МУСТАҚИЛЛИК ТУФАЙЛИ СУДЛАР МУСТАҚИЛ БЎЛДИ
Инсон борки, озодликка, эркинликка интилиб яшайди. Кишилик тарихига эътибор қаратсак, жаҳонда деярли барча уруш-жангу жадаллар озодлик, инсон орзу-умидларига эришиш учун рўй берган. Шу маънода, мустақиллик асрлар тўфонидан соғ-омон ўтиб, ўзимиз ва ўзлигимизни, миллий анъана ва қадриятларимизни англаш имконини берган муқаддас бойлигимиздир. Бу олий неъматни қўлга киритганимиздан буён, яъни 33 йилдан бери дунё харитасидан Ўзбекистон Республикаси деган янги мустақил давлат муносиб ўрин эгаллаб турибди.
Ватанимиз мустақиллиги халқимизга ўз ҳақ-ҳуқуқларига эга бўлиш имконини берди. Шахснинг жамиятда тўлақонли эркинлигини таъминлашга кўмаклашувчи бир қатор узвий ҳуқуқларини амалга оширишда етарлича шарт-шароит ва имкониятлар яратилгани ҳам инсон ҳуқуқлари энг олий қадрият даражасига кўтарилганини кўрсатади.
Инсон ҳуқуқларини тўлақонли таъминлаш учун эса ҳар бир давлатнинг суд-ҳуқуқ тизими мустаҳкам ва мустақил бўлиши лозимлиги, исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатдир.
Ҳар бир тизим тараққиётини кучайтириш учун эса янгиланишлар, ўзгаришларни амалга ошириш зарурати пайдо бўлади. Мустақил давлатимиз тараққиётида ҳам шундай янги босқичга қадам қўйилди.
2016 йилдан бошлаб мамлакатимизни ривожлантиришнинг замонавий талаблари ва стратегик устувор вазифалари Ўзбекистонни қонун ва адолат мустаҳкам қарор топган демократик мамлакатга айлантириш, мустақил ва кучли суд-ҳуқуқ тизимини шакллантиришдек олий мақсадларни кун тартибига қўйди.
Суд-ҳуқуқ тизимини янада демократлаштириш ва эркинлаштириш, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолияти самарадорлигини ошириш, аҳолининг одил судловга бўлган ишончини ошириш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлаш борасидаги дадил қадамлардан бири Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонининг эълон қилиниши бўлди.
Бу тарихий ҳужжатда суд-ҳуқуқ соҳасидаги давлат сиёсатини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариб, қуйидаги учта асосий устувор йўналишлар белгилаб берилди:
- суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш;
- фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш;
- одил судловга эришиш даражасини ошириш.
Қисқа фурсатларда бу мақсадларга эришила бошланди.
Жумладан, судлар мустақиллигини таъминлаш мақсадида, Судьялар олий кенгаши ташкил қилинди. Шунингдек, Олий суд ва Олий хўжалик суди бирлаштирилиб, Олий суд фаолияти такомиллаштирилди. Ҳудудлардаги хўжалик судлари иқтисодий судлар сифатида қайта ташкил этилди, 71 та туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судига ишларни биринчи инстанцияда кўриб чиқиш ваколати берилди.
Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, биргина иқтисодий судлар ташкил этилганидан сўнг, минг-минглаб тадбиркорларнинг муаммолари қисқа фурсатда ҳал этилди. Давлат органлари ва тадбиркорлар ўртасидаги мулоқот умуман бошқача кўриниш касб этиб, раҳбар ва амалдорларни аҳолига яқинлаштирди.
Илгари хўжалик судлари фақат вилоят даражасида фаолият кўрсатарди. Айрим туманлар суд биносидан узоқ масофада жойлашгани туфайли тадбиркорлар даъво аризасини берган пайтдан низо судда кўриб чиқилгунига қадар вилоят марказига бир неча маротаба қатнашга мажбур эди. Бу эса уларнинг моддий харажат ва ортиқча вақт сарфлашларига сабаб бўларди.
2017 йилда ташкил этилган иқтисодий судлар жойлашуви узоқ ҳудудларда истиқомат қиладиган фуқароларнинг, шу жумладан, тадбиркорларнинг суд ҳимоясига эришиш даражасини оширди.
Яна бир муҳим жиҳат, бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг асл моҳияти инвестиция муҳитини яхшилаш, иқтисодиётни ривожлантириш орқали халқ фаровонлигига эришишдан иборат. Бунда чет элдан инвесторни жалб этиш учун унга, биринчи навбатда, қулай ишбилармонлик муҳити, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун қонуний кафолатлар яратиб бериш лозим.
