Қидирув:

СУДЛАРГА НИСБАТАН АСОССИЗ ВА ЭСКИЧА ҚАРАШЛАР, ХОРИЖ ТАЖРИБАСИ, ДЕЯ ҚОНУННИ “ЯМАБ ТУЗАТИШ”ЛАР УЧРАЯПТИ – ЯГОНА МОТИВАЦИЯ ДАРКОР…

Жамиятда инсонлар ўзаро ижтимоий ва бошқа муносабатларга киришар экан, муаммо, низо, ноҳақлик, ахлоқ-одобсизлик, адолатсизлик, умуман олганда, ҳар қандай низоли масалалар ечими ёки инсонга ярашмайдиган хулқ-атворни жой-жойига қўйиш учун холис бир шахс, холис маскан ва имконга зарурат пайдо бўлган…

 

Демакки, суд – низоларни ҳал этиш, ечиш маскани, одоб-ахлоқ меъёрлари, қонунлар қўлланиладиган жой бўлиб, адолат сўраб бориладиган ва таъминланадиган даргоҳдир.

 

Шунинг учун ҳам судлар гоҳ салбий, гоҳ ижобий ё мўътадил фикр-мулоҳаза, муносабат, миннатдорлик, эътироз ва норозилик билдирадиган «минбар», «тарози палласини адл тутиб туриш учун ташкил этилган маскан», ҳақ ё ноҳақлигидан қатъи назар, аҳолининг ҳар бири бош ўриб борадиган умумостона бўлиши даркор.

 

Ҳар қандай ҳолат ва вазиятда ҳам судлар адолат ва қонун устуворлиги асосида ишончни мустаҳкам ва бардавом қозониши шарт.

 

Ана энди судга ҳурмат ва ишончнинг ортишига тўсиқ бўлаётган тўққиз масала ва ҳар доим ҳам етиша олмаётганимиз ягона мотивация ҳақида фикрлашсак.

 

РАСМИЙЛАРНИНГ СУДЛАРГА НИСБАТАН ҚАРАШЛАРИ ЗАМОН ВА ҚОНУН ТАЛАБЛАРИГА АСОСЛАНИШИ ЛОЗИМ…

Бугун сўз ва фикр эркинлиги – очиқлик замонида яшамоқдамиз. Албатта, ахборот асри, айниқса ижтимоий тармоқлар у ёки бу муносабатни шакллантириб қўядиган, популизм, пиар оддий ҳолатга айланиб бораётган, манфаатли ахборотлар устувор аҳамият касб этаётган глобал макондамиз.

 

Шу маънода судлар фаолиятига билдирилаётган муносабатлар асосли бўлиши, етарлича таҳлилларга таяниши мақсадга мувофиқ.

 

Ижтимоий тармоқларда судлар фаолиятига алоқадор айрим расмий вакилларнинг фикрлари билан ҳам танишиб бормоқдамиз. Бундай фикрларнинг юки оғирлиги билан бирга, асосга эгалиги, оқибати, жамиятга, ислоҳотларга таъсири ҳам эътиборга олиниши муҳим.

 

Масалан: «Судлар фаолиятига нисбатан аҳолининг мутлақо норозилиги ортиб бормоқда», деган фикр шахсий муносабатга хос бўлиб, асл ҳолат қўйидагичадир.

Статистик маълумотларга кўра, жорий йилнинг ярмида Иқтисодий судларда 84 000 дан ортиқ ариза ва даъво аризалар кўрилган бўлса, уларнинг 3 фоизига нисбатан, Фуқаролик судларида эса 405 000 дан ортиқ (суд буйруқлари билан қўшиб айтганда) ишлар кўрилган бўлса, уларнинг 2 фоизига нисбатан юқори инстанция судларига шикоятлар берилган.

 

Шикоятларнинг ўрта ҳисобда 1 фоизи қаноатлантирилганда ҳам «судга иши тушганларнинг бир фоизининг суд ҳужжатларидан норозилиги асослидир», деган хулосага келиш мумкин. Демак, билдирилаётган муносабатларда албатта бу омиллар эътиборга олиниши керак.

 

Маъмурий ва жиноят судларида суд ҳужжатларига нисбатан шикоят бироз юқори бўлиб, бунда шикоят беришнинг даврийлиги яъни, 10-15 йил аввалги ишлар бўйича ҳам шикоятлар кўриб чиқилаётганлиги муҳимдир. Ушбу кўрсаткич, илғор хорижий амалиётда ҳам ёмон кўрсаткич саналмайди.

 

Шу асосда ҳақли савол туғилади: юртимизда давлат сиёсати асосида олиб борилаётган суд-ҳуқуқ соҳасининг прогрессив ислоҳотлари натижаси, яъни, қисқа муддатда 4 000дан зиёд оқлов ҳукмлари, 6 000 дан ортиқ нотўғри қўйилган айблов нормаларининг айбловдан чиқарилиши ё ўзгартирилиши, иқтисодий ва фуқаролик судларда давлатдан тадбиркор ёки фуқароларга ундирилиб берилган ва берилаётган (аввал кузатилмаган) триллиондан ортиқ маблағлар ёки ноҳақ бўшатилиб ишга тикланган 2 000 дан ортиқ фуқароларга оид суд ҳужжатлари, қанчалик маблағ талаб қилинмасин, судлар фаолиятига АКТ изчил қўлланилганлиги, коррупция ҳолатлари кескин камайганлиги, судьяларнинг ижтимоий аҳволи бир неча баробар яхшиланганлиги каби ҳолатлар айрим расмий вакилларнинг баёнот ва фикрларини мушоҳада қилиши лозимлигини кўрсатади.

 

Демак, судларга юқоридан туриб назар солиш, эскича қарашларни ўзгартириш вақти келди.

 

«ЭСКИ КАСАЛЛИК», ОДИЛ СУДЛОВНИ ТАЪМИНЛАШ УЧУН МОДДИЙ ВА АЙНИҚСА ПРОЦЕССУАЛ ҚОНУНЧИЛИКНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЗАРУРАТИ…

Албатта қонун, қонун бўлганда ҳам камида адолатли ёки ҳеч бўлмаганда мукаммалроқ қонунлар керак. Аслида дунёда идеал ё мукаммал ё ўзгармайдиган қонуннинг ўзи мавжуд эмас.

 

Билакс, асло жамиятдаги ижтимоий муносабатлардан, низо (казиус)лардан ортда қолаётган, ечими қонун ости ҳужжатда мавжуд дейдиган яхлит қонунлар эмас, балки айнан жамиятдаги муносабатлардан ҳеч бўлмаса, ярим қадам илгари юрадиган, «эй бу яна қандай янги ижтимоий муносабат бўлди, бу муносабат бизнинг нормаларда тартибга солинмаганку, тезда қонуности ҳужжатларидан ёки чуқур ўрганилмаган чет эл тажрибасидан олиб, ямоқ қилиб, қонуни тузатиш ҳақида қонун лойиҳа керак», қабилидаги қонунларни назарда тутмаяпман албатта.

