МАШИНАСИ БЎЛСА, МОДДИЙ ЁРДАМ БЕРИЛМАЙДИМИ?

— Бир неча ҳафта жиддий хасталаниб, шифохонада даволандим. Иш жойимга “больничный” бериб, моддий ёрдам сўраганимда, бухгалтер машинам борлиги учун ёрдам кўрсатилмаслигини айтди. Моддий ёрдам ҳамма учун бир хил эмасми?

Исми сир тутилди

Рустам Тангабаев, фуқаролик ишлари бўйича М.Улуғбек туманлараро суди раиси:


— Меҳнат кодексининг 6-моддаси 1-қисмига мувофиқ, барча фуқаролар меҳнат ҳуқуқларига эга бўлиш ва улардан фойдаланишда тенг имкониятларга эгадир. Жинси, ёши, ирқи, миллати, тили, ижтимоий келиб чиқиши, мулкий ҳолати ва мансаб мавқеи, динга бўлган муносабати, эътиқоди, жамоат бирлашмаларига мансублиги, шунингдек ходимларнинг ишчанлик қобилиятларига ва улар меҳнатининг натижаларига алоқадор бўлмаган бошқа жиҳатларига қараб меҳнатга оид муносабатлар соҳасида ҳар қандай чеклашларга ёки имтиёзлар белгилашга йўл қўйилмайди ва булар камситиш деб ҳисобланади.
Меҳнат муносабатларнинг барча иштирокчилари ўзларига қонунчиликда белгиланган ҳуқуқлардан тенг фойдаланидилар ва ушбу ҳуқуқларни ҳимояси давлат томонидан кафолатланади.


Хусусан, Меҳнат кодексиинг 285-моддасига кўра, вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси касал бўлинганда, меҳнатда майиб бўлган ёки бошқача тарзда шикастланганда, шу жумладан турмушда жароҳатланганда, оиланинг бетоб аъзосини парвариш қилганда, карантин эълон қилинганда, санаторий-курортда даволанганда ва протез қилинганда тўланади.


Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси меҳнатда майиб бўлган ва касб касаллигига чалинганда иш ҳақининг тўлиқ миқдорида, бошқа ҳолларда эса, ходимнинг давлат ижтимоий суғуртаси бадалларини тўлаган муддатига (умумий иш стажига), қарамоғидаги вояга етмаган болаларининг сони ва бошқа ҳолатларга қараб, иш ҳақининг олтмиш фоизидан юз фоизигача миқдорда тўланади.


Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақасининг энг кам миқдори қонунчиликда белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 35,2 фоизидан оз бўлмаслиги ва нафақа ҳисоблаб чиқариладиган иш ҳақи миқдоридан ортиб кетмаслиги лозим.
Давлат ижтимойи суғуртасини (даромад солиғи) тўлайдиган ҳар бир ходимга меҳнатга қобилиятсизлик таътили тўланиши шарт.


Нафақанинг миқдори Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 28 февралдаги “Вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик бўйича нафақалар тўлаш чегарасини такомиллаштириш тўғрисида” қарори билан белгилаб қўйилган.
Қарорнинг 1-бандида, жаҳон уруши қатнашчилари ва шундай тоифага киритилган бошқа шахсларга ўртача ойлик иш ҳаққининг 100 фоизи миқдорида, ижтимойи аҳамиятга эга касалликлар бўйича ҳисобда турувчи ходимларга 60 фоиздан 100 фоизгача, қолган ҳолларда эса давлат ижтимоий суғуртасига бадаллар тўлаб келиниши муддатига (умумий иш стажига) қараб, ойлик иш ҳақининг 60 фоизидан 80 фоизигача миқдорда тўланади.


Аммо меҳнатга қобилиятсизлик таътилининг нафақа тўлаш кафолатланган муддатининг давомийлиги Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 8 майдаги “Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низомниг 5-банди билан белгиланган бўлиб, унга кўра нафақа, меҳнат қобилияти тикланган, ногиронлик белгиланган, ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугаган, вафот этган ёки бола туғилган кундан бошлаб, 6 ой муддат ичида мурожаат қилинганда тўланади. Бунда, вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси уни олиш учун мурожаат қилинган кунгача бўлган 12 ойдан ошмаган давр учун берилади.


Ҳар бир ходим ишлаб келаётган корхонасининг мулкчилик шаклидан қатъий назар меҳнатга қобилиятсизлик таътили учун нафақа олиш ҳуқуқи мавжуд ва бундай ҳуқуқни чеклаш қонун талабига зид ҳисобланади.