МУКОФОТ ПУЛИ ҲАМ АЛИМЕНТГА ҚЎШИЛАДИМИ?
— Болаларимнинг отаси билан икки йилдан бери бирга яшамаймиз. Суд иккита вояга етмаган бола учун алимент тайинлаган. Эрим яқинда бошқа шифохонага ишга ўтди. Билишимча, у ерда мукофот пули ҳам бериларкан. Судга мурожаат қилиб, мукофот пули, устама ҳақ ва бошқа қўшимча тўловларни алиментга киритишни сўрасам бўладими?
Исми сир тутилди
Малика ЗАКИРОВА, Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси:
— Алимент суд томонидан ота-онанинг ҳар ойдаги иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадининг бир бола учун – тўртдан бир қисми, икки бола учун – учдан бир қисми, уч ва ундан ортиқ бола учун – ярмиси миқдорида ундирилади. Бу тўловларнинг миқдори тарафларнинг моддий ёки оилавий аҳволини ва бошқа эътиборга лойиқ ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда суд томонидан камайтирилиши ёки кўпайтирилиши мумкин.
Ҳар бир бола учун ундириладиган алимент миқдори қонун ҳужжатлари билан белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 26,5 фоизидан кам бўлмаслиги керак.
Агар алимент тўловчи ишламаса алимент ўртача ойлик иш ҳақи миқдори бўйича ҳисоблаб чиқилади. Алимент Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ва унинг ташқарисида пул ёки натура тарзида олинган барча турдаги даромадлардан ушлаб қолинади.
Алимент тўлаши шарт бўлган шахснинг иш жойидаги иш берувчи ёки пенсия, нафақа, степендия олаётган жойидаги ташкилот маъмурияти алимент тўлаши шарт бўлган шахсга иш ҳақи тўланган ва бошқа даромадлар олинган кундан бошлаб, уч кундан кечиктирмай алимент олувчи шахсга ўтказиши шарт.
Суд хужжатлари ва бошқа органлар хужжатларини ижро этиш тўғрисидаги Қонуннига кўра, қарздорнинг иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлардан ушлаб қолинадиган суммалар миқдори солиқлар ушлаб қолингандан кейин қолган суммадан ҳисоблаб чиқарилади. Оила кодекисга мувофиқ алимент тўловчининг иш ҳақи ва бошқа даромадларидан олинар экан, демак юридик шахс томонидан жисмоний шахсга тўлаб бериладиган рағбатлантириш хусусиятига эга тўловлар, ишланмаган вақт учун тўловлар ва бошқа тўловларнинг жами ҳисобланиб, ундан суд қарорида белгиланган алимент суммаси ушлаб қолинади.
Юқоридагиларга кўра, алимент икки усулда яъни эр ва хотиннинг алимент ундириш ҳақида ўзаро келишув асосида ёки суд тартибида алимент ундирилиши мумкин.