 

Масалан: одамлар ўз хусусий мулкига оид ҳоким ёки бошқа мансабдор қарори бўйича судлашмоқчи бўлса, нега унга муддат (3 ой) белгилашимиз керак…

Бу каби муддатлар ва айниқса, процессуал муддатлар шу қадар кўпки, бу эски тузимнинг асорати ва афсуски, МДҲ давлатларининг кўпчилигига хос бўлган процессуал ҳуқуқ тизимига қаттиқ боғланиб қолганлигимиз оқибатидир.

 

Демак, номукаммал қонунчилик тизими ёки замон билан баб-баравар ҳаракатланмай оқсайдиган норма ижодкорлиги, қонуности ҳужжатларидаги устуворлик, идораларда қонуности ҳужжати билан ишлашга, одил судловни амалга оширишга ё судьянинг мустақил ва одил қарор қабул қилишига таъсир этувчи омилга айланиб қолмаслиги шарт.

 

Шунингдек, «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 11-моддасида белгиланган “Қонуности ҳужжатларида қонун ҳужжатлари даражасида тартибга солиниши лозим бўлган масалалар бўйича нормалар белгиланишига йўл қўйилмади» деган қонун нормасига ҳар доим ҳам эътибор қаратилмаётир ёки ушбу норма тизимли равишда эътибор талаблигича қолиб кетмоқда.

 

Оқибатда судлар фаолиятида урғу асосан эскидан қолган процессуал қонунчилик томон оғиб бормоқда, моддий ҳуқуқ нормаларини қўллаш амалиёти эса, эски касаллик каби оқсоқланиб қолгандек кўринади. Бу албатта одил судловга ишончнинг ортишига тўсқинлик қилади.

 

СУДГА ҲУРМАТ ВА ИШОНЧНИ ОШИРИШДА СУДЬЯНИНГ ШАХСИ…

Аввало илм, тажриба, илмий, ҳуқуқий, маънавий, сиёсий салоҳият судья ва суднинг юзи саналади.

 

Низолар, жиноятлар, судда кўрилаётган ишлар доирасида ёки ишларни кўришда судьяни реал ҳаётий тажрибаси, ишни ҳал этиш амалиётини ижобий шаклланганлиги, судьялар томонидан стратегик қарор қабул қилиш амалиёти, зарур минимум ҳаётий тажриба, малакали илм, соҳавий чуқурлашган билим ва тизимли амалиёт шарт.

 

Судья суд амалиётидаги муаммоларни мониторинг қиладиган, мукаммал таҳлил этадиган, илмий ва асосли ечимларни ўзига ва жамиятга таклиф этадиган кўникмалар устида ишлаши керак. Хуллас, ўша ҳамма билган гап – «малакали кадрлар кўп нарсани ҳал этади».

 

СУД МАСЛАҲАТ БЕРУВЧИ ТАШКИЛОТ ЭМАС…

Аҳолининг айрим қатлами афсуски, судларга ҳуқуқий маслаҳат берадиган ёки уларнинг даъвосини суд шакллантириб берадиган орган сифатида қарамоқда.

 

Шу тоифа аҳоли онгида судга ўз даъвоси билан борган шахсни судья қабул қилиши ва унга даъвони қандай шакллантириш, ёзма мурожаатларни тузиш, ҳужжатларни тайёрлаш, яна ўша судьянинг ўзи унинг низосини кўриб чиқиши лозимлиги суднинг мажбурияти сифатида гўё оддий ҳолат.

 

Шу йўсин, аҳоли орасида суд маслаҳат бермаганлигидан, судья уни суд мажлисидан аввал шахсий қабулда қабул қилмаганлигидан, уларга лозим даражада эътибор қаратмаганидан норозилик сифатида муносабат билдириш, турли инстанцияларга шикоят қилиш орқали судьяларга, одил судловга таъсир этиш ҳолатлари ортиб бормоқда.

 

Ваҳоланки, бундай хулоса ва бош оғриқ ҳамиша ортиқчадир. Ҳеч бир суд бундай бошоғриқни хоҳламайди. Оқибатда эса ушбу ҳолатлар кутганингиздек, судлар мустақиллиги ва одил судлов холислигининг емирилиб бориши сари етаклайди.

 

ЯНГИ ИЛЛАТ ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚ ОРҚАЛИ СУДГА, СУДНИНГ НАТИЖАСИГА ТАЪСИР

Бугун ижтимоий тармоқларда тарқалаётган судлар ва судьяларга оид асосли, ҳақли, холис ахборотлар билан бирга, шахсий ва гуруҳ манфаати кўзланган, замирида тамаъгирлик бўлган ғараз мақсадли ахборотларни тарқатувчи ва ўзини ижтимоий фаол фуқаро деб атайдиганлар ҳам урчиб бормоқда.

 

Суд ва судьяларга нисбатан ўз саҳифаси ва телеграм каналларида ахборот қўйиш орқали суд ишларини ҳал этиб бераман, деган қўштирноқ ичидаги айрим блогерлар ва ижтимоий фаол фуқароларнинг учраётганлиги хавотирли масаладир.

 

Ҳаттоки, судья ҳали маслаҳатда қолиб қабул қилмаган қарори бўйича ишларни олдиндан ҳал этиш ваъдасини берган ва кутилган қарор қабул қилинмаган тақдирда судья ва судлар фаолиятига нисбатан асоссиз ахборот сиздириш амалиёти кучаймоқда.

 

Бундай ҳолатларга мисол келтириш мумкин…

 

Бир ўйлаб кўринг, ҳеч қаерда ишламайдиган, бошқа даромад манбаи ҳам бўлмаган, лозим ҳуқуқий билим ва малакага ёки адвокатлик ваколатига эга бўлмаган шахс бир вилоятдан бошқа бир вилоятга ҳеч бир манфаатсиз бориб бегона бир шахс учун суд ишларига манфаатсиз аралашиши мумкинми?

 

Шу тарзда амалда очиқ, одил ва холис судлов ҳақида жамоатчиликнинг ахборот талабида номутаносиблик ёки бунинг оқибатида ижтимоий тармоқларда судлар фаолиятига оид шахсий ва нохолис позициялар билдирилиши ҳолатлари келиб чиқмоқда.

