МАШИНА БУЗИЛИБ ҚОЛСА ҲАМ ЖАРИМА ТЎЛАНАДИМИ?

— Бозор ҳудуди олдида машинам бузилиб қолганлиги сабабли тўхтаб қолдим. Шу вақтда машина тўхташ мумкин бўлмаган жойда тўхтаганлигим сабабли менга нисбатан ЙХХБ томонидан катта миқдорда жарима келди. Ахир мен машина бузилиб қолганлиги сабабли тўхтаб қолгандим. Ушбу вазиятда судга мурожаат қилишим мумкинми?

Исми сир тутилди

Ҳамиджон ШАМШИЕВ, Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судьяси:

 

— Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 апрелдаги 172-сонли қарори билан қабул қилинган амалдаги “Йўл ҳаракати қоидалари” бўйича мажбурий тўхташ – техник нуқсон, ташилаётган юк, ҳайдовчи ва йўловчининг ҳолати, йўлдаги бирор тўсиқ туфайли хавф юзага келганда ёхуд об-ҳаво шароитига боғлиқ ҳолда транспорт воситаси ҳаракатини тўхтатиш. Ҳайдовчининг ушбу хатти-ҳаракати охирги зарур чора бўлиб, қоидабузарлик деб эътироф этилмайди.

 

“Йўл ҳаракати қоидалари”нинг 93-бандига кўра, тўхташ тақиқланган жойларда мажбурий тўхтаганда, ҳайдовчи транспорт воситасини йўлнинг четига олиб чиқиш ва ушбу жойдан олиб кетишнинг барча чораларини кўриши шарт.

 

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 315-моддасида маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан чиқарилган қарор хусусида шикоят бериш тартиби белгиланган бўлиб унга кўра маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан қарор устидан юқори турувчи органга (мансабдор шахсга) ёки жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судига шикоят берилиши мумкин.

 

Шикоят маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан қарор қабул қилган орган (мансабдор шахс) орқали ёки бевосита шикоят йўлланган судга юборилади.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан чиқарилган қарор хусусида шикоят берган шахс давлат божи тўлашдан озод этилади.

 

Ушбу Кодекс 316-моддасида маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан чиқарилган қарор хусусида шикоят бериш муддати белгиланган бўлиб, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидан чиқарилган қарор хусусида шу қарорнинг нусхаси олинган кундан эътиборан ўн кун ичида шикоят берилиши мумкин, бундан суд қарори мустасно. Мазкур муддат узрли сабаблар билан ўтказилиб юборилган тақдирда, бу муддат шикоятни кўриб чиқишга ваколатли орган (мансабдор шахс) томонидан қайта тикланиши мумкин.

 

Юқоридагилардан келиб чиқиб, сиз ЙХХБ қарори устидан қарорнинг нусхасини олган кундан эътиборан ўн кун ичида жиноят ишлари бўйича туман судига шикоят беришингиз мумкин. Мазкур муддат узрли сабаблар билан ўтказилиб юборилган тақдирда, шикоят бериш муддатини тиклаш тўғрисида илтимоснома билан мурожаат қилишингиз мумкин.