инсон бахти учун”, деган олийжаноб ғояга ҳамоҳанг бўлиб, том маънода умумхалқ байрамига айланаётганлиги таъкидланиб, бундай эзгу қадриятлар туфайли юртимизда аҳоли манфаатлари ва ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, эҳтиёжманд қатламларни қўллаб-қувватлаш, жамиятнинг ҳеч бир аъзосини меҳр ва эътибордан четда қолдирмаслик, шаҳар ва қишлоқларимизни обод қилиш, ер ва сув ресурсларидан, барча табиат неъматларидан оқилона фойдаланиш устувор вазифамизга айланиб бораётганлиги ифода этилган.
Қарорда “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йили”да ва муборак Рамазон ойида нишонланадиган бу йилги Наврўз шодиёналари шу боис янгича руҳ ва мазмун касб этиши белгиланди.
Бир сўз билан айтганда бугун давлатимиз раҳбари бошчилигида олиб борилаётган инсон қадрини улуғлаш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш, мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш каби эзгу ислоҳотлар Наврўз қадриятлари билан ҳамоҳангдир.
Шоира Эрметова,
Тошкент туманлараро
иқтисодий суди судьяси