 

СУД ҲУЖЖАТЛАРИ ИЖРОСИ БИЛАН…

Суд қарорларининг ўз вақтида ижро этилмаётганлиги бевосита одил судловга, унинг қабул қилган ҳужжатларига нисбатан аҳоли ўртасида ҳурматни тушириб, пировардида судга бўлган, судлар мустақиллигига бўлган ишончни сусайтираётгани бор гап. Бу эса судлар мустақиллигини мустаҳкамлашга, судга ишончни оширишга зимдан зарба беради.

 

Айтиш мумкинки, суд ҳужжатларини сўзсиз, муҳокамасиз ижро этиш тизимини, яъни халқаро стандартлар асосида «суд ҳужжати тўғридан-тўғри ижрога» деган тизимни яратишга зарурат сезилмоқда.

 

МАҲАЛЛИЙ ДЕПУТАТЛАРГА СУДЛАР АХБОРОТИНИ ЭШИТИШ НИМА БЕРАДИ?

Ўзбекистон Республикаси Конституцияга мувофиқ, суд ҳам давлат ҳокимиятининг бир тармоғи эканлиги асосида Олий вакиллик органига ҳисобдор бўлиши лозим. Чунки, суд тизими бутун бошли яхлит бир тизим бўлиб, давлатнинг суд ҳокимиятини ташкил этади.

 

Лекин, жойларда судларнинг халқ депутатлари тегишли кенгашларида ахборот тақдим этиб бориши, албатта судлар мустақиллигига ва холислигига таъсир эмай қолмайди. Асоски, жойларда ушбу амалиёт ахборот эмас, балки ҳисобот тусига кириб улгурди.

 

Айтайлик, қайси бир суд ўзи тақдим этаётган ахборотни тегишли кенгаш сессияларида тасдиқланмаслигини хоҳлайди ёки ахбороти эшитилаётган судга ҳоким даъво киритиши мумкинлигини истисно этишнинг имкони мавжуд эмас, албатта жойлардаги ҳокимликлар шу ҳудудлардаги судларга мурожаат этишади ё ўша суд тегишли ХДК раҳбари бўлган ҳоким қарорини ҳақиқий эмас, деб топиш ҳақидаги шикоятни кўриб чиқади…

 

Айтингчи, бундай ҳолатда манфаатлар тўқнашуви юзага келиши мумкинми?

 

Ачинарлиси, айрим ХДК томонидан ўз қарорлари асосида судларга вазифалар юклаш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда.

 

СУДЛАР ФАОЛИЯТИГА ДАХЛДОР МУРОЖААТЛАРНИ НАЗОРАТГА ОЛИШ АМАЛИЁТИ ҚОНУНЛАРГА ЗИД

Ушбу амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, назоратга олинган бундай мурожаатлар юзасидан берилаётган жавоблар процессуал қонунчилик доирасидадир.

 

Демак, назоратга олувчига процессуал қонунчилик тушунтирилиб, маълумот тариқасида жавоб йўлланади.

 

Яъни, назорат амалиётининг нафдорлиги жуда паст. Аксинча, оқибатда бундай мурожаатлар юзасидан маълумотномалар тайёрлашга суд томонидан ортиқча вақт сарфланади, холос.

 

Шунинг учун ҳам «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 1-моддасида, «Ушбу қонуннинг амал қилиши кўриб чиқиш тартиби маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, фуқаролик процессуал, жиноят-процессуал, жиноят-ижроия, иқтисодий процессуал қонунчилик ва бошқа қонун ҳужжатлари билан белгиланган мурожаатларга нисбатан татбиқ этилмайди», деб белгилаб қўйилган.

 

Демакки, холис, одил судлов ва судга ишончни орттириш учун қонуннинг ушбу нормаси қатъий ва сўзсиз ижро этилиши лозим бўлади.

 

СУДЬЯЛАР ИШ ЮКЛАМАСИ

Ушбу масала кўп кўтарилган ва албатта бу катта бюджет маблағлари билан боғлиқ, шунга қарамай, бу борада тизимли равишда амалий ечимлар бўлиши кутилмоқда.

 

Ҳақиқатан ҳам судьялар юкламаси ўз-ўзидан суд мажлислари, суд ҳужжатлари сифатига таъсир этади, бундан аҳоли рози бўлмайди. Демак, бусиз мустақил одил судлов биз хоҳлагандек, мукаммал таъминланиб қолмайди.

 

Энди, юклама ҳақида гап кетганда судьяларнинг тарғибот тадбирлари ва ҳоказоларни айтмаса ҳам бўлади…

 

Судьялар одоб кодексида белгилаб қўйилгани каби, судьянинг одил судловни таъминлаш, суд ишларини ҳал этишда вақтни тўғри ва самарали тақсимлаш ҳамда судьяларнинг бу борадаги изланиш, ўз устида ишлаш, ўқиб-ўрганиш каби фаолиятига таъсир кўрсатмаслиги лозим.

 

Айтайлик, кучли судьялар ҳам баъзида мақола ёза олмаслиги ёки ОАВда бошқа бир чиқиш қила олмаслиги, тарғиботларда фаол иштирок эта олмаслиги мумкин…Чунки, у бу борада журналист , филолог ё профессионал соҳа ходими эмас.

 

Шунингдек, судлар ва судьяларнинг фаолияти бўйича ҳақиқий ҳолат ОАВ, интернет ижтимоий тармоқларида, блогерларнинг шахсий муносабатлари ўртасидаги тафовутлар бу борада жамоатчилик билан эҳтиёткорона муносабатда бўлиш, журналистлар ва блогерлар муносабатига нисбатан қатъий позицияда туриб, лозим даражада ўз вақтида муносабат билдириш, қолип муносабатлар, одил судлов, умуман, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларга нохолис ёндашувларнинг келиб чиқишига омил бўлмоқда.

 

Энди ягона мотивацияга келсак, бир томон фикр, муносабат билдиришда ҳам, иккинчи томон қарор қабул қилишда ҳам ягона мотивация, бу – Ватан тараққиёти, унга хизмат қилиш, Ватанга муҳаббат, юрт тақдирига дахлдорлик, аждодлар олдидаги масъулият, фарзандлар келажагига дахлдорлик каби эзгу тушунчаларга хизмат қилишдир.

 

Айни шу мотивация ким бўлишимиздан қатъи назар, ҳар биримизнинг фаолиятмизда дастурий амал бўлиши шарт.

 

Юқорида айтиб ўтилган судларга бўлган ишончига таъсир этувчи омиллар ва уларнинг ечимига қаратилган масалалар шахсий фикрлардир.

 

Ҳаёт бор экан, суд-ҳуқуқ соҳаси ислоҳотлари ҳам бардавом бўлиб, замонга мослашиб бораверади. Шу боис ҳам ҳеч бир фикрни мукаммал деб бўлмайди.

 

Лекин, ҳар қайси замон ва жамиятда ҳам судга ишонч – одамларда адолатга ишончни англатиб, шу жамиятдаги ислоҳотлар ва уларнинг натижасига бўлган ихлосни ошириб боради.

 

Шундай экан, юқорида келтирилган ягона мотивация судга ишончни оширишда барчамизни бирлаштираверсин.

 

Нуриддин МУРОДОВ,

Тошкент туманлараро иқтисодий суди раиси

«УЙНИ ОТАМ ОЛИБ БЕРГАН БЎЛСА ҲАМ, БЎЛИНАДИМИ?»

— Турмушимнинг ўн бешинчи йилида эримни бошқа оиласи борлигини билиб қолдим. «Яшамайман, ажрашаман», десам, у «мен рози бўлмайман», деяпти. Уй мени номимда, отам олиб берган. Дугоналаримдан бири «отанг олиб берган бўлса ҳам, тенг бўлинади», деди. Шу тўғрими? Мен ва тўрт боламнинг фойдасига эримни улушдан маҳрум қилса бўладими?

Исми сир тутилди

Гулчеҳра ОПАЕВА, Учтепа туманлараро суди раис ўринбосари:

 

— Ушбу ҳолатда Оила кодексининг 23-моддаси яъни, эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари, шунингдек никоҳ қайд этилгунга қадар, бўлажак эр-хотиннинг умумий маблағлари ҳисобига олинган мол-мулклари, агар қонун ёки никоҳ шартномасида бошқача ҳол кўрсатилмаган бўлса, уларнинг биргаликдаги умумий мулки ҳисобланади.

 

Шундан келиб чиқиб, сизга уй-жой никох давомида ким томонидан олиб берилишидан ва уй-жой эр ёки хотин қайси бирининг номига расмийлаштирилганидан қатъий назар, эр-хотиннинг умумий мол-мулки ҳисобланади, эр ва хотин мол-мулкка нисбатан тенг ҳуқуқга эга бўлади.

 

Сиз ва фарзандларингизнинг фойдасига турмуш ўртоғингизни улушидан махрум қилиш қонунда назарда тутилмаган. Эр-хотиннинг умумий мол-мулкка доир ҳуқуқи уларнинг хар бири уни харид қилишга қўшган хиссаси миқдоридан қатъий назар тенгдир.

«ЯНА ҚАРЗ БЎЛДИММИ?!»

— 2 нафар фарзандимга алимент тўлайман. 2021 йил иш юзасидан хизмат сафарига кетишимга тўғри келганда, 5 йиллик алимент суммасини ўша вақтдаги иш ҳақимдан келиб чиқиб тўлаб берганман. Ҳозирда чет элда ишлайман. Яқинда онам қўнғироқ қилиб, МИБдан алиментдан қарзим борлиги тўғрисида хат келганини айтди. Суриштирсам, собиқ қайнонам алиментни ҳозирги иш жойимга қаратишни сўраган экан. 5 йилликни олдиндан тўлаб берган бўлсам, қандай қилиб қарз бўлган бўлишим мумкин? Шунга аниқлик киритишда ёрдам берсангиз.

Исми сир тутилди

Гўзал АБДУРАХМАНОВА, Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси:

 

— Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 6 октябрдаги 808-сонли Қарори билан тасдиқланган Низомнинг 26-бандига кўра, сизнинг иш ҳақингиз ёки бошқа даромадингиз олдиндан тўланган алиментлар суммасига нисбатан кўпроқ миқдорда тўлаш имконини берса, турмуш ўртоғингиз фарзандларингиз таъминоти учун алиментлар олдиндан тўланган давр якунлангунга қадар қарздор учун алимент мажбуриятларининг умумий тартибини белгилаш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилишга ҳақли.


Бунда мазкур ариза суд томонидан суд қарорларини ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш бўйича белгиланган тартибда кўриб чиқилади.


Алимент мажбуриятларини умумий тартибда белгилаш тўғрисидаги ариза қаноатлантирилганда, олдиндан тўланган алимент тўловлари қайтарилмайди, умумий тартибда тўланиши лозим бўлган алимент ҳисобига ўтказилади. Бунда давлат ижрочиси томонидан мажбурий ижро чоралари умумий тартибда қўлланилади.


Шу боис, қайнонангиз эмас балки турмуш ўртоғингиз ўзи томонидан алимент мажбуриятларини умумий тартибини белгилаш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилган ва низо суд тартибида кўриб чиқилиб, ариза қаноатлантирилганидан сўнггина мажбурий ижро бўлими ижрочиси томонидан умумий ижро этиш чораларини қўлланилиши мумкинлиги ҳақида тушунтирилади.


Оила кодексининг 145-моддасига кўра, алимент тўлаши шарт бўлган шахс доимий яшаш учун ёки уч ойдан ортиқ муддатга чет давлатга кетаётганида қонунга мувофиқ ўзи таъминот бериши лозим бўлган алимент олувчилар билан ушбу Кодекснинг 130-134-моддаларига асосан алимент тўлаш тўғрисида келишув тузиши шарт.


Вояга етмаган болалар таъминоти учун алиментлар олдиндан тўланган ёки алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш учун гаров шартномаси тузилган бўлса, шахс алимент тўлаш тўғрисида келишув тузиш мажбуриятидан озод этилади.


Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 6 октябрдаги “Алиментларни олдиндан тўлаш, шунингдек, алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров шартномаси тузиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 808-сонли Қарори билан тасдиқланган Низомнинг 25-бандида, алиментларни олдиндан тўлаш болалар вояга етгунга қадар амалга оширилган тақдирда, мазкур ижро ҳужжати бўйича ижро ишини юритиш тамомланмайди.


Алиментлар олдиндан тўланган давр якунланганда, шунингдек, суднинг ижро ҳужжатини ижро этиш усули ва тартиби бекор бўлганда мажбурий ижро чоралари умумий тартибда амалга оширилади.

«ЭРИМДАН ФАМИЛИЯМНИ ҚАЙТАРИБ ОЛМОҚЧИМАН»

— 2014 йил турмушга чиққанман. 2 нафар фарзандим бор. Тўйдан олдин «ЗАГС»га ариза топширганимизда эрим мени фамилиямга ўтган, паспортини ҳам шунга мос ўзгартирган. Кейинроқ унинг Россиядан депортация қилингани, фамилиясини ўзгартирмаса қайтиб четга чиқолмаслигидан хабар топдим. Қайнонамнинг муқим бошпанаси бўлмагани учун эримни тоғасиникида яшаганмиз. 2020 йилдан бери онамкидаман. Шу кунларда ажрашишга бермоқчиман. Судда эримдан фамилиямни қайтариб олсам бўладими?

Исми сир тутилди.

Мурожаатга фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди судьяси Зулфия НУРАЛИЕВА жавоб берди:

 

— Никоҳ тузиш вақтида эр ва хотин ўз хоҳиши билан эри ёки хотинининг фамилиясини умумий фамилия қилиб танлайди ёки уларнинг ҳар бири никоҳгача бўлган ўз фамилиясини сақлаб қолади.


Эр ва хотиндан бирининг ўз фамилиясини ўзгартириши бошқасининг ҳам фамилияси ўзгаришига олиб келмайди.


Никоҳга кириш вақтида ўз фамилиясини ўзгартирган эр (хотин) никоҳдан ажратилгандан кейин ҳам шу фамилияда қолишга ҳақли. Бироқ, унинг хоҳишига биноан никоҳдан ажратиш тўғрисидаги қарор чиқарилаётганда суд томонидан унга никоҳгача бўлган фамилияси қайтарилиши мумкин. Агар мазкур масала суд томонидан қарор чиқариш пайтида ҳал қилинмаган бўлса, фамилияни ўзгартириш фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органи томонидан никоҳдан ажралишни қайд этиш пайтида ҳал этилади.


Эр-хотиндан бирининг никоҳгача бўлган фамилиясини қайтариш тўғрисидаги истаги никоҳдан ажралиш ҳақидаги аризада кўрсатилиши лозим.


Суд ҳокимияти чиқарган хужжатлар барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва фуқаролар учун мажбурийдир.

18 НАФАР ШАХС ЖАЗОНИ ЎТАШДАН МУДДАТИДАН ОЛДИН ОЗОД ҚИЛИНДИ

Хабарингиз бор, Тошкент шаҳар суди ва Тошкент шаҳар маъмурий суди томонидан ҳуқуқий жиҳатдан кўмакка муҳтож фуқаролар учун жойларда доимий равишда сайёр қабуллар ташкил этиб келинади. Бугун, 21 сентябрдан бошлаб, мазкур судлар томонидан фуқароларнинг вақти ва нақдини тежаш мақсадида яна сайёр қабулларни ўтказиш бошланди. Бу дегани судьялар ҳар бир туманга борган ҳолда фуқароларнинг суд-ҳуқуқ масаласидаги мурожаатларига қулоқ тутишади.

Судьяларнинг илк манзили Яшнобод туманидаги “Беҳизор” маҳалла фуқаролар йиғини бўлди. У ерда ўтган сайёр қабулда Тошкент шаҳар суди раиси Эркин Ходжакулов, Тошкент шаҳар маъмурий суди раиси Улуғбек Алмамедов, Тошкент шаҳар суди раис ўринбосарлари — фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Шуҳрат Аббасов, жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Акбарали Турабов, иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси Мақсудбек Саидов, Тошкент туманлараро маъмурий суди раиси Сухроб Юлдошев, фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро суди раиси Беҳзод Сагатов, жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди раиси Аброр Саидов ҳамда судьялари фуқароларнинг мурожаатларини қабул қилишди.

Сайёр қабулда жами 74 нафар фуқаролар қабул қилинди. Қабул қилинган фуқароларнинг 42 нафари жиноят ишлари бўйича, 26 нафари фуқаролик ишлари бўйича, 3 нафари иқтисодий ишлар бўйича ва 3 нафари маъмурий судларга оид мурожаатларни ташкил этади.

Шундан 48 нафар фуқаронинг оғзаки мурожаати, 26 та фуқаронинг ёзма мурожаатлари қабул қилинди.

Жами 74 та мурожаатлардан 47 таси бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди, 27 та мурожаат жойида ижобий ҳал этилиб, мурожатлар қаноатлантирилди.

Шунингдек, жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди томонидан 18 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан олдин озод қилинди, 4 нафар манзил колонияда жазони ўтаётган фуқароларнинг жазоси енгилроғига алмаштирилиб, озодликни маҳрум қилиш жазосидан озод этилди.

Хусусан, жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди судьяси Фаррух Эргашев раислигида 1996 йилда туғилган маҳкумнинг иши кўриб чиқилди.

— Жиноят кодексининг транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш жиноятни содир этганим боис айбдор деб топилиб, 2 йил муддатга ойлик иш хақининг 20 фоиз миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланганди.

 

Жазо муддатини ўташим учун 2021 йилнинг декабридан МЧЖда чилангар сифатида ишлай бошладим, шу кунга қадар жазо муддатини ўтаб келаётгандим.

 

Тошкент шаҳар суди томонидан ташкил қилинган сайёр қабулда эса ўрнатилган тартиб-қоидаларга риоя этиб, яшаш ва иш жойимдан ижобий тавсифланганим, ахлок тузатиш ишлари тариқасидаги жазонинг 8 ойини ўтаганим боис муддатидан олдин шартли равишда озод килиш тўғрисидаги тақдимнома суд томонидан қаноатлантирилди.

 

Жазони 1/3 қисмини ўтаганимни инобатга олиб, ўталмай қолган 1 йил 4 ой аҳлоқ тузатиш иши жазосидан муддатидан олдин шартли равишда озод килишгани учун судьядан миннатдорман, – деди жазодан озод бўлган маҳкум.

Маълумот ўрнида айтиб ўтамиз, Тошкент шаҳар суди ва Тошкент шаҳар маъмурий суди томонидан ўтказиладиган галдаги сайёр қабул эса 28 сентябрь куни соат 10:00 да Юнусобод туман фуқаролари учун бўлади.

“ДАВЛАТ БОЖИ БОР, УНИ ТЎЛАШГА ШАРОИТИМ ЙЎҚ”

— 2010 йилда уйимни кадастр қилганман. 2018 йилда бошқа бир одам шу уйни кадастр қилиб олган. Ҳамма жойга мурожаат қилганман. Судга берай десам, давлат божи бор, уни тўлашга шароитим йўқ.