Бу жараёнда инвесторлар ҳуқуқларини муносиб ҳимоя қилиш мақсадида Олий судда инвестициявий низолар ва рақобатга оид ишларни кўриш бўйича махсус судлов таркиби ташкил этилгани айни муддао бўлди. Унга кўра, йирик инвесторлар, ўз хоҳишига кўра, низони ҳал қилиш учун тўғридан-тўғри Олий судга мурожаат қилиши мумкин.
Яъни, инвестициявий низолар бўйича йирик инвесторнинг, рақобатга оид ишлар бўйича тарафларнинг хоҳишига кўра, ушбу тоифадаги ишлар бевосита Олий суд томонидан, қолган барча инвестициявий низолар инвесторнинг хоҳишига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари томонидан биринчи инстанция суди сифатида кўрилади.
Олий судда инвестициявий низолар бўйича махсус судлов таркибининг ташкил этилиши, ушбу тоифадаги ишлар бўйича алоҳида судловга тегишлилик қоидаларининг белгиланиши инвесторлар низоларни ҳал қилиш учун турли суд инстанциялари ўртасида 5 – 6 ойлаб сарсон бўлишларининг олдини олади ва уларнинг муаммолари битта судда ҳал қилинишини таъминлайди. Инвесторларнинг одил судловга ишончини кучайтириш орқали эса республиканинг инвестициявий жозибадорлиги ортади. Бу эса мамлакатнинг халқаро рейтинглардаги ўрнини оширишга хизмат қилади.
Бугун иқтисодий судлар том маънода, тадбиркорларнинг, инвесторларнинг чинакам ҳимоячисига айланди.
Зеро, улар фақат маълум бир тоифадаги ишларни кўради, бу низоларни ҳал этиш жараёнини тезлаштиришга ва уларни кўриб чиқиш муддатларини қисқартиришга ёрдам беради. Бу, айниқса, бизнесни сақлаб қолиш ва дарҳол қарор қабул қилиш масалалари турган иқтисодий ишларда жуда муҳим аҳамиятга эга.
Суд ислоҳотлари борасида яна бир муҳим янгилик, судья лавозимида фаолият юритишнинг илк маротаба беш йиллик, кейин ўн йиллик муддати ва муддатсиз даври белгиланганидир. Судларнинг ўз молиявий, моддий-техник масалаларини мустақил ҳал қилиш борадаги ваколатлари адлия органларидан олиниб, Олий судга ўтказилди. Суд томонидан жиноят ишини қўшимча терговга қайтариш институти бекор қилинди. Шахснинг жиноят содир этишдаги айбдорлиги фақат суд муҳокамасида ўз исботини топган далилларга асосланиши кераклиги қатъий белгилаб қўйилди. Қийноққа солиш, руҳий, жисмоний босим ўтказиш ва бошқа зўравонлик ҳолатлари қатъиян тақиқланди.
Судда ишларни кўриб чиқишда инсон ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тарафларнинг тортишувчанлик тамойилини рўёбга чиқариш мақсадида жиноят ишлари бўйича судларда дастлабки эшитув институти жорий этилди. Судлар фаолиятининг шаффофлиги, очиқлиги йўлида жиноят ишлари сайёр суд муҳокамаларида кўриб чиқилмоқда. Эҳтиёт чораси сифатида қамоқда сақлаш ва дастлабки терговнинг энг юқори муддатлари камайтирилди.
Судьяликка номзодларни танлов асосида ишга қабул қилиш механизми жорий этилди. Илк бор судьялик лавозимига номзодларни танлаш бўйича имтиҳон жараёнларини онлайн ёритиб бориш амалиёти йўлга қўйилди. Шунингдек, судьялик лавозимига биринчи марта тайинланадиган номзодларни кўриб чиқиш муқобиллик асосида амалга ошириладиган бўлди.
Инвестициявий низолар ва рақобатга оид ишлар фақат иқтисодий судлар томонидан кўриб чиқиладиган бўлди. Прокурорларнинг барча иқтисодий суд мажлисларида иштирок этиш ҳуқуқи бекор қилинди. Энди, бундан буён прокурор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ёки прокурорнинг даъво аризаси билан қўзғатилган ишлардагина иштирок этиши мумкин.
Суд ишларини юритишда назорат инстанцияси тугатилди. Суд тизимида ортиқча суд босқичларини бекор қилиш орқали “Бир суд — бир инстанция” тамойили, шунингдек, туманлараро судларнинг қарорларини вилоят судлари томонидан, вилоят судларининг биринчи инстанция суди сифатида чиқарган қарорларини эса Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судлов ҳайъати томонидан апелляция тартибида қайта кўриб чиқиш амалиёти йўлга қўйилди.
