НАБИРАЛАРИМ БИЛАН УЧРАШИШГА ҲУҚУҚИМ БОРМИ?
— Фарзандим чет давлатда ишлайди. Келиним эса аразлаб уйига кетиб қолган. Набираларимни менга кўрсатмаяпти. Уларни кўришга борсам, “ўғлингиз келса кўрасиз, унгача кўрсатмайман”, дейди. Буви сифатида менинг ҳам набираларим билан учрашишга ҳуқуқим борми?
Исми сир тутилди
Мутахассис: Икромжон КУРБАНБАЕВ, фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди судьяси.
КЎРИШИБ ТУРИШ ҲУҚУҚИГА ЭГА
— Оила кодексининг 66-моддасига асосан, бола отаси, онаси, бобоси, бувиси, ака-укалари, опа-сингиллари ва бошқа қариндошлари билан кўришиш ҳуқуқига эга. Ота-онасининг никоҳдан ажралиши, никоҳнинг ҳақиқий эмас деб топилиши ёки ота-онанинг бошқа-бошқа яшаши боланинг ҳуқуқларига таъсир қилмайди.
Ота ва она алоҳида яшаган ҳолда бола уларнинг ҳар бири билан кўришиш ҳуқуқига эга. Ота-она турли давлатларда яшагани тақдирда ҳам бола улар билан кўришиш ҳуқуқига эга.
Фавқулодда вазиятларга тушиб қолган бола (ушлаб туриш, қамоққа олиш, ҳибсга олиш, даволаш муассасасида бўлиш ва бошқа ҳолларда) ўз ота-онаси ва бошқа қариндошлари билан қонунда белгиланган тартибда кўришиш ҳуқуқига эга.
Оила кодексининг 77-моддасига асосан, бобо, буви, ака-ука, опа-сингил ва бошқа яқин қариндошлар бола билан кўришиб туриш ҳуқуқига эга.
СУД НИЗОНИ ҲАЛ ҚИЛАДИ
Ота-она (улардан бири) яқин қариндошларнинг бола билан кўришишига имконият бермасалар, васийлик ва ҳомийлик органи ота-онани (улардан бирини) бундай имконият беришга мажбур қилиши мумкин.
Агар ота-она (улардан бири) васийлик ва ҳомийлик органининг қарорини бажармаса, боланинг яқин қариндошлари ёки васийлик ва ҳомийлик органи бола билан кўришиб туришга тўсқинлик қилувчи ҳолларни бартараф қилиш ҳақида даъво билан судга мурожаат қилишга ҳақлидир. Суд боланинг манфаатларини ва боланинг фикрини ҳисобга олган ҳолда низони ҳал қилади.
Суднинг ҳал қилув қарори бажарилмаган тақдирда айбдор ота (она)га нисбатан қонун ҳужжатларида назарда тутилган чоралар қўлланилади.
Сиз қонунда белгиланган тартибда набираларингиз билан учрашиш учун биринчи навбатда келинингиз яшаётган худуддаги болаларни химоя қилиш шуъбасига мурожаат қилишингиз лозим. Келинингиз болаларни химоя қилиш шуъбаси ходимларининг ҳаракатларига ҳам қаршилик кўрсатган ҳолатда, мазкур шўъба ходимларининг хулосаси билан келинингиз яшаётган ҳудуддаги фуқаролик ишлари бўйича судга даъво ариза билан мурожаат қилишингиз лозим бўлади.
Суд томонидан иш ҳолатлари ўрганиб чиқилган холда боланинг манфаатларини ва боланинг фикрини ҳисобга олган ҳолда сизга набираларингиз билан учрашув вақтини белгилаб бериш ваколатига эга. Бунда боланинг жисмоний ва руҳий соғлиги, унинг ахлоқий камолотига таъсир қиладиган ҳолатлар, боланинг ёши ва соғлиғининг ҳолати инобатга олинади. Белгиланган кўришиш тартиби боланинг манфаатига жавоб бериши ва ижро этиш имконияти мавжуд бўлиши лозим. Болаларнинг фикрини, уларнинг тарафларга бўлган муносабатини аниқлаш, болаларни ҳимоя қилиш шўъбаси томонидан болаларнинг яшаш шароитини текшириш вақтида амалга оширилади. Иш ҳолатларига кўра, суд томонидан болани сўраш зарур деб топилса, бундай сўровни боланинг ёшини ва ривожланганлигини эътиборга олиб, педагог қатнашувида, унга манфаатдор шахслар таъсир этмайдиган вазиятда амалга оширилади.
Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА,
Тошкент шаҳар судининг Жамоатчилик ва ОАВ билан
алоқалар бўйича бош консультанти