Исми сир тутилди

— Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган талабга кўра, бино ва иншоотларга мулк ҳуқуқининг вужудга келишини ва бошқа шахсга ўтишини тасдиқловчи ҳужжатлар қуйидагилардан иборат:

 

  • — қурилиши (реконструкцияси) тугалланган бинолар ва иншоотларни фойдаланишга қабул қилиш далолатномаси;
  • — нотариал тартибда тасдиқланган бино, иншоотнинг олди-сотди шартномаси;
  • — бино ва иншоот бўйича топшириш-қабул қилиш далолатномаси билан бирга олди-сотди шартномаси;
  • — корхонанинг топшириш-қабул қилиш далолатномаси билан бирга нотариал тартибда тасдиқланган олди-сотди шартномаси;
  • — лизинг шартномаси;
  • — бино, иншоот, турар жойни ҳадя этиш тўғрисидаги нотариал тартибда тасдиқланган шартнома;
  • — бино, иншоот, турар жойни айирбошлаш тўғрисидаги нотариал тартибда тасдиқланган шартнома;
  • — турар жойни бошқа шахсга рента тўлови шарти билан ўтказилиши назарда тутиладиган нотариал тартибда тасдиқланган рента шартномаси;
  • — хусусийлаштирилган давлат биноси, иншооти, турар жойини мулк ҳуқуқини берувчи давлат ордери;
  • — нотариал тартибда тасдиқланган мерос қилиб олиш ҳуқуқи ва эр-хотинларнинг умумий мулки бўлган бино, иншоотнинг тегишли қисмига бўлган мулк ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳнома;
  • — кўчмас мулк объектини юридик шахсларнинг устав жамғармасига улуш сифатида бериш (турар жой объекти бўлса, нотариал тасдиқланган) шартномаси;
  • — кўчмас мулк объектини муассисга унинг улушини қайтариб бериш (турар жой объекти бўлса, нотариал тасдиқланган) сифатида шартномаси;
  • — суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишда кўчмас мулк объектини реализация қилиш бўйича аукцион натижалари ҳақида баённома;
  • — туман (шаҳар) қурилиш бўлимларининг тураржойни нотураржой тоифасига ўтказишга рухсати;
  • — туман (шаҳар) қурилиш бўлимининг нотурар жой биносини тураржой тоифасига ўтказишга рухсати;
  • — суд қарори ёки давлат ижрочисининг қарори ёхуд давлат ижрочиси томонидан тасдиқланган ундирувчи ва қарздор ўртасида тузилган бино ва иншоотни бериш далолатномаси.

 

Шунингдек, Конституцияга мувофиқ ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқларини, эркинликларини ва қонуний манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш кафолатланади.

 

Ҳар қандай манфаатдор шахс бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқи ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатини ҳимоя қилиш учун фуқаролик суд ишларини юритиш тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган тартибда фуқаролик ишлари бўйича судга (судга) мурожаат қилишга ҳақли.

 

Судга мурожаат қилишда даъво ариза процессуал қонун нормалари талабларига жавоб бериши лозим, яъни Фуқаролик процессуал кодексининг 189-191-моддаларида белгиланган тартибга риоя қилиш лозим бўлади.

 

Мазкур Кодекснинг 35-моддасига асосан иморатга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги, мол-мулкни хатлашдан чиқариш ҳақидаги, ер майдонидан фойдаланиш тартибини белгилаш тўғрисидаги даъволар иморат, мол-мулк ёки ер майдони жойлашган ердаги суднинг судловига тааллуқлидир.

 

Шу билан бирга, процессуал қонунчиликда судга мурожаат қилишда давлат божини тўлашни кечиктириш, бўлиб-бўлиб тўлаш ва уларнинг миқдорларини камайтириш йўл қўйилиши мумкинлиги белгиланган. Суд ушбу масалани ҳал қилишда ишда иштирок этувчи шахслар тўлашга қурби етмаслиги ҳолатларини тасдиқловчи ҳолатлар мавжудлиги ҳақидаги далилларни текшириши лозим:

 

МАСАЛАН: иш ҳақи (даромади), банкда маблағлари мавжудлиги, унинг эгалигида бўлган мулклар ҳақидаги маълумот, вояга етмаган фарзандлари, бошқа боқимандалари борлиги ва ҳ.к. тўғрисидаги маълумотлар.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, сизга кўчмас мулк жойлашган ҳудуддаги фуқаролик ишлари бўйича судга тегишли талабларни кўрсатган ҳолда даъво аризаси ҳамда тўлов қобилиятингиз мавжуд бўлмаса ушбу ҳолатни тасдиқловчи ҳужжатлар билан давлат божи тўлашни кечиктириш, бўлиб-бўлиб тўлаш ва уларнинг миқдорларини камайтириш ҳақидаги ариза билан мурожаат қилишингиз мумкин.

 

Анвар ЁРИЕВ,

Тошкент шаҳар судининг

фуқаролик ишлари бўйича судьяси

ОНАМДАН ҚОЛГАН УЙДА ҲАҚҚИМ БОРМИ?

— Оилада тўрт фарзанд эдик. Энг кенжаси бўлганим учун ака-опаларим онамдан қолган икки хонали квартирани менга хатлаб беришмоқчи эди. Аммо ўша пайтда катта опам рози бўлмаган. Турмушга чиққач ҳам фарзандларим билан онамнинг номида бўлган уйда рўйхатда турганмиз. 2003 йил ҳокимиятдан уй олиш учун «прописка»дан чиқдик. Икки йил олдин катта опам вафот этди. Ҳозир онамдан қолган уйда жияним оиласи билан яшаяпти. Уй ҳали ҳам онамнинг номида. Айтинг-чи, онамдан қолган уйда ҳаққим борми? Ҳатто меҳмон бўлиб боришимга ҳам рухсат беришмайди.

Исми сир тутилди.

Дурдона АБДУКАХАРОВА, Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси:

 

— Онангиздан қолган уйда ҳаққингиз бор. Онангиздан қолган уйга нисбатан тўрт нафар фарзандлари, вафот этган катта опангиз улушига унинг фарзандлари меросхўр бўладилар.

 

Мерос қабул қилингач, меросхўрларда онангиздан қолган уйдан фойдаланиш ҳуқуқи ҳам вужудга келади.

 

Фуқаролик кодекснинг 1117-моддасига кўра, мерос қолдирувчининг охирги доимий яшаб турган жойи мероснинг очилиш жойи ҳисобланади.

 

Ушбу кодекснинг 1135-моддасида, мерос қолдирувчининг болалари (шу жумладан фарзандликка олинган болалари), эри (хотини) ва ота-онаси (фарзандликка олувчилар) тенг улушларда қонун бўйича биринчи навбатдаги ворислик ҳуқуқига эга бўладилар. Мерос қолдирувчининг вафотидан кейин туғилган болалари ҳам биринчи навбатдаги ворислар жумласига кирадилар.

 

Хусусан, ФКнинг 11401-моддасига кўра, агар васиятнома бўйича ёки қонун бўйича ворисликка чақирилган меросхўр мерос очилганидан кейин уни қабул қилиб олишга улгурмасдан вафот этган бўлса, унга тегиши керак бўлган меросни қабул қилиб олиш ҳуқуқи унинг қонун бўйича меросхўрларига, агар барча мерос мол-мулк васият қилинган бўлса, унинг васият бўйича меросхўрларига ўтади (мерос трансмиссияси).

 

ФКнинг 1146-моддасига кўра, мерос очилган жойдаги нотариус меросхўрнинг илтимосига кўра унга меросга бўлган ҳуқуқи тўғрисида гувоҳнома бериши шарт.

 

Сизга мерос олиш учун низоли хонадон жойлашган ҳудуддаги нотариал идорага мурожаат қилишни маслаҳат берамиз.

 

Шу билан бирга, нотариал идора томонидан меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома бериш қонунда назарда тутилган асосларга кўра рад этилган тақдирда, бузилган ҳуқуқингизни ҳимоя қилиш юзасидан судга даъво ариза билан мурожаат қилишингиз мумкин.

ҚИМОР ЎЙИНИНИ ТАШКИЛ ҚИЛГАНЛАРГА ҚАНЧА МИҚДОРДА ЖАРИМА СОЛИНАДИ?

— Фарзандим компьютер орқали қимор ўйинида иштирок этиб, жуда кўп миқдорда пул ютказиб қўйди. Уйимизни сотишга мажбур бўлдик. Шу ўйинни ташкил қилганлар учун жавобгарлик борми?

Исми сир тутилди.

— 21 аср компьютер ва ахборот асри сифатида бутун дунёда ривожланиш даражасини анча тезлаштириб, деярли барча жабҳада унинг ўрни ва аҳамияти кундан кун ортиб бормоқда. Ишлар бажариш, хизматлар кўрсатиш соҳасида ҳам электрон савдо ва хизматлар айнан компьютер воситасида амалга оширилиши, ахборот алмашинувининг тезлашганлиги тараққиётни янги босқичга олиб чиқди.

 

Тараққиётнинг ушбу босқичида инсонлар жамият ва ўзлари учун фойдали мақсадларда ишлашаётган бўлишсада, айрим шахслар айнан компьютер ва интернет тизимидан ғараз мақсадларда, жумладан, турли террористик руҳдаги ғояларни тарқатиш, шу каби ташкилотларга жалб қилиш, фирибгарлик жинояти ва турли таваккалчиликка асосланган ўйинларни қонунга хилоф равишда ташкил этиш йўлида фойдаланишаётгани, бундан жуда кўплаб инсонлар ва оилалар жабр кўраётгани, ёшларнинг билиб-билмай жиноий йўли кириб қолишаётгани ачинарли.

 

Кейинги вақтларда ижтимоий тармоқларда қиморда ютқазиб қўйганлиги учун ўз жонига қасд қилганлик ҳолатлари ҳақидаги маълумотларга деярли ҳар куни дуч келмоқдамиз. Ҳозирда юртимизда интернет тармоғи орқали ўйналадиган “1xBET”, “MostBet”, “Marathonbet” каби таваккалчиликка асосланган ўйинлар шу даражада кенг тарқалдики, кўпчилик айни шу ўйинларда жуда кўп миқдордаги пул маблағларини ютқазишмоқда.

 

Қанча миқдорда жарима солиниши мумкин?

— Охирги вақтларда ижтимоий тармоқларда бу каби ҳолатларни муҳокама қилаётганлар орасида “қимор ёки бошқа таваккалчиликка асосланган ўйинларни ташкил қилганлик учун жавобгарлик белгиланганми?” деган саволни бераётганлар кўплаб учрамоқда.

 

Амалдаги қонунчиликка кўра, қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларда иштирок этганлик ҳамда уларни ташкил қилганлик учун ҳам маъмурий ва жиноий жавобгарлик назарда тутилган.

 

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 191-моддасида қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларда қонунга хилоф равишда иштирок этганлик шахснинг буюмлари, шунингдек ўйинга тикилган ҳамда ўйиндаги ютуқ бўлган пуллар, ашёлар ва бошқа қимматбаҳо буюмлар мусодара қилиниб, базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

 

Худди шундай ҳуқуқбузарликни маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этиш ёхуд вояга етмаган шахсни қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларда иштирок этишга жалб қилиш  ана шу ўйинлар буюмларини, шунингдек ўйинга тикилган ҳамда ўйиндаги ютуқ бўлган пуллар, ашёлар ва бошқа қимматбаҳо буюмларни мусодара қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

 

Қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш ёки ўтказиш учун телекоммуникация тармоқларида, шу жумладан Интернет жаҳон ахборот тармоғи провайдерлари томонидан хизматлар кўрсатиш ёки хизматлар кўрсатишга кўмаклашиш, тегишли дастурий таъминотдан нусха кўпайтириш, уни кўпайтириш, тарқатиш  компьютер ва бошқа ёрдамчи воситаларни, шунингдек ўйинга тикилган ҳамда ўйиндаги ютуқ бўлган пуллар, ашёлар ва бошқа қимматбаҳо буюмларни мусодара қилиб, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

 

Жиноий жавобгарлик ҳам мавжуд

— Бундан ташқари, қонунчилигимизда жиноий жавобгарлик ҳам мавжуд. Жиноят кодексининг 278-моддасида қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш учун жавобгарлик белгиланган. Ушбу модданинг 1-қисмида қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни қонунга хилоф равишда ташкил этганлик, ўтказганлик, шу жумладан ана шундай ўйинлар учун қиморхоналар ташкил этганлик учун етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.

 

Агар юқоридаги қилмишлар, такроран ёки хавфли рецидивист томонидан, уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилса етти йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

 

Миллий қонунчилигимизда вояга етмаганларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилганлиги туфайли ҳам ЖКнинг 278-моддасида вояга етмаган шахсни қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларга жалб қилганлик учун махсус норма белгиланган. Бундай қилмишни содир этган шахс базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

 

Бундан ташқари, қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш ёки ўтказиш учун телекоммуникация тармоқларида, шу жумладан Интернет жаҳон ахборот тармоғи провайдерлари томонидан хизматлар кўрсатиш, тегишли дастурий таъминотдан нусха кўпайтириш, уни кўпайтириш, тарқатиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан етмиш беш бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

 

Элбекжон ТУРҒУНБОЕВ,

Тошкент шаҳар судининг

жиноят ишлари бўйича судьяси  жавоб берди.

ЭРИМНИНГ НОМИДАГИ УЙНИ ҚАНДАЙ ҚИЛИБ МЕРОС СИФАТИДА РАСМИЙЛАШТИРИШИМ МУМКИН?

— Турмуш ўртоғим 1990 йилда чет элга чиқиб кетган, унинг қаердалиги тўғрисида умуман маълумот мавжуд эмас. Номига икки хонали квартира расмийлаштирилган. Нотариал идорасига меросни расмийлаштириш масаласида мурожаат қилганимда, уни вафот этганлигини суд орқали тасдиқлаш зарур деган фикрни билдиришди. Нима қилсам ҳаракатим тўғри бўлади, маслаҳат беринг.