Айбига иқрорлик бўйича келишув институти жорий қилинди. У мамлакатда жиноят, жиноят-процессуал қонунчилигининг татбиқ этилиши, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг ҳимояси юқори поғонага кўтарилишида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Шунингдек, Бош прокурор ва ўринбосарларининг суднинг қарорлари устидан назорат тартибида протест киритиш ҳуқуқи бекор бўлди. Судья фаолиятининг самарадорлигини электрон рейтинг орқали очиқ ва шаффоф баҳолашни таъминлайдиган аниқ мезонлар (рейтинг дастури) амалиётга татбиқ этилди. Судьялар дахлсизлигини таъминлаш ва коррупциянинг олдини олиш мақсадида тузилган суд инспекцияси, шубҳасиз, судьялар дахлсизлигини таъминлашга хизмат қилади. Давлат айбловчиси айбловдан воз кечган тақдирда, реабилитация асосларига кўра, жиноят иши тугатиладиган бўлди.
Бугун мамлакатнинг суд тизимида гендер тенгликни таъминлаш, аёлларнинг суд-ҳуқуқ соҳасидаги мавқеини ошириш, айниқса, аёл судьяларни қўллаб-қувватлаш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, ҳозирда Олий судда фаолият юритиб келаётган жами 73 судьядан 13 нафари аёл судьядир.
Ўзбекистон тарихида илк маротаба давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг қарорлари ҳамда ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш борасида тизим йўлга қўйилди.
Соҳа ислоҳотларидан бири – соҳада рақамлаштиришни кенг жорий қилиш судларга жисмоний ва юридик шахсларни мурожаат қилишни янада енгиллаштириш ҳамда одил судлов самарадорлигини ошириш билан бир қаторда, судлар фаолиятини шаффофлигини, очиқлигини таъминлашга ва судлар мустақиллигини янада кучайтиришга хизмат қилмоқда.
Шу пайтгача фуқаролар ва тадбиркорларга кўрсатиладиган интерактив хизматлар етарли даражада эмас эди. Бу борадаги хизматлар турини кенгайтириш бўйича ишларни жадаллаштириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Қарор асосида 30 га яқин давлат органлари ва идоралар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси, Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ахборот тизимларини Олий суднинг ахборот тизимига уланди. Судлар фаолияти ахборот технологиялари фойдаланган ҳолда ташкил қилинмоқда.
Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатиладиган интерактив электрон хизматлар турларини кенгайтирилди, ҳар бир мурожаатни кўриб чиқиш жараёнининг онлайн кузатиб борилишини таъминланди, суд биноларида интерактив хизматлардан эркин фойдаланиш имкониятини яратилди, суд мажлисларида масофадан туриб, мобиль қурилмалар ва электрон ҳамкорликнинг бошқа шакллари орқали иштирок этиш имкониятини кенгайтирилди, энг асосийси, муайян судда кўрилган иш бўйича тарафлар учун суд қарорларини онлайн тарзда олиш имкониятлари яратилди.
Суд мажлисларининг вақти ва жойи ҳақида «SMS» хабар орқали бепул асосда хабардор қилиш суд қарорларини иш бўйича тарафларга онлайн тарзда, уларнинг илтимосномаси бўйича эса қоғоз шаклида тақдим этиш амалиёти жорий қилинди.
Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хўжалик бошқаруви органлари, адвокатлар томонидан судларга даъво, ариза ва шикоятларни фақат электрон шаклда тақдим этилмоқда. Суд мажлиси иштирокчилари томонидан маълумотлар ва ҳужжатларни электрон шаклда юбориш имконини берувчи «Адолат» ахборот тизимлари комплекси жорий қилинди.
Сўнгги йилларда амалга оширилаётган бу ҳаётбахш ислоҳотлар натижасида фуқароларнинг суд тизимига бўлган ишончи ортиб бормоқда. Буни, судларга бўлган мурожаатларнинг кўпайиб бораётганида ҳамда судлар томонидан қабул қилинаётган оқлов ҳукмлари, фуқаролар, тадбиркорлар фойдасига қабул қилинган суд қарорлари сонининг ортиб бораётганида ҳам кўриш мумкин.
Эндиликда одамлар судни фақат қоралайдиган, жазолайдиган орган, деб эмас, аксинча, уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қиладиган орган, ўзларининг ҳимоячиси, адолат посбони, деб қарай бошлади.
Шу боисдан судлар қонундан оғишмай иш тутишлари, фуқароларнинг манфаатларини муҳофаза этиб, уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаб, халқнинг ишончини қозонишлари зарурдир..
Иброҳим Алимов,
Тошкент шаҳар суди раисининг ўринбосари
иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси.