МАҲКУМ МУАССАСА ДОИРАСИДАН ЧЕТГА ЧИҚИШИ МУМКИНМИ?
— Турмуш ўртоғим ҳозирги вақтда жазони ижро этиш муассасасида. Қайнонамнинг соғлиги ҳозирда ёмонлашиб қолган, шу сабабли турмуш ўртоғим муассаса доирасидан четга чиқиши мумкинми?
Исми сир тутилди
Шерзод ЭШМАТОВ, жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди судьяси:
— Давлатимиз раҳбари томонидан маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлашга қаратилган ҳужжатлар имзоланган ва амалдаги қонунчиликка тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар қиритилган. Ушбу ташаббуслар барчанинг қонун олдида тенглиги, инсонпарварлик, адолатлилик, суд ҳокимиятининг мустақиллиги таъминланиши ҳам бевосита инсон ҳуқуқлари устуворлигига хизмат қилмоқда, фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқлари, фикр, сўз ва виждон эркинлиги кафолатланмоқда.
Жиноят-ижроия кодексига киритилган қўшимчаларга мувофиқ:
маҳкум сақланаётган жойлар санитария-гигиена ҳамда қурилиш нормалари ва талабларига мос келиши керак;
маҳкум ўз мурожаатига кўра, шунингдек камида олти ойда бир марта тиббий кўрикдан ўтказилади;
маҳкум шошилинч тиббий ёрдамга муҳтож бўлганда тиббиёт ходимлари ушбу шахсларнинг олдига зудлик билан кириши таъминланиши керак;
қамоқхона маъмурияти оғир касалликка чалинган маҳкумнинг розилиги билан унинг қариндошлари ёки у кўрсатган шахсларга зудлик билан бу ҳақда хабар бериши керак;
оғир касалликка чалинган шахсга телефон орқали қўшимча сўзлашишга, шифокор рухсати билан қўшимча учрашувга рухсат берилади;
шахснинг руҳий ҳолатдаги бузилиши оқибати ҳисобланган қоидабузарлик учун маҳкум интизомий жавобгарликка тортилмаслиги белгиланди.
Ҳозирги кунда амалда бўлган Жиноят-ижроия кодексининг 82-моддасида маҳкумларнинг алоҳида ҳолларда муассаса доирасидан четга чиқиш тартиби белгилаб қўйилган.
Ушбу модданинг биринчи қисмида, “Маҳкумларга алоҳида ҳоллар (яқин қариндошининг вафоти ёки ҳаёти учун хавфли бўлган оғир касаллиги, маҳкумга ёки унинг оиласига жиддий моддий зарар етказган воқеа) муносабати билан бориш-келиш учун кетадиган вақтни (тўрт суткагача) ҳисобга олмаган ҳолда, етти суткагача бўлган муддатга жазони ижро этиш муассасаси доирасидан четга чиқишга рухсат этилиши мумкин. Маҳкумларга Ўзбекистон Республикаси доирасида четга чиқишга рухсат этилади” деб кўрсатилган.
Модданинг иккинчи қисмига кўра, маҳкумнинг четга чиқишга рухсат сўраб ёзган аризасини муассаса маъмурияти бир сутка ичида кўриб чиқади. Бу ҳақда маҳкумнинг шахси, хулқ-атвори, тасдиқловчи ҳужжатлар бор-йўқлигидан келиб чиқиб қарор қабул қилинади. Четга чиқишга бериладиган рухсатнома прокурор томонидан тасдиқланади.
ЖИЭМдан ЧЕТГА ЧИҚИШГА РУХСАТ БЕРИЛМАЙДИГАН МАҲКУМЛАР РЎЙҲАТИ БОР…
— Модданинг учинчи қисмида эса, жазони ижро этиш муассасаси доирасидан четга чиқишга рухсат берилмайдиган маҳкумлар рўйҳати кўрсатилган, улар:
ўта хавфли рецидивистлар;
умрбод озодликдан маҳрум қилинганлар, шунингдек умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси афв этиш тартибида озодликдан маҳрум қилиш билан алмаштирилган шахслар;
ўта оғир жиноятлар учун ҳукм қилинган шахслар;
мажбурий даволанишдан ўтаётган ва юқумли касалликка чалинган маҳкумлардир.
Модданинг тўртинчи ва бешинчи қисмларида, жазони ижро этиш муассасаси доирасидан четга чиқиш вақти жазони ўташ муддати ҳисобига қўшилиши ҳамда жазони ижро этиш муассасаси доирасидан четга чиқиш билан боғлиқ харажатлар маҳкум маблағлари ҳисобидан ёки бошқа шахслар томонидан тўланиши кўрсатилган.
Модданинг олтинчи қисмида, маҳкумнинг белгиланган муддатда жойига қайтиб келишини қийинлаштирувчи кутилмаган ҳоллар юз берган тақдирда у борган жойдаги ички ишлар органи бошлиғининг қарорига биноан қайтиш муддати, жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятини албатта огоҳлантирган ҳолда, беш суткагача узайтирилиши мумкинлиги белгиланган.
Модданинг еттинчи қисмида, маҳкум белгиланган муддатда жойига қайтишдан бўйин товлаган тақдирда у ички ишлар органи томонидан ушланиши ва жазони ўташ жойига жўнатилиши белгиланган.
Саккизинчи қисм, ушбу модданинг якунловчи қисми бўлиб, унда, маҳкумларнинг муассаса доирасидан четга чиқиш тартиби Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланиши кўрсатилган.
Мазкур кодекснинг тегишли моддаси талабидан келиб чиқиб, ушбу масалада тўғридан тўғри Ички ишлари вазирилигига мурожаат қилишингиз мумкин.