Исми сир тутилди.

Ахрор СУЛАЙМОНОВ, фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг судьяси:

 

Шахснинг бедарак йўқолганлиги ҳақида қаерга мурожаат қилиши керак?

— Турмуш ўртоғингиз ҳақида 1990 йилдан бери бирор-бир маълумотларнинг мавжуд эмаслиги, унинг вафот этганлигини англатмайди. Авваламбор, унинг бедарак йўқолганлиги ҳақида Ички ишлар органларига ариза билан мурожаат қилишингиз лозим.

 

Агар турмуш ўртоғингизнинг қаердалиги ҳақида унинг яшаш жойида бир йил давомида маълумотлар бўлмаса, манфаатдор шахсларнинг аризасига мувофиқ суд бу фуқарони бедарак йўқолган деб топиши мумкин.

 

Қандай ҳолатда суд томонидан вафот этган деб эътироф этилади?

Бедарак йўқолган деб топилган фуқаронинг мол-мулкини доимий суратда бошқариб туриш зарур бўлса, бу мол-мулк суднинг қарорига мувофиқ васийлик ва ҳомийлик органи томонидан белгиланадиган ва ушбу орган билан тузиладиган ишончли бошқарув тўғрисидаги шартнома асосида иш олиб борадиган шахсга топширилади.

 

Агар фуқаронинг қаерда турганлиги ҳақида унинг яшаш жойида уч йил мобайнида маълумот бўлмаса, башарти у ўлим хавф солиб турган ёки муайян бахтсиз ҳодисадан ҳалок бўлган деб тахмин қилиш учун асос бўладиган вазиятларда бедарак йўқолган бўлиб, унинг қаердалиги ҳақида олти ой мобайнида маълумотлар бўлмаса, манфаатдор шахсларнинг аризасига мувофиқ суд уни вафот этган деб эълон қилиши мумкин.

 

Ҳарбий ҳаракатлар муносабати билан бедарак йўқолган ҳарбий хизматчи ёки бошқа фуқаро ҳарбий ҳаракатлар тамом бўлган кундан эътиборан камида икки йил ўтгандан кейин суд томонидан вафот этган деб эълон қилиниши мумкин.

 

Суднинг фуқарони вафот этган деб эълон қилиш ҳақидаги қарори қонуний кучга кирган кун вафот этган деб эълон қилинган фуқаронинг ўлган куни деб ҳисобланади.

 

Фуқарони вафот этган деб эълон қилиш бундай фуқаронинг ҳуқуқ ва бурчлари борасида унинг ўлими олиб келиши мумкин бўлган оқибатларни вужудга келтиради.

 

Вафот этган деб эълон қилинган фуқаро қайтиб келган ёки унинг қаерда турганлиги маълум бўлган тақдирда, уни вафот этган деб эълон қилиш ҳақидаги қарор суд томонидан бекор қилинади.

 

Кимлар биринчи навбатдаги меросхўрлари ҳисобланади?

Фуқаролик процессуал кодексининг 305-моддасига кўра, фуқарони бедарак йўқолган деб топиш ёки вафот этган деб эълон қилиш тўғрисидаги ариза манфаатдор шахс томондан бедарак йўқолган фуқаронинг охирги маълум бўлган яшаш жойидаги судга берилади. Суд фуқарони бедарак йўқолган деб топиш ёки вафот этган деб эълон қилиш тўғрисидаги аризани кўриб чиқишга қонунчиликда белгиланган муддатлар ўтганидан сўнг киришади. Аризада фуқарони бедарак йўқолган деб топиш ёки уни вафот этган деб эълон қилиш аризачига қандай мақсадлар учун зарур эканлиги кўрсатилиши, шунингдек фуқаронинг бедарак йўқолганлигини тасдиқлайдиган ёхуд бедарак йўқолган шахсга ўлим хавфини солган ёки у муайян бахтсиз воқеа туфайли ҳалок бўлган деб тахмин қилишга асос бўладиган ҳолатлар баён қилиниши керак.

 

Судья ишни суд муҳокамасига тайёрлашда бедарак йўқолган шахс тўғрисида кимлар (қариндош-уруғлари, бирга ишловчилар ва бошқалар) маълумот бера олиши мумкинлигини аниқлайди. Шунингдек, бедарак йўқолганнинг маълум бўлган сўнгги яшаш жойи ва иш жойидаги тегишли ташкилотлардан (ички ишлар органларидан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан) бедарак йўқолган шахс тўғрисида бор маълумотларни сўраб олади.

 

Фуқарони бедарак йўқолган деб топиш тўғрисидаги ёки фуқарони вафот этган деб эълон қилиш ҳақидаги ишлар албатта прокурорнинг иштирокида кўрилади.

 

Суднинг фуқарони вафот этган деб эълон қилиш тўғрисидаги ҳал қилув қарори фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органининг фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш дафтарига мазкур фуқарони вафот этган деб ёзиб қўйиш учун асос бўлади.

 

Агар турмуш ўртоғингиз вафот этган деб эълон қилинган тақдирда, сиз Фуқаролик кодексининг 1135-моддасига асосан, мерос қолдирувчининг болалари (шу жумладан фарзандликка олинган болалари), ота-онаси (фарзандликка олувчилар) билан биргаликда тенг улушларда қонун бўйича биринчи навбатдаги меросхўрлари ҳисобланасизлар.

КЕЛИНИМ БИЗ БИЛАН ЯШАМАЯПТИ. УНИ “ПРОПИСКА”ДАН ЧИҚАРА ОЛАМАНМИ?

— Келиним уйдан кетиб қолган. Ажрашмоқчи. “Яшамасанг, яшама”, деб уни “прописка”дан чиқаришга қарор қилдим. Уй менинг номимда. Шундай қилишга ҳаққим борми?

Исми сир тутилди.

Мансур ИМОМОВ, фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро суди раиси:

 

— Уй-жой кодексининг 52-моддасига мувофиқ, уйда доимий яшаётган фуқаролар вақтинча бўлмаганларида турар-жой олти ой муддат давомида унинг ҳисобида сақланади.

 

Шахснинг белгиланган муддатдан ортиқ давр мобайнида уйда бўлмаслиги оқибатида турар-жойдан фойдаланиш ҳуқуқи манфаатдор шахсларнинг даъвоси бўйича суд йўли билан йўқотган деб топилиши мумкин.

 

Агар келинингиз олти ойдан ортиқ давр мобайнида узрли сабабларсиз уйда яшамаётган бўлса, сиз уни турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган, деб топиш ҳақидаги даъво аризаси билан фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилишингиз мумкин.

Skip to content